Эркин фикр – ортга қайтмас йўл

2020-09-07T05:43:16+00:007 Sentabr, 2020|Навоий вил.|

Муносабат

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда ёш журналист, ЎзЖОКУ талабаси Маҳфуза Пўлатова ва Кармана туманидаги “Боғишамол” маҳалласи раиси Мақсуд Пардаев ўртасида газетада чоп этилган мулоҳазали мақола юзасидан келиб чиққан зиддият кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Навоий шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги “Навоий зиёси” газетасида чоп этилган “Эфир учун қилинаётган эҳсонлар” сарлавҳали мақоласи учун Маҳфуза Пўлатова Кармана туманидаги ўзи яшайдиган “Боғишамол” маҳалла фуқаролари йиғини раиси томонидан босимга учраганлиги айтилмоқда.

Бу ҳолат Маҳфуза Пўлатова томонидан ижтимоий тармоқларда “Мақолам учун маҳалла раиси таҳдид қилди, дадамни дўппослашди” сарлавҳали хабар тарқалди.

Аслида ушбу ҳолат қандай бўлган эди. Ёш журналист ва маҳалла раиси ўртасидаги бу зиддият нима сабабдан келиб чиқди.

Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, бу жараёнда журналист мақоласида мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш жараёнида берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари билан уларни ўзининг рухсатисиз суратга олиш қанчалик тўғри, деган савол атрофида мулоҳаза юритади ва Кармана туманидаги “Боғишамол” маҳалласининг ўзи яшайдиган кўчасидан мисол келтиради. Ушбу мақола “Навоий зиёси” газетасининг жорий йил 6 августдаги сонида чоп этилган. Мақола бўйича “Боғишамол” маҳалласи раиси Маҳфуза Пўлатованинг хонадонига боради ва улар ўртасида зиддият келиб чиқади.

Аслида, журналист мавжуд қонунчиликка кўра, бирор ахборот юзасидан маълумот тўплаши, мақола ёзиши, уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши мумкин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 31 август куни Кўксарой қароргоҳида ўтган маросимдаги нутқида “Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти, идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олганини бугун яна бир бор таъкидламоқчиман”, дея тўхталиб ўтган эдилар.

Афсуски, бундай очиқликка айрим масъулларнинг ҳали тайёр эмаслиги юқоридаги каби ҳолатларга сабаб бўлаяпти.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирда тегишли органлар томонидан қонуний ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

 уюшмаси Навоий вилояти бўлими.