Эълон қилинмаган танлов

2020-10-21T09:15:03+05:0021 Oktabr, 2020|Наманган вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлими Ўзбек тили байрамини муносиб нишонлаш, оммавий кайфият кўтаринкилигини таъминлаш мақсадида олдиндан тараддуд кўриб, алоҳида тадбирлар режаси белгилаганди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбек тилини ривожлантириш департаменти билан ҳамкорликда вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларида Давлат тили тўғрисидаги қонун-хужжатларга риоя этилишини таъминлаш масалаларига доир эълон қилинган журналистик жанрлардаги мақолаларни назорат қилиб борди.

Уюшма вилоят бўлими бошқарув ҳайъати томонидан энг таъсирчан мулоҳаза таклиф ва таҳлиллар муаллифлари ҳомий ташкилотлар кўмагида моддий ҳамда маънавий рағбатлантириб борилди.

Вилоят ҳокимлигининг ижтимоий – сиёсий нашри “Наманган ҳақиқати”, “Наманганская правда” газета таҳририятлари, ҳамда бир қатор муаллифлар эътироф этилиб, рағбатлантириб борилди.

Таниқли публицист, академик-адиб ва таржимон Рустамжон Умматовнинг вилоят ва республика нашрларида, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги мавзуга доир чиқишлари, публицист, ёзувчи Темурбек Тўрабоевнинг илмий жамоатчилик ва тилшунос олимлар томонидан эътироф этилган “Теорема” роман эпопеяси, НамДУ профессори, филология фанлари доктори Носиржон Улуқов, Наманган ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири “Дўстлик” ордени соҳиби Акрамжон Сатторовларнинг Ўзбек тилининг Давлат тили мақомидаги ривожланиш истиқболларига доир мақолалари алоҳида эътирофга сазовор.

Ўзбек тили лексикологиясидаги саксон мингдан зиёд сўзларнинг истеъмолда фаол қўлланилаётган, шунингдек, изоҳли луғатлардагина сақланиб, янги сўз ва иборалар силсиласида кам қўлланилаётган туркумлари бўйича таклиф –мулоҳазаларни ўртоқлашиш юзасидан давра суҳбатлари, мулоқотлар ўтказилмоқда.

Уюшма вилоят бўлимининг Ўзбек тили байрами куни арафасидаги тадбири ўзига хос мазмун касб этди.

Нодирабегим номидаги вилоят ахборот кутубхона марказига таклиф этилган журналист-ижодкорлар, тарихчи, адабиётшунос ва тилшунос олимларнинг 10 нафари ҳайъат томонидан аниқланган ва омма эътирофига сазовор бўлган муаллифлар эди.

Олдиндан эълон қилинган алоҳида кўрик-танлов учун эмас, журналист ижодкорлар томонидан ёзилган тилимиз тақдири ва ривожланишига доир эркин ижод намуналари бор ва улар эътирофга муносиб. Шу маънода уюшма вилоят бўлими бошқарув ҳайъати

Қуйидаги ҳамюртларимизни тақдирлади:

Рислиқхон Мажнунова – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Наманган ҳақиқати” газетаси ахлоқ бўлими мудири(Маданиятсизлик, саводсизлик илдизлари –ўз тилини билмасликда”, “Юз ўгирилаётган ҳуснихат”, “Султон суягини хўрламас” мақолалари учун)

Баҳодир Мўминов – Наманган телевидениеси сиёсий шарҳловчиси (Ўзбек тилини ривожлантиришга доир ҳуқуқий меъёрлар тарғиботи учун)

Бахтиёр Исҳоқов – Фуқаролик жамиятини шакллантириш ва мониторинг қилиш институти маънавият тарғиботчиси, тарих фанлари номзоди (“Маънавият – тараққиёт мезони”, “Тарих- тарбия таянчи” публицистик китоблари учун)

Феруза Эргашева – Наманган вилоят телерадиокомпанияси “Олтин замин” радиоси катта муҳаррири (Сўзни ҳис этиш, нутқ маданиятига доир ҳам амалий, ҳам назарий фаолияти учун)

Гулчеҳра Муродова – “Репетитор” газетаси муҳаррири( Сўз қўллаш маданияти ва нуктадонлик мавзусидаги мақолалари учун)

Абдуқаҳҳор Раҳимов – Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги қонун-хужжатларга риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича Мингбулоқ тумани ҳокимининг маслаҳатчиси

Дилором Эргашева – Ижтимоий тармоқлардаги фаол тарғиботчилик фаолияти учун, эркин ижодкор, шоира (Мумтоз адабиёт намуналарида қўлланилган сўзларнинг изоҳли луғати – “Сарахбор” китоби учун)

Дилноза Азизова – Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги қонун-хужжатларга риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича Тўрақўрғон тумани ҳокимининг маслаҳатчиси

Гўзалхон Мамажонова – Наманган шаҳридаги 7-умумтаълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёти фани муаллимаси. (Ўзбек тилининг жозибаси тўғрисидаги туркум мақолалари учун)

Малика Бойхонова – Уйчи туманида маҳалла маслаҳатчиси, фахрий педагог, ўзбек тили ўқитувчиси. (Ўзбекча мулозаматнинг ёзма ва оғзаки нутқдаги фарқлари туркум мақолалари учун)

 

 

Алоҳида мамнуният ва эҳтиром билан эътироф этамизки, ижодкор тарғиботчи ва журналистларни тақдирлаш учун “Art Soft Cluster Holding” кластер холдинг компаниясининг Намангандаги корхонаси ва ЎзХДП вилоят кенгаши ҳомий ҳамкор сифатида тақдирлаш маросимини кўтаринки ўтказишга ҳисса қўшдилар.

Тадбирга вилоят намунавий мақом ансамбли хонандаси Шерзод Абдураимовнинг мумтоз куй-қўшиқлари файз киритди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Наманган вилоят бўлими