“Журналистика антологияси” туркумидан:

2020-10-06T11:32:59+05:006 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Насимхон РАҲМОНОВ, филология фанлари доктори,

Ўзбекистон Миллий университети профессори

ҚАДИМГИ ДАВР ЖУРНАЛИСТИКАСИДАН ЛАВҲАЛАР

Журналистика ҳар бир халқда ижтимоий тараққиётнинг юқори поғонасида келиб чиққан. Маълум бир даврларда жамиятда ахборот алмашувга эҳтиёж бўлмагани, капиталистик муносабатларнинг ўсиши – товар айирбошлаш билан ахборот тарқалишининг ҳозирги усуллари – янгиликларни катта нусхада чоп этишга эҳтиёж сезилиши натижасида журналистика келиб чиқди деб хулоса чиқарадиган бўлсак, биз қадим Марказий Осиё халқлари ижтимоий ва сиёсий ҳаётида шаклланган журналистиканинг турли жанрлари халқлар илдизларини ўз-ўзидан йўққа чиқарган бўламиз. Зотан, Марказий Осиёнинг қадимги туб аҳолиси бўлган туркий халқларнинг бадиий адабиёт жанрлари, публицистикага бой эканини кўрамиз. Туркий халқларнинг илк ижоди унгача мифологияга таянган бўлса, кейинчалик ўзаро ва бошқа халқлар билан маданий, сиёсий иқтисодий алоқалари, натижасида журналистика жанрлари кенгайди, бадиий ижоднинг янги-янги қирраларини кашф қилди. Урхун-енисей ёзуви ёдгорликлари, монийлик ва буддавийлик оқимидаги туркий ёзма ёдгорликларни журналистика мезонлари, қонуниятлари ва жанрлари асосида ўрганиш ва тадқиқ этиш бугунги кунда заруратга айланган. Айтайлик, урхун ёдгорликлари туркумига кирувчи Култигин битигтошидан қуйидаги парчага эътибор берайлик: Баглари бодуны тузсиз учун, табғач бодун таблигин курлуг учун, армақчисин учун, инили ачили кингшуртукун учун, багли бодунлуғ йонгшуртуқин учунтурк бодун алладук алин ичғину идмис. Қағанладуқ қағанин йитиру идмис, табғач бодунқа баглик ури ўғлунг қул бўлти, силик қиз ўғлунг кунг болти, Турк бодун турк атин итти, табғачғи баглар табғач атин тутупан табғач қағанға кўрмис. -Беклари, халқи инсофсиз бўлгани учун, табғач халқи ҳийлакор бўлгани учун, тоймас бўлгани учун, фирибгар бўлгани учун оға ва инини бир-бирига қайрагани учун, беги ва халқини бир-бирига чаққани учун турк халқи эллашган давлатини қўлдан чиқариб юборган. Хоқоннинг қилиб турган хоқонини йўқотиб юборган. Табғач халқига бек бўладиган ўғил боласи билан қул бўлди, сулув қиз боласи билан чўри бўлди. Турк беклари туркча отини ташлади, табғач бекларининг табғачча отини қабул қилиб, табғач хоқонга қарам бўлди. Тўнюқуқ ва енисей битигтоларидаги бу сингари оҳанг ва мазмундаги парчалар турк халқининг азалий ижодкорлигига далил бўлиб хизмат қилади. “Олтун ёруғ”дан берилган қуйидаги парча ҳам урхун-енисей ёдгорликларидаги журналистик ижоднинг айрим кўринишларидир.Туркий халқларда журналистик ижоднинг тарихи узоқ. Милоддан олдинги V -IV асрларда Хан сулоласи ҳукмронлиги даврида сулола ҳукмдорлари билан туркий қавмларнинг ота-боболари Хун тангриқутлиги ҳукмдори Ботурнинг ўзаро ёзишмалари, аҳдномалари Ботур тангриқутнинг Хан сулоласининг бева қолган маликасига ишқий мазмундаги мактублари сақланиб етиб келган. Бу манбаларда мактублар, очеркнамо воқеалар ҳам борки, публицистика жанрларининг илк илдизларини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка ёйиш учун ва журналистиканинг илдизлари бизда жуда қадимий эканлигини далиллашда ўша манбалар муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Биз Россия ва Европа мамлакатларида турли даврларда—XVI аср охири, XVII, XVIII асрларда журналистиканинг илк куртаклари шакллангани ҳақида биламиз ва бу ҳақда кўп манбаларда айтилади. Аммо журналистика тарихини ана шу даврлардан бошланганини, Россияда эса журналистика ахборот индустрияси сифатида XVIII асрда пайдо бўлганини эътироф этган ҳолда ўзбек журналистикаси тарихига шу даврларни айнан кўчирадиган ёки татбиқ қиладиган бўлсак, кўп нарса ютқизамиз ёки йўқотамиз. Ўзбек журналистикасининг тарихи ҳақида икки жилдли китоб ҳам бор.. Биз бевосита ҳар қандай ёзма матнни журналистика тарихи учун асосий манба ёки материал сифатида қарамаймиз, балки ўша матнлар орасидан публицистика жанрларига, айтайлик, хатга ёки аҳдномаларга мансуб парчаларни ажратиб оламиз. Акс ҳолда миллий журналистика қиёфасига соя тушади

Хат бирор одамдан иккинчи одамга ёзма шаклда йўлланган маълум маълумотларни ёки ўзаро таклиф ва келишувларни, айрим ҳолларда эҳтиросларни ҳамўз ичига олган ёзма матндир. Нома жанри эса ошиқ ва маъшуқанинг бир-бирига ёзган изҳори дил мазмунидаги адабий парчадир..

Ёзув кашф қилингандан кейин туркий қавмлар тарихида илк бор юзага келган жанр – публицистиканинг хат жанридир. Шахсий хатларни ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хатлардан фарқлаш керак бўлади. Юқорида биз Хан сулоласи ҳукмдорлари билан Хун тангриқутлиги ҳукмдори Ботур ўртасидаги ёзишмалар тўғрисида хабар бериб ўтдик. Туркий халқларнинг ижтимоий, сиёсий тарихи билан бир қаторда бевосита қадимги хитойларнинг Хан, кейнроқ Тан сулолалари йилномаларида сақланиб қолган бундай хатларни шахсий хатлардан фарқлаш лозим. Жамият, давлат манфаатлари асосий мавзу бўлган, ўқувчида у ёки бу даражада қизиқиш уйғотадиган, эмоция ва шахсий мулоҳаза ва муносабатлардан холи бўлган хатлар ижтимоий аҳамиятга эга ахборотлар сифатида диққатга сазовордир.

Юқорида қадимги туркий қавмларнинг ота-бобоси бўлган хунларнинг илк ижодий жараёнларидан бири мактублар, яъни хат эканини айтдик. Аммо хат мумтоз адабиётда нома жанри деб ҳам юритилади. Адабий жанр бўлган номани публицистик жанр бўлган хатдан ёки мактубдан фарқлаш лозим, деб биламиз.

Биз қадимги даврдаги журналистика жанрларига оид матнларни ўқувчиларимизга ҳавола қилар эканмиз, биринчи навбатда, ўша матнларнинг бирламчи манбаларини кўрсатишни мақсад қилиб қўйдик. Айни пайтда даврнинг тарихий воқелиги ҳақида қисқа маълумот беришни ҳам зарурат деб билдик. Мақсадимиз –ўқувчилар ихтиёрига ҳавола қилган материалларимиз ҳақиқийлигига уларда шубҳа туғилмаслиги ёки иккиланиш пайдо қилмаслиги, қадим журналистикани юзага келтирган омиллардан ўқувчиларимиз хабардор бўлишлари керак.

 

Шунингдек, нотиқлик санъати намуналари ҳам қадимги турк хоқонлигининг сиёсий ҳаётини ўзида ифодалаган алоҳида жанрга мансуб деб қараш мумкин. Зотан, оғзаки сўз ахборотни ташувчи асосий восита бўлиб қолмади, балки сиёсий таъсирнинг қуроли сифатида хизмат қилди.Сиёсатдаги муваффақият тўғридан-тўғри чиройли ва ишонч билан гапириш лаёқатига боғлиқ эди. Нотиқлик санъати ҳақида сўз кетганда аксарият ҳолларда Юнонистонда ва Римда қадимда шаклланган нотиқлик инобатга олинадию аммо Шарқда шаклланган Хитоба журналистик илмнинг алоҳида шакли сифатида эътибордан четда қолади. Қадимги туркий ёдгорликлардан бири Кул тигин битигтошида Билга хоқоннинг турк қавмларига қарата сўзлаган нутқи нотиқлик санъатининг намунаси эканини эътироф этишимиз керак.

 

Ўрта Осиё ва туркий қавмлар яшаган ҳудудларнинг маданий ҳаёти Шарқ халқларининг ижтимоий-маданий ҳаёти билан зич боғланган, туркий қавмларнинг бошқа халқлар билан ўзаро тарихий алоқалар натижасида ижтимоий ҳаёт билан бир қаторда, маданий ҳаётда ҳам ўзгаришлар пайдо бўлди. Жумладан, милоднинг бошларида қадим Ҳиндистондан миссионерлар келиши натижасида буддавийлик оқими ҳам кириб кела бошлади. Бунинг натижасида буддавийликка оид асарлар санскрит, хитой тилларидан қадимги туркий тилга таржима қилинди. Асарларнинг таржима қилиниши натижасида турли жанрлар – афсоналар, ривоятлар, хат, мақола жанрларидаги матнлар ҳам кириб келди. Масалан, аслияти милодий 1 асрда санскрит тилида яратилган, кейинчалик хитойчага ва хитойчадан IХ асрнинг охири, Х асрнинг бошларида қадимги туркчага таржима қилинган “Суварнапрабҳаса” (“Олтун ёруғ” ёки олтин сингари нур) асари битта намунадир. Биз ҳар бир ёзма ёдгорлик таркибидаги журналистика жанрларидан намуналарни келтирамиз.

Қорахонийлар сулоаси даврига (Х-Х11) келиб маданий муҳит ўзгарди. Шунингдек, журналистиканинг айрим жиҳатларида ҳам мазмунан ва шаклан ўзгаришлар юз берди. Шунинг учун булар ҳақида келгусида алоҳида сўз юритамиз.