Сизга газета-журнал керак бўлмаса, фарзандларимизга керак

2020-10-07T09:57:03+05:007 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Аввал ҳам айтганман, саксон билан сизлашиб, кўзойнаксиз китоб ўқийдиган бувим борлигини. Илк бор қўлимга тушган журнал ҳам айнан бувимнинг шарофати билан бўлган. Яъни, бир куни мактабдан келсам бувим почтачи амаки билан ўтган-кетгандан гаплашиб ўтиришган экан. Салом бериб, бувимнинг ёнларига чўккаладим.

 

— Бу сенга, далага борганингда бекор юрмагин деб олдирдим, ўқисанг биринг икки бўлади, хор бўлмайсан, нонинг яримта бўлмайди, — деб қўлимга “Гулхан” журналини тутқаздилар. Шу ондан бошлаб у менинг ҳамроҳимга айланди. Тенгқур болаларнинг шеър, ҳикояларини ўқиб ўзим ҳам журналга бир нималарни қоралаб жўната бошладим. Ўшанда “Мактабимизда Қорбобо” номли кичик эртагимни босиб чиқаришган. “Гулхан” таҳририятидан хат олганимда эса қанчалар севинганман, буни сўз билан ифода қилиб беролмайман. Гўё осмонда учиб юрганман! Бутун синфга устозимиз шу хатни ўқиб берган, “Ҳаракат қилавер, сендан ёзувчи чиқади”, дея мақташлари ижод оламига кириб келишимга сабаб бўлган…

 

…Орадан йиллар ўтиб, пойтахтдаги олийгоҳда ўқий бошладим. Бир муддат шу журналда ишладим. Унинг бугунги ўқувчилар қамрови — обунаси мени анча ўйга толдирди. Бир вақтлар 100-120 минг нусхада чиққан журнал бугун 2 минг нусхага тушиб қолибди. Ваҳоланки, мамлакатимизда 10 мингга яқин мактаб бор. Бу қанчалик аянчли ҳолат эканлигини тасаввур қилишнинг ўзи қийин. “Журнал яхши чиқмаса керак-да”, дейишингиз мумкин, ўринли мулоҳаза. Марҳамат, журнални олиб мутолаа қилиб кўринг. Мактаб ёшидаги фарзандларингизга ўқитиб кўринг.

 

“Жўн”, деб эътироз билдиролмайсиз, бунга ишонаман. Бугун қалами ўткир журналистлардан тортиб, давлат ишида фаолият олиб бораётган кўплаб раҳбарларимиз ҳам айнан шу журнални ўқиб катта бўлишган, мен сизга айтсам.

 

Хўш, бугун нега ўқувчи-ёшлар нашри 2 минг ададга тушиб қолган?

 

Мактаб ўқувчилари нашрлари Республика Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтгач, вазир Шерзод Шерматовнинг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари шахсан ўзи келиб, “Гулхан”, “Ғунча” журнали ҳамда “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталаридаги шарт-шароитлар билан танишган. Шинам хоналар, болалар учун шароитлар, тўгарак ташкил этишлари учун қулайликлар яратиш, маданий марказга айлантириш бўйича “чиройли” ваъдалар бериб кетган экан. Афсуски, бунинг биронтаси бажарилмаган. Аслида, Халқ таълими вазири “Бизга газета-журнал керакмас”, қабилида иш тутиб йўл бермаган, десак тўғрироқ бўлади. Ҳатто ўтган йили Тошкент вилояти Бекобод тумани халқ таълими бўлими мудири обуна бўлганликда айбланиб ишдан олинганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалганди. Шу тариқа, ўқувчи-ёшлар нашрлари ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

 

Натижада, ижтимоий тармоқларда айтилаётганидек, айрим мактаб ўқувчилари уйдан ташқарига чиқса ёнида пичоқ олиб юрадиган бўлди. Бу маънавият сарчашмасидан бебаҳра қолган бир авлоднинг аянчли аҳволи. Агар…

 

Муҳтарам Президентимиз 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида “Афсуски, биз ке­йинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик”, деб муд­раётган айрим раҳбарларни уйғотмаганида борми, яна нималар бўларди, ким билсин.

 

Шундай қилиб, болалар нашрлари вазир ўринбосарининг “ваъда”сига ишониб, умид қилиб, келишини сарғайиб кутишди. “Алдагани бола яхши-да”, дейишдими, ҳатто келмаслигининг сабабини ҳам очиқлашмади. Оқибатда 2-3 минг нари-берисидаги обуналари билан ҳали ҳам “Гулхан”, “Ғунча” журналлари ва “Тонг юлдузи” газетаси бир амаллаб чиқиб турибди.

 

Ҳисоботлардан маълум, бугун Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилик қилаётган тизимда катта-катта лойиҳалар, амалий ишлар бўлаётган паллада, шу пайтгача вазирлик муассислигидаги нашрларнинг бунчалик паст адади наҳотки уларни ўйлантирмади?

Тўғри, биздаги маълумотларга кўра, 2019 йил 23 октябрь 01-01/9-813 рақами билан Республика Халқ таълими вазирлигидан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-сон қарорининг 5-банди асосида маҳаллий бюджет ҳамда бюджетдан ташқари топилган маблағлар ҳисобидан мактабларнинг камида 2 тадан йиллик обуна қилиш бўйича тавсия хати юборилган. Аммо минг афсус­ки, вазирликнинг тавсиясига бошқармалар ҳатто эътибор ҳам қаратишмаган.

 

Агар хат инобатга олингандами, бугун болалар нашрларининг адади 2 минг эмас 20 минг, агар республикамиздаги ҳар бир мактаб ақалли бир донадан бўлганда ҳам 10 мингта бўлар эди. Ўртада ким сарсон, муҳаррир ва ходимлари оввораи сарсон бўлгани қолди. Ўқувчилар қаердан обуна бўлишни тушунмаса, мактаб директорлари эса обуна бўлса ишдан олинишидан қўрқиб, жимиб қолгани бор гап.

 

Ўша пайтда ҳам “мажбурий обуна”га барҳам берилди дегани газета ўқимаслик ёки умуман обуна бўлмаслик дегани эмасди. Маънавий салоҳияти етарли даражада юксак, тош босадиган газета, журналларимиз кўп эди.

 

— Бадиий адабиётга йўл, биринчи нав­батда, болалар нашрлари, газета ва журналлардан бошланади. Бугун шиддат билан ривожланиб бораётган глобаллашув даврида бозор иқтисодиёти деб маънавиятдан воз кечиш маданиятсизлик, холос. Агар юз сўмни тежаймиз десак, эртага у жамиятга минг сўмлик керак бўлса, ҳеч бир маблағ билан ўлчаб бўлмайдиган даражада зарар олиб келишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди-ку! Ҳозирги пандемия шароитида мактаб ўқувчиларининг олифтанамо кийиниб, кўчада юзига ниқоб тақмай юришини кўриб, қани тарбия, қани ахлоқ дегинг келади. Ёки кўчадаги шафқатсизларча муштлашувлар жоҳилият белгилари эмасми? Бадиий китоб, газета ва журнал ўқимаган ўқувчидан ҳеч нарса кутиб бўлмайди, — дейди “Гулхан” журналида 45 йилдан буён фаолият юритиб келаётган, маънавият фидойиси Муҳаббат Ҳамидова.

 

Миллат маънавияти, келажагимиз эртаси учун барча бирдек масъул эканлигини англасак, арзимас ва кичкина муаммоли ҳолатларнинг борлигини ҳар биримиз чуқур ҳис қилсак, ўйлаймизки, масаланинг ечимини топиш осон бўлади. Зеро, катта-катта дарёлар ҳам, кичик-кичик жилғаларнинг қўшилишидан ҳосил бўлади…

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.

(«Hurriyat» газетасининг 2020 йил 7 октябрь 35-сонидан)