ИИВ журналистлар ва жамоатчилик билан ҳамкорлик меморандумини тасдиқлайди

2020-10-23T05:36:30+05:0023 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Кечаги Сенат ялпи мажлисида сенаторлар қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилишди. Мажлисда сенаторлар парламент сўровида кўтарилган айрим муаммоли масалаларни Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан бартараф этиш чораларини кўриш кераклигини таъкидлади.

Жумладан, Ички ишлар вазирлиги томонидан бир ой муддатда БМТнинг 1984 йилдаги Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенцияси ҳамда Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига қатъий амал қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини тасдиқлаш зарурлиги белгиланди.

Яна бир жиҳат, Бош прокуратура ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳамкорликда тергов ҳибсхоналари, озодликдан маҳрум этиш жойлари ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда хизмат олиб борувчи ходимларининг қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи хатти-ҳаракатларининг барвақт олдини олиш ҳамда қонунчилик бўйича билим савияларини ошириш, касбий малакаси ва амалий кўникмаларини шакллантириш бўйича 2021 йилга мўлжалланган қисқа муддатли ўқув дастури ишлаб чиқиш муҳимлиги билдирилди.

Қолаверса, 2021 йил якунига қадар барча ҳудудий тергов бўлинмаларида сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус тергов хоналари ташкил этиш зарурлиги борасида сўз юритилди. Шунингдек, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ҳам тегишли топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашларига ҳар чоракда тегишинча ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларининг ўз фаолиятлари тўғрисидаги ахборотларини эшитишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан содир этилган қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз жазо турларини қўллаганлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратиш ва муҳокама қилиб бориш тавсия этилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

(Манба: Korrespondent.uz)