Ватанпарварлик сабоқлари

2020-10-23T05:28:05+05:0023 Oktabr, 2020|Жиззах вил.|

Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда Мудофаа вазирлиги давлат ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўлими ҳамда жамоатчилик кенгаши вакиллари иштирокида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда фахрийлар, ҳарбийлар, ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, спортчилар, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари қатнашдилар.

Дастлаб тадбир қатнашчиларига вилоят “Тадбиркор аёл” ассоциацияси, “Ҳунармандлар” уюшмаси ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари томонидан тайёрланган ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси намойиш этилди. Сўнгра иштирокчилар ҳарбий хизматчилар оилалари қатнашаётган турли тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

—Юртбошимизнинг бешта ташаббуслари доирасида ҳарбий қисмларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, —дейди Жиззах гарнизони бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Лутфулла Жалолов.—Бугунги тадбирда нафақат ёшлар, балки захирадаги офицерлар, таниқли адиблар, тадбиркорлар, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари иштирок этишаяпти. Мақсадимиз ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, касб-ҳунар ўргатиш, замонавий технологияларни пухта ўргатиш, маънавиятини янада юксалтиришдан иборат. Энг муҳими ватанпарварлик—олий фазилат эканлигини ёшлар онгига сингдириш. Ушбу тадбирлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилди. Маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, майор Раҳмонжон Ачилов, ҳарбий қисмдан майор Умид Дидабоев, маънавият ва маърифат бўйича маслаҳатчи, Қуролли Кучлар хизматчиси Аброр Мелибоевларнинг хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Шу куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Адиблар билан учрашув” мавзусида ҳарбий хизматчиларнинг вилоятимизда яшаб ижод қилаётган ёзувчи ва шоирлар билан учрашуви ўтказилди. Бундан ташқари, вилоят “Истиқлол авлоди” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг “Аёлларнинг ижтимоий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш” мавзусидаги презентацияси ZOOM орқали ташкил этилди.

Жиззах гарнизони ҳарбий қисмлари ўртасида “Энг яхши ҳарбий китобхон оила” кўрик-танлови, “Жиззах таомлари фестивали”, ҳарбийлар ўртасида стол тенниси, баскетбол ва ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари иштирокида “Қувноқ эстафета” мусобақалари бўлиб ўтди. Ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари барчада ёрқин таассурот қолдирди.

—Ҳарбий қисмлардаги шароитларни кўриб одамнинг ҳаваси ортади,—дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари Бахром Жўраев.—Замонавий бинолар, компьютер технологияларини бизлар илгари орзу қилардик, холос. Ҳозир ҳамма шароитлар яратилган. Ҳарбийларимизнинг оилалари учун барча зарур шароитлар муҳайё этилган. Эндиги вазифа фақат ёшларимизни илмли, касб-ҳунарли қилиб тарбиялашдан иборат. Юртбошимизнинг бешта ташаббусларининг мазмун-моҳиятида ана шу мақсад мужассам.

Тадбир якунида фаол ҳарбий хизматчилар ва уларнинг аъзолари рағбатлантирилди.

Шу куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм билан ҳамкорликда ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларни билим савияси ва дунёқарашини кенгайтириш, уларда она Ватанга бўлган муҳаббат туйғусини шакллантириш мақсадида “Ҳарбий қисмда бир кун” лойиҳаси бўйича тадбир ўтказилди.

Шундан сўнг ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ва қизиқишларини ўрганиш мақсадида семинар тренинг ташкил этилди. Тренинг давомида интерактив ўйинлар ва “Лидерлик сирлари”, “Мақсадга эришиш” мавзуларида тушунчалар бериб ўтилди. Кун давомида спорт мусобақалари ва семинар тренингларда фаол иштирок этган ёшларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан китоблар жамланмаси ва эсталик совғалари топширилди.

Васил ИЛЁСОВ.

Жиззах вилояти (“Жиззах ҳақиқати”)