Замондошимиз ким?

2020-10-12T11:20:58+00:0012 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Шоир, журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Cаъдулла Ҳаким 1951 йил 25 мартда Жиззах вилояти, Фориш туманидаги Гараша қишлоғида туғилган.

“Отам Ҳаким Раҳмат ўғли, онам Салоят Раҳмат қизи, Нурота тизма тоғлари орасида жойлашган зумуррад қишлоғим Гараша, унинг содда ва самимий, жангари ва иймонли улуси ҳаётимнинг тўрт устунидир”, деб ёзган эди шоир.

Отаси туман тайёрлов идорасининг ходими бўлиб, одамлардан жун, тери сотиб олиб давлатга топширарди. Бу инсон шунингдек, қишлоғига биринчи бўлиб керосин-патефон, радио олиб келган, Навоий, Яссавий, Машрабни кўп ўқиб,  турли китобларни уйига тез-тез олиб келган.

Саъдулла Ҳакимнинг онаси узун қиш кечалари фарзандларини сандал атрофига йиғиб, “Орзигул”, “Равшан”, “Интизор” каби достонларни ўқитишни яхши кўрарди. Бундан таъсирланган болакай қўшиқ айтишни ёқтирар, Маъмуржон Узоқовнинг “Фиғонким”, “Суратинг” каби ашулаларини давраларда, кўпкариларда айтиб берарди.

Бир сафар Чортоқдаги кўпкарида қўшиқ айта туриб кўз олди қоронғулашади. Ўшанда у бир неча кун бетоб ётиб, тушларида илк шеъридаги манзарани кўрган. Мана ўша бўлғуси шоирнинг ўн икки ёшида ёзган тўртлиги:

Тўнкарилган қудуқ,
Тўнтарилган осмон,
Нажот – ёруғлик,
Зиндонбанд – инсон!

Саъдулла Ҳаким 1977 йил ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган. Меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган. Кейинчалик ижодкор “Саҳоват” журналида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ўзбекистон овози” газеталарида бўлим мудири, масъул котиб, 1992-1996 йиллар “Маърифат” газетасида бош муҳаррир вазифаларида ишлаган. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида Ахборот тарғибот-таҳлил марказининг раҳбари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг раиси лавозимларида фаолият юритган. “Ҳамал тоғлари”, “Сен кутган баҳор”, “Ёз оқшоми”, “Она сўз”, “Сайланма”, “Кўнгил юзи” каби шеърий тўпламлари нашр этилган. “Эсимда қолган кунлар”, “Атом қаърига саёҳат” каби публицистик асарлари ҳам бор. А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, С. Есенин, Гёте каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Шоир ҳаётнинг асл рангини оқ ва қорада, суратини эса дарахтда акс эттирар эди.

 

Замондош фикрати

 

– “Ҳар одам шоир бўлавермайди, ҳар шоир одам бўлавермайди”

– “Янги нарсалар эскиларидан туғилади. Эски нарса янги фикр беради. Масалан, ҳар куни қуёш чиқиши эски манзара. Аммо, қуёш ҳар куни янгича чиқади, бу нақадар янги ҳаёт”.

– “Қуёшга қарай олмаганимиздай, ҳақиқатга ҳам тик қарай олмаймиз. Жамиятда ҳақиқат қай даражада етишмаса айб ҳақиқатда эмас, инсон шахсида”.

–“Ҳақиқатга олиб борадиган биринчи йўл – эътиқод. Иккинчиси эса билим. Учинчиси қатъиятдир”.

 

Иброҳим ҒАФУРОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби:

  Тошкентга илк бор келганида бу йигитчанининг кўзлари порлаб, ҳамиша шеър завқи билан жўшиб турар эди. Қанча шамоллар эсиб ўтди, қанча булутлар босиб ўтди, қанча айқирган сойларни кечиб ўтди, қанчадан-қанча ўтли шаеърий сатрлар дунёга келди, Саъдулла ўша-ўша ҳамон виждон амри билан яшайди, илҳом амри билан шеър бўстонларига киради. 

 

Тўлқин ЭШБЕК, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, журналистика соҳасида “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори:

Устоз шоир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким “Маърифат” газетаси Бош муҳаррири лавозимида ишлаб юрган кезлари кўп мақолаларимни кўтариб борардим. Устоз бирор марта “фалон бўлимга ташлаб кетинг” демасди. Ўзларига олиб борган қўлёзмамни албатта ўзлари кўриб, газетанинг навбатдаги сонида ёритарди.

Кейинчалик “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Бош муҳаррир бўлган кезлари ҳам биз каби муаллифлар яйраб ижод қилардик. Бош муҳаррир қай бир муаллифга меҳр билан боқса, унинг илҳоми шунга яраша жўшиб ёзишини кўринг-да. Шу тариқа Устоз кўплаб муаллифларга илҳом бахш этган бўлса, қанчадан-қанча ҳаваскорларни ижод майдонида камолга етказган.

 http://fikrat.uz/uz/sadulla-hakimov/ сайтидан олинди