Очиқлик ва ошкорлик даври келди

2020-09-23T07:51:12+00:0023 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгашининг навбатдаги  йиғилишини, карантин қоидаларига амал қилиб, оралиқ масофа сақланаган ҳолда, Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, филология фанлари доктори, профессор Ҳуршид Дўстмуҳамедов олиб борди.

Очиғини айтиш керак, тождор бало мавзуси ниҳоятда нозик, ҳатто қалтис. Гап одамлар соғлиғини сақлаш, уларни оғир талофатлардан асраш билан боғлиқ бўлган бир шароитда биргина хабар, биргина рақам, бир оғиз ўринсиз қўлланилган сўз кўнгилга оғир ботиши ҳеч гап эмас.

Ижодий уюшма қошида ўтказилган йиғилишда ана шулар ҳақида сўз борди. Унда республика, вилоят ҳамда маҳаллий газеталарида чоп этилган хабар ва мақолалар, ижтимоий тармоқлар, веб-сайтларда ёритилган видео роликлар таҳлил этилди, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги бугунги аҳвол, ютуқ ва камчиликлар, журналистларнинг ҳуқуқий  маданияти, бурч ва масъулияти масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Йиғилишда  қайд  этилганидек, мамлакатимизда  сўз  эркинлиги, оммавий ахборот воситаларининг  холис ва ҳаққоний фаолият олиб бориши учун зарур ҳуқуқий-ташкилий асослар мавжуд. Айниқса, кейинги йилларда медиа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий журналистикада очиқ-ошкоралик, танқидий–таҳлилий ёндашувга имкон яратди. ОАВда  нафақат эришилаётган  ютуқлар, балки жамият ҳаётининг оғриқли нуқталари ўз аксини топган  материаллар кўпайди.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда журналистик фаолиятнинг  этика қоидалари бузилишига олиб келаётгани, бузғунчи ғояларни тарғиб этаётган чиқишлар ҳам содир этилаётгани аянчли, албатта. Ахборот майдонида биринчи бўлиш, одамлар эътиборини тортиш учун  текширилмаган  ахборот,  шов-шувли  хабарларни  шошилинч тарқатиш ҳоллари ҳамон учраб турибди.

– Айтиш мумкинки, миллий журналистика соҳасида этика институтининг жорий этилиши инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини таъминлаш ва одоб-ахлоқ меъёрларини изга солиш йўлида янги қадам бўлди. Бироқ,  интернет  ёки ижтимоий тармоқлар орқали  тарқалган  бир ёлғон  хабар, теле ёки радио бошловчи томонидан  эфирда чуқур ўйланмай  айтилган биргина сўз қандай оқибатларга олиб келиши, одамлар дилига қанчалик оғир ботишининг, афсуски, гувоҳи бўляпмиз, – деди Хуршид Дўстмуҳамедов. – Оммавий ахборот воситаларида бундай ҳолатлар озми-кўпми учраб тургани барчамизни сергак торттириши лозим. Масалан: “Орият-доно” радиоканали бошловчиси Сардобадаги сув тошқини бўйича киноя қилади: “…Бу жамиятни одам қилиб бўлмас экан, – тошқинам ҳайрон. — Энди бошқа тошмайман дебди”. (“Орият Доно” радиоканали. “Футбол плюс”. 2020 йил, 11 май. Соат 13:00.) Жамият ҳақида бундай дейиш қайси этикага тўғри келади?

Айрим телеканалларда адабий  тил меъёрларига эътиборсизлик кучаймоқда. Масалан “Зўр ТВ” телеканалининг “Ўзинг танла” кўрсатуви бошловчиси айтган  мана бу гапга эътибор беринг:  “английский тилини ёрворадилар” (Зўр ТВ. “Ўзинг танла”. 23.08.2020. Соат 20:30).  Кўрсатув мухлислари  асосан ёшлар эканини ҳисобга олганда, бунинг оқибатини  тушуниш қийин эмас, – деди Х.Дўстмуҳаммедов.

“Ҳақиқатан ҳам журналистика, матбуот жамиятнинг бир қадам илгари юрадиган илғор кучи. Шундай экан, соҳада учраб турган бу  хилдаги  нуқсон ва камчиликларга ўзимиз ечим топишимиз мақсадга мувофиқ бўлади”, дея фикр билдирди таниқли тележурналист Қуддус Аъзам.

Йиғилиш якунида Кенгаш томонидан  ҳар чорак якунида ўтган вақт  давомида ўрганилган  масалалар юзасидан ҳисобот  ва таклиф-тавсиялар тайёрлаб, уларни “Hurriyat” газетаси ва  Уюшманинг расмий сайтида эълон қилиб боришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

қошидаги Касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгаши