«Миллий тилни йўқотмак, миллатнинг руҳини йўқотмакдур»

2020-10-22T07:05:53+05:0022 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Дунёда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб кетмоқда. Уларниг йўқолиши эса бутун бошли маданий ва интеллектуал мероснинг ҳам йўқолишига олиб келмоқда.

Собир ТУРСУНОВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,

педагогика фанлари доктори

Тил байрами ўзбек тилини она тили сифатида биладиган, ана шу тилда тилим чиққан, уни бошқа тилларга қараганда кўпроқ яхши кўрадиган, шу миллат вакилиман деган юртдошларимиз учун энг улуғ байрамлардандир. Зеро, халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу – унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.

 

Она тилимизнинг бугунги қадр-қиммати ва нуфузи юксалаётгани, унинг ривожи йўлида давлат сиёсати даражасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани барчамизни қувонтиради. Хусусан, 10 апрель куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида»ги қонуннинг имзолангани, унга кўра 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгилангани барчамизни қувонтирди. Бу янгиликни эшитган, ўқиган борки, барча бир бирини табрикади. Чунки ҳамма давлатларда ҳам она тили алоҳида байрам сифатида нишонланмайди. Ўзбеклар ана шундай бахтга муяссар бўлганидан фахрланиши керак.

 

Тўғри, дунёда тиллар кўп, айрим манбаларда таъкидланишича, жаҳон халқлари 7 000 га яқин тилда мулоқот қилишади. Дунёда саноқли давлатлар, хусусан, 14 март Эстонияда (1996), 20 март Францияда (2010), 9 апрель Финляндияда (1980), 20 апрель Хитойда (2010), 23 апрель Англия ва Испанияда (2010), 15 май Осетияда (2003), 6 июнь Россияда (2011), 1 август Озарбайжонда (2001), 31 август Молдавияда (1989), 20 сентябрь Қозоғистонда (1998), 23 сентябрь Қирғизистонда (1989), 9 октябрь Жанубий Кореяда (1945), 9 ноябрь Украинада (1997) тил байрами сифатида нишонланади. Бироқ, ЮНЕСКО маълумотига кўра, дунёда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб кетмоқда. Уларниг йўқолиши эса бутун бошли маданий ва интеллектуал мероснинг ҳам йўқолишига олиб келмоқда.

 

Шу ўринда буюк маърифатпарвар олим Aбдулла Aвлоний «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак, миллатнинг руҳини йўқотмакдур», деган сўзлари нақадар ҳақиқатлиги бугун ўз исботини топмоқда.

 

Ана шундай шароитда мамлакатимизда давлат тилининг нуфузини ошириш борасидаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, бу масалага шахсан давлат раҳбари алоҳида эътибор қаратаётгани катта аҳамият касб этади. Чунончи, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ юксак минбаридан туриб ўзбек тилида сўзлаган тарихий маърузаси қалбларимизга фахр ва ифтихор туйғуларини бериш билан бирга, тилимизнинг халқаро майдонда эътироф этилаётганини англатади. Ҳар бир ватандошимиз тафаккурида миллий ўзлигимиз тимсоли, миллатнинг руҳи ва орзу-умидларининг ифодаси бўлган она тилимизга сўнмас муҳаббат жўш урсагина, ўзбек тили нафақат юртимизда, балки бутун дунёда ўзининг муносиб мавқейини эгаллайди.

 

Юртбошимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилашда муҳим қадам бўлди.

 

Фармоннинг давлат фуқаролик хизматида аҳамиятли томони шундаки 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланиши ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этиладиган бўлди.

 

1989 йил 21 октябрь куни «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Тан олишимиз керак, ўтган давр мобайнида ушбу сана арафасида ўзбек тилининг мақомини, нуфузини ошириш борасидаги гап-сўзлар эслаб қолинарди. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Сўнгги йилларда ўзбек тилининг нуфузини ошириш борасидаги талаб ва таклифлар «мавсум» танламай қолди. Бунга албатта, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармонининг қабул қилингани ва ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этди.

 

Шу нуқтаи назардан айтадиган бўлсак, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун бу гал ҳар йилгидан-да шараф ва эҳтиром руҳида кутиб олинмоқда. Айниқса, Давлатимиз раҳбарининг ўзбек тили байрами муносабати билан халқимизга йўллаган табриги барчага фахр-ифтихор бағишламоқда. Кўча-кўйда, корхона ва ташкилотларда, хонадонларда барча бир бирларини байрам билан қутлашмоқда. Бу она тилимизга бўлган юксак эътибор ифодаси бўлди.

ЎзА