Газета ўлмайди, газета яшайди, замондош!

2020-10-21T09:12:43+05:0021 Oktabr, 2020|Фарғона вил.|

Газета саҳифаларига кўз нурини тўкиб, ҳар сўзга жигарининг суви билан жон киритаётган, журналис-тиканинг ҳалол-у пок нонини еб, аллақачон жонининг бўлагига айланган газетасининг танг аҳволидан оғриниб келаётган устозларимнинг, зўрма-зўраки “яшаш”га ўтган таҳририят ичида худди боласини ташлаб кетолмаётган онадай безовта ижодкор оналарим, оталаримнинг кўнгли ёришди.

Не бахтки, миллат тарбиячиларининг байрамига бағишланган қутлуғ кун оммавий ахборот воситалари, айниқса, босма нашрларга том маънода, яшаш, юксалиш умидини берди. Давлатимиз раҳбарининг матбуот тақдири учун қайғуриб айтган сўзлари журналистларнинг айни дилидаги гап бўлди.

Муҳтарам Президентимизнинг “Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обу-
нани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар.Ўзингиз биласиз, дунёда компьютер технологиялари энг ривожланган давлатлардан бири бу – Япониядир. Лекин ушбу мамлакатда кунига 3-4 миллион нусхада нашр этиладиган газеталар борлигига нима дейсиз? Айтмоқчиманки, ҳаётимизда радио-телевидение, Интернет билан бирга босма нашрларнинг ҳам ўз ўрни бор”, деган сўзлари матбуот шахсан давлат раҳбарининг эътиборида эканлигини англатади, азизлар. Энди раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтаниш тугул, унинг обунасига тўсқинликни ҳам бас қилади. Қолаверса, қайси соҳада меҳнат қилмасин, ҳар бир раҳбар-мутахассис ҳеч бўлмаганда ўзи яшаб турган вилоятдаги жараёнларнинг газета саҳифасидаги аксини кўриш, ишда орқада қолиб кетмаслик, юксалиш учун ҳам давлат нашрларига обуна бўлади.

— Давлатимиз раҳбари ҳақ гапни айтдилар, ОАВ билан мулоқот қилмаган раҳбарнинг келажаги бўлмайди, — дейди Фарғона давлат университетининг ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Фозил Отақулов. — Олийгоҳимиз газетхонлик, матбуот билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш борасида олдинги ўринларда туради, деб бемалол айта оламан. Бунинг сабаби, аввало, олий ўқув юрти чинакам маърифат ўчоғи, маънавият тарбиячиси. Бунда меҳнат қилаётган ҳар бир зиёли босма нашрларни нафақат мунтазам кузатиб бориши, балки давлатимиз раҳбарининг тарихий чиқишлари, илм-фан соҳасидаги янги изланишлар, муҳим саналар, умуман, юртимиздаги ислоҳотлар жараёни ҳақида ўз мулоҳаза ва муносабатини газета минбаридан туриб халққа етказиши кераклигини яхши англашади. Энг ривожланган мамлакатлар катта-кичик раҳбарларининг ҳар иш куни газета мутолаасидан бошланиши ҳақида мулоҳаза қилсак, дунёда эришилаётган муваффақиятларнинг асосий калитини топган бўламиз. Зотан, матбуот билан мақсадларимиз муштарак. Президентимиз таъкидлаганидек, ОАВ билан доимий алоқа ўрнатмасликка, газета ва журналлардан узилишга асло ҳаққимиз йўқ.

Ҳа, энди аввалгидай газета ўқиш ва мутолаа қилишдан чекинишнинг, асли нондай азиз бўлган газета саҳифаларига беписанд кўз югуртиришнинг, айниқса, “бизни мажбурий обунага ундашяпти” деб айюҳаннос солишнинг ҳожати йўқ. Чунки, газета ва китоб ўқимаган одамлар фикрлашдан тўхтайди, тафаккури оқсоқ кишидан эса на давлат, на жамиятга ва на оилага манфаат йўқ.

Ташкилот, корхона ва муассасалардаги газета мутолаа-си жиддий масала, энди бу борада улар танлайдиган йўл аниқ: газета ўқилади, матбуотнинг бардавом бўлишига энди улар ҳам масъул. Бироқ шу билан бирга оилалардаги газетхонлик муҳитининг йўқолиб бораётганини ҳам жимгина кузатяпмиз. Оилаларимизга газета кириб келмаётганига анча бўлди. Уйига газета кириб келмаган одамнинг мутолаага иштиёқи сўнади. “Мен электрон ўқийман”, “Интернетда ҳаммаси бор”, “Газета етиб келгунча, сайтлардан ўқиб бўламан” дея “оғизга урадиган”ларга ҳам арзирли гап бор.

“Бор билан йўқни, ҳақиқат билан гумонни фарқига бормайдиган, глобал тўлқинлар ичида ўз тафаккурига озуқа эмас, фақат ахборот, янгилик истаб юкинаётган замондошим! Интернет журналистикасининг фидойилари, техниканинг қудратидан маърифат, маънавият нурини улашиш йўлида усталик билан фойдаланаётган ҳамкасбларимизга тасанно айтган кўйи, сизга юзланаман. Аввало, ўз она тилида тўғри ёзишни билмайдиган, тилига келганини, ҳатто “уйдаги гаплар”ни бутун оламга айни “кўча тили”да етказаётган олғирларга қанчалик ихлос қилаётганингизни билмайсиз. Интернетда ёзилгани ҳам тўғри бўлиб чиқар, аммо ундаги хабарлар чинакам маънавиятсизлик, юзсизликнинг тарғиботига, чегара билмас хавфли кучга айланиб қолаётгани, аксарият, ғараз ва бемаъни “вой-вуй”ларнинг урчишига сабаб бўлаётганини наҳот англамаётган бўлсан-гиз? Газета-журнал эса бутунлай бошқа масала. Аввало, у бугун қўлингизда турибдими, эртага ҳам бор. Унда чоп этиладиган ҳар бир мақоланинг муаллифи, масъули бор. Зотан, ҳар қандай мавзу ҳам матбуот минбарига олиб чиқилавермайди, матбуот — маънавий тарбиячи. Босма нашрларнинг белгиланган қоидалари газета ва журналларнинг савия-си, муштарийнинг талаб ва истакларига мослигини ҳам белгилайди. Газетани шошилмай, фикрлар тарозисини созлаб, қайта-қайта ўқисангиз бўлаверади, интернетда шошиб қолишингиз ёки бугун ўқиганингизни эртага титкилаб ҳам тополмаслигингиз мумкин. Энди айтингчи, сиз аввало, ўзингизнинг, ўз болангизнинг тарбияси, тафаккурини қай бирига ишониб топширасиз?..

Айни пайтда 103 ёшли отахон газета, Фарғона матбуотининг фахри бўлмиш “Фарғона ҳақиқати”да ҳам бу борада оғриқли нуқталар бор. Вилоят ҳокимлигининг бош нашри тарғиботи, обунасига ҳар бир бошқарма, ташкилот ва муассасалар эътибори юксалишига талабгормиз, албатта.

Ҳақиқат шуки, газета ўлмайди, газета яшайди, замондош!

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.

(Фарғона вилояти)