Форишда маданият маркази очилди

2020-10-23T05:39:28+05:0023 Oktabr, 2020|Жиззах вил.|

Кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар барча жабҳада бўлаётгани каби, маданият соҳасида ҳам амалга оширилмоқда. Соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани, маданият муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида қатор ишлар бажарилаётир. Тарихий ва маданий меросимизни сақлаш ҳамда уни ёш авлод тарбиясида кенг қўллашга катта эътибор қаратилаяпти.

 

Айниқса, миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз онгига сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш ва шу асосда халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш муҳим вазифа бўлиб бормоқда. Бу борада биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Миллий маданиятни янада ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қатор имкониятларни беради. Унда аҳоли, жумладан, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва кенгайтириш зарурлиги белгиланган. Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, маданиятни янада кенг тадқиқ ва тарғиб этишда инновацион ғоялар ҳамда технологиялардан самарали фойдаланиш кераклиги кўрсатилган.

Шунингдек, фуқароларнинг, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирок этиши ва маданий хизматлардан фойдаланишда ижтимоий тенглигини таъминлашда вилоятларда фаолият кўрсатаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари негизида маданият марказлари ташкил этилиши белгиланган.

Қарорга мувофиқ, республикамизнинг барча ҳудудларида маданият марказларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш уларни қайта реконструкция қилиш кўзда тутилган. Шунга кўра, бу йил Фориш туманидаги маданият маркази қайта таъмирдан чиқарилиб, жиҳозланди. Бунинг учун 2 миллиард 700 минг сўм маблағ ажратилди. Яқинда бинонинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Меҳмонлар туманнинг “Боғдон гуллари” фольклор этнографик ансамбли ва “Кичкинтой” халқ ҳаваскорлик қўғирчоқ театрининг томошалари билан кутиб олинди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этиб, марказда ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик жамоалари, ижодий тўгараклар фаолияти, шунингдек, марказда яратилган имконият ва шароитлар билан танишди. Улар олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, тегишли тавсиялар бериб ўтди. Маданият вазири “Устоз-шогирд” анъаналарига мувофиқ, тўгарак иштирокчилари билан “Жон Ўзбекистон” қўшиғини биргаликда ижро этишди.

Мазкур марказда бугунги кунда “Фориш ўлкашунослик музейи”, кутубхона, вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси туман бўлимининг филиали жойлашган. Шунингдек, ҳудудда 5 ташаббус ижроси, Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича туман ҳокимлиги томонидан марказдаги тикувчилик хонасига 15 дона “Жуита” тикув машиналари берилган бўлиб, яқин кунларда ишга туширилиши режалаштирилган.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

(Жиззах вилояти)