Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимович Ҳакимов вафоти муносабати билан

2020-10-12T11:16:44+00:0012 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган С.Ҳакимов турли йилларда «Ўзбекистонда социал таъминот» журналида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ўзбекистон овози» ва «Маърифат» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, «Туркистон-пресс» нодавлат ахборот агентлигида меҳнат қилган. Журналист сифатида долзарб мавзудаги мақолалари газета ва журналлар саҳифаларида мунтазам чоп этиб турилган.

2016 йилнинг 29 декабридан буён Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Саъдулла Ҳакимов Ўзбекистон Журналистлари касб этикаси кодексини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишда бош-қош бўлди. Уюшмага раҳбарлик қилган сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда соҳа янги босқичга кўтарилди, сўз ва матбуот анча эркинлашди. Ўзбекистон халқаро сўз эркинлиги бўйича рейтинглардаги позициясини мустаҳкамлади.

Яқиндагина Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоларига аъзолик гувоҳномаси билан тақдим этиладиган янги намунадаги кўкрак нишони тасдиқланган эди. С. Ҳакимов шу каби кўплаб лойиҳаларга раҳбарлик қилди.

Саъдулла Ҳаким таниқли шоир сифатида ҳам ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшди. «Ҳамал тонглари» (1981), «Сен кутган баҳор» (1986), «Ёз оқшоми» (1996), «Она сўз» (2000), «Сайланма» (2001), «Кўнгил юзи» (2006), «Кўҳна нақл» (2011) каби шеърий китоблари нашр қилинган. Гёте, Пушкин, Лермонтов, Есенин, Юнус Эмро каби шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қиган.

«Сайланма» китоби учун 2002 йил «Энг улуғ, энг азиз» Республика танлови ғолиби бўлган. Вақтли матбуотда маънавий ҳаётимизга оид кўплаб мақола ва очерклари эълон қилинган. «Эсимда қолган кунлар», «Атом қаърига саёҳат» каби публицистик асарлари чоп этилган.

Саъдулла Ҳакимовнинг узоқ йиллик меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони (2002 йил), «Меҳнат шуҳрати» ордени (2019 йил) билан мукофотланди.

Саъдулла Ҳакимовнинг журналистлар учун зарур шароит яратишга оид лойиҳа ва режалари кўп эди. Ахборот соҳаси вакиллари уни ҳамиша жонкуяр ва фидойи журналист сифатида  эслайди, қадрлайди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

марҳумнинг вафоти муносабати билан

оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор қилади.