Республика оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар Сирдарё вилоятида

2020-10-23T10:09:08+00:0023 Oktabr, 2020|Сирдарё вил.|

Яқинда Сирдарё вилоятида Республика оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида медиатур ўтказилди.

Илк манзил Сирдарё туманидаги “SIRDARYO-MEGA-LUKS” қўшма корхонаси бўлди.

Полипропилен қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма корхона 272,0 млн дона қоп ишлаб чиқариш қувватига эга. Лойиҳа қиймати 30 млн. АҚШ долларига тенг. Яратилган иш ўрни эса 1500 тани ташкил этади.

Корхона қурилиши учун 32,0 га ер майдони ажратилган. Корхонага Австрия давлатидан ускуналар олиб келинган ва бугунги кунда ўрнатиш монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Корхона йил бошидан буён 3.277 минг АҚШ доллари миқдорда маҳсулот экспорти амалга оширилган.

Навбатдаги манзил Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласида жойлашган “Sardoba Oqsaroy Tekstil” МЧЖ тикув трикотаж махсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси бўлди.

Жорий йилнинг октябрь ойи бошида иш бошлаган корхонанинг умумий лойиҳа қиймати 35,2 млрд.сўмни ташкил этади.

Корхонада 500 нафар аҳоли бандлиги таъминлаган бўлиб, йилига 1,4 млн дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Туркия давлатидан жами 2,5 млн. долларлик ускуналар ўрнатилган мазкур корхонанинг умумий ер майдони 1,5 гани ташкил этади. «Саноатқурилишбанк» томонидан корхонага ажратилган 2,5 млн долларлик кредит маблағлари йил якунида тўлиқ ўзлаштирилади.

Тадбир қатнашчилари Мирзаобод тумани “Навбаҳор” маҳалласида қад ростлаган кўп қаватли уйлар ва яқиндагина фойдаланишга топширилган иссиқхона фаолияти билан танишишди.

Навбаҳор маҳалласи ҳудудидаги 3,4 гектар майдонида 116,6 млрд. сўмлик 9 та 5 қаватли 1 подъездли 360 хонадонли уй-жойлар қурилган бўлиб, хонадонларнинг 3 хоналиси – 68 кв.м ташкил этади.

Аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш учун электр энергия, табиий газ, ичимлик ва оқова сув таъминоти билан таъминланиб, кириш йўлларига асфалт ётқизилган.

Турар жой мажмуасида 1 та маҳалла биноси, 3 та болалар майдончаси қуриб фойдаланишга топширилган.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабарига кўра, «Янги Тошкент» маҳалласи пресс-тур доирасидаги сўнги манзил бўлди.

Оқолтин туманидаги “Янги Тошкент” маҳалласида 130 та бетон-панелли уй-жойда таъмирлаш тиклаш ишлари бажарилиб, 200 дан зиёд оиланинг яшаш шароити яхшиланди. Маҳалланинг ҳар бир кўчасига Тошкент шаҳрининг туманлари номи берилди.

Бу ерда маҳалла гузари, кутубхона, болалар майдончаси, спорт комплекси барпо этилган. Ички йўллар қурилиб, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сув таъминоти тикланган.

“Янги Тошкент” маҳалласи 8 та кўчали қилиб қурилди. Маҳаллада 135 та хонадон қайта қад ростлади. Ҳозир бу ерда 1200 дан зиёд аҳоли яшамоқда.

Шунингдек, ҳудуддаги 130 ўринли 5-мактабгача таълим муассасаси, 150 ўринли мактаб биноси ҳам қайта таъмирланди.

Анжуман қатнашчилари вилоятда қисқа давр ичида бўлган бунёдкорлик ишларидан мамнун бўлдилар.

 

 Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.