Қадринг баланд бўлсин, она тилим!

2020-10-23T10:07:49+00:0023 Oktabr, 2020|Сирдарё вил.|

Ўтган йили ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан Президентимиз “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чеккан эдилар. Унга биноан, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланганди. Жорий йил мамлакатимизнинг барча гўшаларида ушбу сана расман байрам сифатида кенг нишонланди.

21 октябрь куни Гулистон шаҳридаги “Билимдонлар маскани”га вилоятимизнинг зиёлилари, ҳарбийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари тўпланишди. Улар ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк бобомиз Мир Алишер Навоийнинг муаззам ҳайкали пойига анвойи гуллар қўйишди. Байрам қатнашчиларини вилоятимиз ҳокими Ғофуржон Мирзаев қизғин табриклади. Нотиқ  1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги Қонун мустақиллигимиздан мужда берган энг муҳим ҳужжат эканлигини алоҳида таъкидлади. Сирдарёда бу байрам Алишер Навоий ҳайкали қошида ўтказилаётганида катта ҳикмат борлигини алоҳида урғулади. Вилоятимиз ҳокими сўнгги йилларда Юртбошимиз раҳнамолигида Сирдарёда улкан ўзгаришлар рўй берганлигини  зўр мамнуният билан тилга олди.

Байрамнинг бадиий қисми Олим Хўжаев номли вилоят театрида бўлиб ўтди. “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида ўтган театрлашган томошада тилимиз равнақи, уни ҳаётга жорий этишда жонбозлик кўрсатган буюк салафларимизнинг хизматлари саҳна кўринишларида ўз ифодасини топди.

Томоша ҳазрат Навоийнинг дилбар қўшиқлари билан очилди. Вилоят мақом дастаси хонанда ва созандалари ҳазрат ғазалларига жон бағишладилар. Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари Эркин Воҳид, Абдулла Ориф, Ҳалима Худойбердиева ҳамда Муҳаммад Юсуфларнинг она тилимизни улуғловчи шеърларини ёд ўқишди.

Вилоят театри актёрлари ижросида Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” драмасидан парча намойиш қилинди. Саҳнага маърифатпарвар боболаримиз Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон ва Абдулла Авлонийлар кўтарилдилар. Улар йиғилганларга тилимиз, миллатимиз маънавиятини юксалтиришга доир ҳикматларини тақдим этдилар.

Саҳнада Президентимизнинг қуйидаги пурмаъно сўзлари янгради. “Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”.  Саҳнада бешик тебратиб куйлаган  она алласи, Гулистон туманининг “Сайхун йигитлари” фольклор дастаси ижросидаги халқона термалар, бахшиёна айтишувлар, мақом ансамблининг қўшиқ ва яллалари Юртбошимиз фикрларига  эш бўлиб жаранглади. Бу чиқишларга вилоятимиздаги рус ва қозоқ миллий маданий маркази аъзоларининг  дилбар куй ва рақслари уланиб кетди.

Сирдарёликларни мамлакатимиз пойтахтидан ташриф буюрган киноактриса Мукаррама Бекмуродова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тожибар Азизовалар қизғин қутладилар. Тожибар Азизованинг мумтоз қўшиқлари барчага манзур бўлди.

Байрам баҳонасида вилоятимизда ижод қилаётган ёш ҳунармандлар, ўймакор усталар, мусаввирлар ва ҳайкалтарошлар ижод намуналаридан тартиб берилган  кўргазма ташкил этилди. Энг фаол ижодкор ёшлар байрам ташкилотчиларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Диққатимизни ҳазрат Мир Алишер Навоий портретини ишлаган ёш мусаввирнинг яратиғи ўзига тортди. Унинг муаллифи Гулистон шаҳридаги 1-Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Сейдамет Аблякимов экан.

—Мазкур асаримни икки соат орасида шу ерда чиздим, — дейди Сейдамет. —Алишер Навоий ўзбек адабий тилининг асосчиси эканлигини сабоқларимизда ўтганмиз. Ул зотга муҳаббатимни камтарона ишимда кўрсатишга ҳаракат қилдим.

Гулистонда Ўзбек тили байрами ана шу тарзда зўр кўтаринкилик билан ўтди. Барча-барча давлатимиз тилига ўз меҳр-муҳаббтини изҳор этди. Зеро, диёримизда яшаётган барча миллат ва элатларни мана шу тил бирлаштириб турибди. Бас, шундай экан ҳар биримиз ўзбек тилини эъзозлашимиз, ҳурмат қилишимиз жоиз. Бу исбот талаб қилмайдиган оддий ҳақиқатдир.

Муҳаммадали АҲМАД.

Тасвирларда: Гулистонда ўтган Ўзбек тили байрамидан лавҳалар.

Муҳаммад КАРИМ олган суратлар.