“Келмоқ суруридан сўзламам энди, О, бу қандай шараф, кетаётирман…”

2020-10-11T13:46:40+05:0011 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Журналистлар Уюшмасига ишга келганимга эндигина 3 ой бўлди. Бироқ, устоз Саъдулла Ҳакимов билан йиллар давомида бирга ишлаган устоз-шогирд, қадрдон ҳамкасблардек бўлишга улгурган эдик.

Ўз қўллари билан “Юрт қўрғони” номли шеърий китобларини чиройли дил сўзлари: “Истеъдодли журналист, ижодкор Исломжонга энг яхши ниятлар билан, Саъдулла Ҳаким (имзолари) 09.07.2020 …” совға қила туриб “Сиздан ҳам мана шундай китоблар кутиб қоламиз, албатта, омадингизни берсин…” дея ишонч билдирганлари кечагидек эсимда.

Оғир, вазмин, самимий, ғийбатдан йироқ, ёшлар учун маслаҳатгўй эдилар.

“Ҳуррият” газетасида чиқиб борадиган ҳар бир мақоламни ўқиб борар ҳамда менга ўз фикрларини ёзар, миннатдорчилик билдириб, қўллаб-қувватлашни канда қилмасдилар.

Газетада эълон қилинган “Сизга айтар сўзим бор” номли мақоламга қуйидагича фикр ёзган эдилар: “Исломжон, «Ҳуррият»даги мақолангиз билан табриклайман. Холис ва ҳаққоний, дунё миқёсида далилларга бой, одоб доирасида ёзилган ажойиб мақола бўлибди…”

Энди бу фикрлар бизнинг қалбимизда мангу шиордек муҳрланиб қолди. Аллоҳим борар манзилларини нурларга тўла, жойларини жаннатда қилсин. Сиз биз – шогирдлар ҳамда ҳамкасбларингиз қалбида мангу яшайсиз!!!

 

О, бу қандай шараф, кетаётирман,

Сендан сенга қараб кетаётирман.

Кўнглимни тоблади кундуз ва кеча,

Ой каби ярқираб кетаётирман.

Шарқираб сой каби оққаним ростдир,

Булоқдай шилдираб кетаётирман.

Билмайман, гуноҳим қанча, бир тараф,

Савобим бир тараф, кетаётирман.

Сен келсанг… йўлларим тезлашармиди,

Илинжим, йўл қараб кетаётирман.

Тилимда айланар бир сенинг номинг,

Боламдай эркалаб, кетаётирман.

Умр шомида тонг отмоқда, ажаб,

Воажаб, воажаб, кетаётирман.

Кўзим булоғининг очилди кўзи,

Ой нури жилдираб, кетаётирман.

Сўз деҳқони эдим, бир сўз айтгали,

Сўзбондан сўз сўраб, кетаётирман.

Келмоқ суруридан сўзламам энди,

О, бу қандай шараф, кетаётирман.

Саъдулла Ҳаким

(Ҳурмат билан, шогирдингиз Ислом Асилбеков,

Тошкент, 11.10.2020.)