Давлат тили қонунларда яшаши керак

2020-10-22T04:58:15+05:0022 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Мамлакатимизда ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш, норма ижодкорлигини кенгайтириш, бозор иқтисодиёти қонуниятларига тўлиқ жавоб берадиган, тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, ҳар қандай ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар ҳуқуқ нормаларга асосланади. Давлат бошқаруви норма ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш орқали рўёбга чиқади. Норма ижодкорлиги фаолияти ўзига хос, мураккаб жараён бўлиб, ҳуқуқ нормаларининг ҳаётий ва халқчил бўлиши айнан мазкур жараёнга бевосита боғлиқ. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 8 август куни “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5505 фармонининг қабул қилиниши муҳим воқеа ҳисобланади. Фармон билан “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси” ва “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси” ҳам тасдиқланган.

Концепция асосида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг сифати ошмоқда, уларни тартибга солишдаги аҳамияти кучаймоқда. Ҳуқуқий коллизияларга, яъни нормалар тўқнашувига, нормаларни қўллашда турлича талқин қилиш ҳолатларига барҳам берилаяпти, норматив-ҳуқуқий хужжатларни қабул қилишда жамоатчилик фикри ҳам олинмоқда. Айни пайтда, қонун ҳужжатлари лойиҳаларида иқтисодий, молиявий, илмий, гендер, экологик, лингвистик экспертизаларни ўтказиш механизмлари, шунингдек коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш тартиби қонун даражасида мустаҳкамланган.

Концепцияда муҳим устувор йўналишлар сифатида фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, тадбиркорлик субъектлари ва илм-фан вакилларини жалб этиш ишларини самарали ташкил этиш орқали норма ижодкорлиги жараёнига жамоатчилик муҳокамаларининг таъсир даражасини ошириш, ҳуқуқий коллизиялар, ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилишнинг олдини олиш, икки ва ундан ортиқ тилларда тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари матнларининг ўзаро

2020 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармон билан “2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси” ва “2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари” тасдиқланди. Асосий йўналишларда 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, кирилл ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида кўп жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг тўлдирилган янги нашрини чоп этиш белгиланди.

Юқоридаги ҳужжатлардан кўриниб турибдики, ўзбек тилининг жаҳон миқёсида нуфузини кўтариш, уни халқаро тиллар даражасида муомалада бўлишига эришиш, халқаро мулоқот тилига айланиши йўлларини излаш, ўзбек тилини дунё миқёсида ўрганувчилар сонини кўпайтириш каби мақсадлар белгилаб олинган. Муаммолардан бири-бу ўзбек тилини давлат тили сифатида қонун ҳужжатларида ишчанлигини белгилашдир.

Сир эмаски, амалдаги қонун ҳужжатларининг ўзбек тилидаги матнида турли коллизиялар, яъни нормалар ўртасида тўқнашлар, зиддиятлар, қарама-қаршиликлар, ғализ тушунчалар, бошқа тиллардан кириб келган сўз ва атамалар борлиги кўзга ташланади.

Маълумки, қонун тили расмий тил ҳисобланади. Қонун ҳужжатлари матнининг бир қисми хорижий тиллардаги атамалардан иборатлиги, миллий менталитет ва урф-одатларимиз, турли ижтимоий муносабатларни тартибга солишда айрим қичинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Давлат раҳбарининг кейинги йиллардаги қатор ташаббуслари бу давлат тилида иш юритиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини амалга оширишда ўзбек тилини ишчи тил сифатида ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатида ишчанлигини таъминлаш мақсадида олдимизда лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар билан бир қаторда “Расмий сўзлар атамалар луғати”ни яратиш вазифаси турибди. Бунинг учун мустақиллик йилларида қабул қилинган 19 та кодекс, 728 та қонун ва минглаб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, инвентаризация қилиш, тизимлаштириш ишларини жадаллаштириш, бунинг натижасида истеъмолга кириб келган янги расмий сўзларни ажратиб олиш, халқаро доирада айланиб юрган атамалар базасини яратиш ва уларни ўзбек тили генезиси (илдизи)га асосан миллийлаштириш, янги қонун ҳужжатларини яратишда янги сўзларни фаол қўллаш лозим.

Қонун ҳужжатлари мантига биринчи марта киритилган янги сўзларнинг изоҳи, шарҳини бериш, бошқа тиллар билан қиёслаш орқали мазмунини тушунтириш олдимизда турган вазифалардан бўлиб қолаверади. Ривожланган давлатларда қонун ҳужжатлари тахминан 20-25 йилда инвентаризациядан ўтказилади, ғализ ва ижтимоий муносабатларда истеъмолда ишламаган атамалар чиқариб ташланган. Бу тадбир ўз навбатида давлатлар тилини расмий тил сифатида мақомини кучайтириш, тилни давлат ва халқаро муносабатлар тилига айлантириш, бошқа давлатларга янгидан яратилган атамаларни экспорт қилиш орқали ўз халқи манфаатларини кенгайтиришдан иборат.

Давлат тилини қонунларга сингдириш унинг ҳар қандай муносабатларни тартибга солишдаги иштироки, давлатнинг кучи, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашга хизмат қилади. Шунга кўра мамлакатимизда давлат тилини мустаҳкамлаш, унинг халқаро доирада нуфузини кўтариш учун аввало, қонун ҳужжатларида давлат тилининг расмий ҳужжатлар матнларини бойитиш, ихчам, ҳаммабоп, таъсирчан, амалда бир хил қўлланадиган аматалар базани шакллантириш, миллий сўз бойлигимизни кенгайтиришга боғлиқ.

Албатта, оммавий ахборот воситалари, журналистлар, филологлар ва ахборот манбаини яратиш ҳамда уни тарқатиш билан шуғулланиб келётганлар зиммасида катта вазифа турибди. Жамиятда тилнинг софлигини таъминлаш орқали тафаккурни юксалтириш миллатнинг келажаги ва давлатнинг бошқарувининг барқарорлигини таъминлайди, ҳар биримизда ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Гулнора Худайбердиева,

Тошкент давлат юридик университети

ихтисослаштирилган филиали доценти,

юридик фанлар номзоди