Андижонда “ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ” танловининг вилоят босқичи ўтказилди

2020-09-09T15:29:06+00:009 Sentabr, 2020|Андижон вил.|

Андижон шаҳридаги вилоят Қўғирчоқ театрида мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрамига бағишланиб, “Сен қудрат соҳиби, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “Энг улуғ, энг азиз” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ижод аҳлининг қўшаётган беқиёс ҳиссаси, юртимизда ижодкорларнинг самарали ижод қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Танловда шоир ва ёзувчиларнинг, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг, шунингдек, мусаввир, халқ амалий санъати вакиллари ҳамда фотограф ва дизайнерларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилди.

– Танлов кўргазмаларида намойиш этилган ижодий ишларнинг ўзига хослиги,  мазмунан бойлигини, ранг-баранглигини алоҳида эътироф этиш жоиз, – дейди Андижон вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Абдиғулом Султонов. – Ана шу асарларда истиқлол ғоялари, халқимиз маънавияти, онг ва тафаккуридаги ўзгаришлар ўзига хос талқин этилганлиги янада аҳамиятлидир.

Танлов иштирокчилари истиқлол халқимиз учун улуғ неъмат эканлигини, мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, Андижонда қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг мазмун-моҳиятини, бунёдкорлик ишларини, бой тарихимиз, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини бадиий асарлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг журналистик ижод намуналари, фотография, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб берди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, адабиёт йўналиши бўйича ёзувчи Восит Аҳмад (Абдувосит Аҳмадхонов), телерадио йўналиши  бўйича Андижон вилояти телерадиокомпанияси муҳаррири Эльмира Раҳмонова, босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва ижодкорларининг журналистик ишлари йўналиши бўйича Избоскан тумани “Пахтакор” газетаси фото мухбири Маҳмуджон Рустамов, тасвирий санъат, фото ва дизайн йўналиши бўйича Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, мусаввир Муроджон Умаров тақдим этган асар ва ижодий ишлари билан ғолибликни қўлга киритди.

– Танловда мамлакатимиз мустақиллигини, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини тараннум этувчи ижодий ишларим билан  қатнашдим, – дейди танлов ғолибларидан бири Муроджон Умаров. – Ижодий ишларим эътироф этилиб, ғолиб бўлганлигимдан беҳад хурсандман. Бу менга куч ва илҳом бағишлайди, келгусида ижодимни янада юксалтиришга, юртимиз ҳаётидаги ўзгаришларни ўзига хос, рангин бўёқларда тасвирлашга ҳаракат қиламан.

Якунда барча йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалар топширилди.

                                                         Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

(Суратлар муаллифи: З. УМРЗОҚОВ)