Инсон бахтли бўлиши керак…

2020-09-22T09:27:17+05:0022 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

“Дунёда зарур, бажармаса бўлмайдиган касблар қолганда эди, миллионлаб кишилар ишсизликдан очликка, муҳтожликка маҳкум бўлур эди”, дейди немис социологи Либерман. Зарур касблар деганда олим шифокор, ўқитувчи, аскар каби касбларни санаб ўтади ва кўчада чақа-пулга этик тозалаб-мойлаб кун кўрувчини ёки тирноқ пардозловчини “зарур касб эгалари” сафига қўшмайди. Чиндан ҳам этигини ҳар ким ўзи артиб кетиши, пардозланмаган тирноқ билан ҳам яшайвериши мумкин. Аммо шифокор ёки муаллимсиз ҳаётнинг қуввати кетади, тараққиёт аробаси тўхтайди.

 

Аммо бугунги тараққий этган кишилик жамиятида касб турлари бениҳоя кўп ва ҳар бирининг ўз ўрни бор. Уларсиз ҳаёт кемтикдай бўлиб қолади. Мисол учун, меҳнати кўзга кўринмас, арзимасдек туюлувчи ошхона ва ресторанларда хизмат қиладиган официантларнинг меҳнати ҳам ўзига хос моҳият касб этиб қолди. Бу касбни кўп ҳолларда аёллар, қизу жувонлар бажаришади. Официант хизмати ҳақида ўйлаганимда, каминани ўйлантирган, ҳатто изтиробга солган бир жиҳат борки, шу хусусда фикримни айтмоқчиман.

 

Рамазон ойи эди. Чилонзордаги мўъжаз бир кафеда уч-тўрт нафар биродар ифторлик қиладиган бўлдик. Ва келишилган вақтда емакхонага кириб бордик. Табиийки, официант қошимизга келди. Рўзадор одамларнинг ҳар бир таомни сўраб, суриштириб, ижикилаб танлашига эҳтиёт бўлибгина қулоқ осиб турган жувон бизнинг буюртмамизни ёзиб оларди.

 

Ҳали оғиз очишга бирон ўн дақиқа бўлгани боис, атрофдаги столларда худди бизга ўхшаб хаёли овқатда бўлган хўрандаларни, тамаддихона хизматчиларини кузатиб турдим. Бизга хизмат қилаётган офицант – Барно (бу ном унинг кўксидаги ёрлиқчада битилган.) тағин бир қанча столлардан буюртма олди. Кафеда ундан бошқа ҳам ўнга яқин офицант бўлса, уларнинг ҳар бири худди Барно каби зал узра учиб-қўниб, шошиб, аммо хато қилмасдан хизмат қиларди. Очиғи, кун бўйи давом этган ишдан, рўза таъсиридан бироз толиқиб турганим учунми, ёши ўттизларга борган, албатта, бир-икки фарзандни дунёга келтирган, тўлагина бу жувоннинг ҳаракатига боқиб туриб толиқиб кетдим. Қандай улгуради, адашиб кетмайдими, энг ёмони тик оёқда, турли феъл-атвордаги мижозларнинг сўзини тинглаб, қўпол қилиб айтганда, қовоғига қараб туриш осон эмас. Эҳ, ёшлик, эҳ, эҳтиёж деган буюк куч, одамни бу қадар зириллатиб югуртирмаса…

 

Мен хаёлим билан андармон турганимда Барно столимизга турли идишлар, чой-нон, шарбат, тарвуз келтириб қўйиб кетди. Оёқ товуши эшитилмайди. Шип-шип…

 

– Бахтиёржон, – дейман ёнимдаги шеригимга, – шу қизлар қанча маош оларкан-а?

 

– Ака, сиздан кўп олса керак. – дейди Бахтиёр ҳазил аралаш кулимсираб. – Нима эди? Сўраб берайинми?

 

– Албатта, мендан кўп топиши керак-да. Унинг ярим ҳаракатини қилсам, ўлиб қоламан, – дейман Бахтиёрга. – Неча соат шу зайл оёқдан осилиб туришаркин?

 

Шу пайт Барно биринчи таомни кўтариб столимизга яқинлашди.

 

Бахтиёр эса кутилмаганда уни саволга тута бошлади:

 

– Барнохон, синглим. Бир кунда неча соат ишлайсизлар? Иш қийин эмасми? Яхши тўлашадими? Манави акангиз қизиқаяпти, – Бахтиёр шўрвани столга тортаётган Барнога чапдастлик билан саволларни бериб улгуради. Мен бироз ўнғайсизланаман.

 

Барно менга оғрингандек бир қараб олади-да, шартта жавоб беради:

 

– Ўн соат ишлайман, ака. Ойликни уч-тўрт миллионга етказаман. Қийин бўлса ҳам наилож – бола-чақани боқиш керак?

 

Барно шундай деркан, қандай тез келган, тез жавоб берган бўлса, шундай тезликда биздан узоқлашади. Бошқа мижозларга ҳам улгуриш керак. Унинг талаффузидан Бухоро ёки Навоийнинг фарзанди эканини илғайман.

 

Официантларнинг махсус сариқ либосида биздан узоқлаб бораётган жувонга боқиб туриб, бир лаҳза унинг ўрнига аёлимни, синглимни қўйиб кўрдим ва… титраб кетдим. Бироқ оғиз очиш вақти етган экан, шериклар ундовида таом билан машғул бўлдик. Лекин уларнинг гап-сўзи қулоғимга чала-чулпа эшитиларди. Аллақандай ҳасрат мени чўлғаб олганди. Аммо табиий рефлекс сабаб овқатланардим. Таомдан рўза бошлангандан бери илк бор лаззат туймадим. Ишонасизми-йўқми, Барнонинг – эркак ўрнида эркак бўлиб рўзғор тебратаётган жувоннинг ўрнига қиёслаб кўрганим аёлим, синглимнинг рафтори хаёлимдан кетмай қолган эди. Хуллас, таъбим хира бўлганди…

 

…Воқеанинг қолганини ўзим тасаввуримда жонлантириб, ривожлантириб олдим: Барно ўз вилоятида турмушга чиққан, фарзанд кўрган, эрдан ёлчимаган, рўзғорига дарз кетган. Сўнг ажрашган. Ҳозир унинг бир ёки иккита фарзанди ота-онасининг қўлида. Ўзи буёқда. Пул топиб уларга юборади. Байрамларда боради тўлиб-тошиб. Мактабда ўқийдиган ўғилчаси синфдош ўртоқлари билан ота-онаси ҳақида гаплашишни истамайди. Аммо қитмир синфдоши уни саволга тутади: “Сенинг онанг офицантми, отанг қаерда?” Болакайнинг қалбида катта синиш (бу синиш Айсберг бўлиниб кетишидан фожеалидир) рўй беради. Аччиқ устида синфдоши билан ёқалашади. Унинг ҳамияти оғрийди. Бобо-момосининг уйига ёқавайрон қайтган болакайни ғамгин момоси қарғашга тушади…

 

Бу гапларнинг ҳаммаси кечки 10-11 ларда ишдан ҳориб-толиб қайтган Барнога телефон орқали етиб келади. Барно ўзи билан бирга ижарахонада турувчи, қисмати қарийб бир хил қиз-жувонларга кўрсатмай, ҳаммомдами, ташқарига чиқиб кетибми, йиғлаб олади. Унинг қизарган кўзлари хонадошларини бефарқ қолдирмайди. Сўнг Барно ўзига яқинроқ бирортаси билан сирлашади, дардлашади, тағин йиғлайди. У эртасига ўғилчасига замонавий телефон юборади. Ўғилчасининг – олисдаги мурғак болакайнинг инжиқланиб сўровига дош беролмайди, қолаверса, онадан олисда ўсаётган гўдакнинг ўзгалардан кам бўлишини истамасликдек бир ғаройиб ўзбекона туйғу уни кичик мактаб ёшидаги болакайга телефон олиб беришга ундайди. Бола телефонга муккасидан кетади ва унинг андармон паришонлигига шу телефон орқали бегона маълумотлар, гап-сўзлар кириб келади ва болани чалғитади. Барно аёл боши билан буни унчалар чуқур тушунмайди, таҳлил қилишга вақт етишмайди. Нима бўлса ҳам болаларини оч, юпун, синиққан ҳолда кўрмаслиги керак. Аммо кошки овқат ва либосгина болани асраб қололса, уни қониқтиролса…

 

Қуриб кетсин! Шу тарзда сочларга оқ инади, асаблар чирсиллаб узилади, умрлар ўтаверади.

 

Хуллас…

 

Ёдимга ўзбекнинг улуғ шоири Омон Матжоннинг сатрлари тушади:

 

Магар бахтсиз бўлса битта аёли,

Шу юрт эрларининг бари гуноҳкор…

 

…Бу сўзларни айтмоқдан муддао нима? Муддао янги Ўзбекистонда бирорта ҳам одам эътиборсиз қолмаслиги лозим бўлган жамият барпо этиш йўлидаги сиёсат, бетиним қилинаётган ислоҳотлар амалга оширилаётган бугунгидек паллада биз тасвирини келтирган манзаралар (мен сира қўшиб-чатмадим, ҳақиқат шундай ва бундан ҳам нигунроқ бўлиши ҳам мумкин) ҳам мавжудлигини айтиш. Ва жамиятни унинг маънавий, моддий ечимини топишга ундашдир.

 

Албатта, камчиликлардан холи, хаёлдагидек ҳаёт ҳеч қаерда йўқ. Бизнинг сахий тупроқда, ҳар фаслининг ўз неъмати бўлган Ўзбекистонда ҳеч ким оч қолмайди, қашшоқ даражасига тушмайди. Бунга шубҳа йўқ. Аммо унда нега оилавий, маиший муаммолар сабабидан катта-кичик фожеалар, кўнгилсизликлар содир бўлиб турибди? Сабаблари шундай: бетга айтганнинг заҳри йўқ, демишлар – аввало, одамларимиз беқаноат бўлиб кетди. Янгийўлда яшаб Тошкентни кўрмай ўтган оналаримизнинг фарзандлари бугун ер шарининг ҳар бир буржида кезиб юрибди. Улар орасида аёллар сони эркаклардан кам эмас. Замонавий, глобаллашган дунёнинг талаби шу эканини тушунаман, бироқ ўшаларнинг ҳар бирини гапга солсангиз, аввало моддий етишмовчиликдан нолиб гапиради. Ваҳоланки, ўз юртимизда ишлаб ҳам бинойидек ҳаёт кечириш мумкинлигини миллионлаб юртдошларимиз мисолида кўришимиз мумкин. “Инсон бахтли бўлиши керак, мабодо у бахтсиз экан, бунга унинг ўзи айбдор”, деган экан Толстой. Шу маънода оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юришни хушлайдиган, озгина сабр, чидам етишмайдиган, ҳалол, завқли меҳнат қилишга бўйни ёр бермайдиганлар ҳам бисёр. Ва, албатта, мисол келтирганим кафе хизматчисининг турмуш тарзи ҳам ўзимизники – бизга тегишли масала. Азбаройи бу хотин-қизларнинг аксарияти мажбурият чиқарган қарорга бўйсуниб уйларидан олисда юрибдилар. Гендер тенглиги деймиз, аёллар ҳуқуқи хусусида фикр юритамиз. Аммо боз айтмоқчиман: уларнинг моддияти бизнинг диёримизда сираям муаммога айланмайди, яратувчан, эпли халқимиз очликка йўлиқмайди. Бироқ бундай ҳолатлар маънавий-руҳий ўпирилишларни келтириб чиқаради. Уларнинг фарзандлари, ота, ака-укалари ҳаётида билинмай туриб сифат ўзгаришлари содир бўлади, бўлмоқда ҳам. Натижада бу каби кичик, муайян бир оиланинг бошидаги мубҳам ғубор жамият кишиларининг ҳаётига сездирмай кириб боради. Ҳаё деган, муслималик деган азал қадриятларга дарз кетади. Ва ҳоказо… Қизиғи, бу каби аёлларнинг ҳар бирини мустақил ўрганиб, уларнинг маиший ҳаётини изга солиб юборишга бизнинг мамлакатимизнинг имконлари етарлидир. Бунга 2020 йилдек синовли келган кунларда амин бўлдик. Фақатгина масъулларимиз, тегишли ижтимоий таҳлил институтлари, маҳалла каби ташкилотларнинг мутахассислари бироз тер тўкиши керак.

Шодмонқул САЛОМ

ЎзА