Сирдарёда байрам шукуҳи

2020-09-10T04:06:47+05:0010 Sentabr, 2020|Бошқа танловлар|

Танлов

Бир байрам бор. Дунёнинг 220 дан ортиқ давлати бу кунни ўзининг 1-рақамли айёми, шодиёнаси куни деб билади. Бу байрам истиқлол байрами, мустақиллик кунидир.
Мамлакатимизда ҳам мана 29 йилдирки, бу байрам кенг кўламда, зўр тантана билан нишонланмоқда. Унинг шарафига қатор тадбирлар ўтка-зилмоқда. “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танлови чинакам жонкуяр ижод аҳли ўртасида мунтазам ўтказиб келинаётган маҳорат беллашуви ҳамдир.
Ана шу ижод аҳли ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллик байрами арафасида “Сен-қудрат манбаи, садоқат маскани, Жонажон Ўзбекистоним!!” деган ғояни ўзида мужассам этган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят телерадиокомпанияси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган танловга вилоятимиз ижод аҳлидан 38 нафари 5 та йўналиш бўйича 551 та ижодий иш билан иштирок этдилар. Айниқса, босма ва интернетдаги ОАВ ходимлари, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари ҳамда ОАВ сифатида давлат рўйхатига олинган веб-сайтлар ходимларининг журналистлик ишлари 400 тадан ошиқроғини ташкил этди. Барча номинациялар бўйича иштирокчиларнинг материаллари холис баҳоланди.
Нуфузли ҳакамлар ҳайъатининг қаттиқ меҳнати туфайли ҳам энг яхши ижодий ишлар юзага чиқди. Бугун уларнинг роса 18 нафари вилоят ҳокимлиги таъсис этган совринли ўринларни соҳиби бўлдилар.
Тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Ўралов очиб берди. Байрам қатнашчиларини Ўзбекистон Республикаси «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов табрикладилар.
Шундан сўнг танлов ғолибларига дипломлар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди. Роса 8 нафар иштирокчи эса вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасининг рағбатлантирувчи мукофотлари – диплом ва эсдалик совғаларига сазовор бўлдилар.
Бу йилги танлов ҳар йилгидан ўзгача янги чеҳралар, интилувчи ёшлар, эркин ижодкорлар кўп эканлигини кўрсатди. Хусусан, ёш ижодкор, шоир Гулистон Давлат университети талабаси Ёрқинжон Хайитбоев, босма ОАВ ходимлари ўртасида энг сермаҳсул ижодкор деб “Ширин садоси” газетасининг муҳаррири Облоқул Ашурқулов, “УЗА” вилоят мухбири Абдужалол Қаюмов интернет журналистлари ўртасида мутлоқ ғолибликни қўлга киритди. Телерадио соҳасида ишлаб, элга танилган Раҳима Жумабоева ҳамкасблари ўртасида бир овоздан 1-ўринга муносиб деб топилди. Ёш ва умидли ҳайкалтарош Камола Ахмедованинг асарларидан ташкил топган галерея тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
– Тўғриси, вилоятда ташкил этилган танловни эшитиб, йиллар давомида олинган тажрибам, меҳнатим билан яратилган Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган катта лейтенант Алишер Салимов ва катта сержант Эломон Отажонов, шунингдек атоқли инсонлар Тўра Сулаймон, Ўзбекистон Қаҳрамони Саме Самадович бюстлари билан қатнашдим. Ушбу асарларим билан иштирок этиш ва ғолиблик насиб этганлигидан жуда бахтиёрман, – дейди ёш ҳайкалтарош ижодкор Камола Аҳмедова.
Ҳақиқатдан ҳам Камоланинг ижодига назар солсангиз ўзининг алоҳида профессионал ёндашувини кўрасиз. Сардоба фожеасига бағишланган “Матонат мадҳияси” асарида кутилмаганда юз берган фожеа олдида ўзини йўқотмай тура олган иродали, сабрли инсон ва у кўрсатган мардлик, матонат ҳалқ билан замонавий ҳимоячилари – миллий гвардияни уйғунлашиб яратилганлигини гувоҳи бўласиз. Ховос тумани марказидаги Хотира майдонига ўрнатилган “Мотамсаро она” монументини яратишдаги чуқур ижодий ёндошув машаққатли меҳнатнинг самараси десак муболаға бўлмайди.
Бу йилги кўрик-танлов ҳар йилгидан ўзгачароқ Гулистон шаҳридаги “Юрт байроғи” кенг майдонида, очиқ ҳавода ўтказилди. Тасвирий санъат кўргазмалари ташкил этилди.