Хоразмда “Энг улуғ, энг азиз” Республика танлови ғолиблари тақдирланди

2020-09-09T07:05:32+05:009 Sentabr, 2020|Хоразм вил.|

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами муносабати билан “Сен-қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган “ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ” Республика анъанавий кўрик-танловининг Хоразм вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари, вилоят маданият бошқармаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёзувчи ва шоирлар, тасвирий санъат намояндалари, фото ва дизайн усталари, ёшлар иштирок этишди.

Ташкилий қўмита ҳамда хайъат аъзолари хулосасига кўра “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари” номинацияси бўйича “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти мухбири Севара Рўзметова, “Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари” номинацияси бўйича Хоразм телерадиокомпанияси муҳаррири Азамат Сафаров, “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” номинацияси бўйича шоир ва ёзувчи Худайберган Шомуродов, “Тасвирий санъат, фото дизайн асарлари” номинацияси бўйича “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими фото дизайнери Элбек Мусаевлар ғолиб деб топилиб, компьютер жамланмаси билан тақдирландилар.

Номинациялар бўйича иккинчи ва учинчи даражали диплом соҳибларига, шунингдек, танловнинг рағбатлантирувчи “Энг яхши журналистик материал учун”, “Тасвирий санъат асарлари” учун иштирокчиларига ҳам вилоят ҳокимлигининг диплом ва қиммабаҳо совғалари топширилди.

Шуҳрат Курязов

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Хоразм вилоят бўлими мутахассиси