“Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танлови навоий вилояти ижод аҳлини мамнун этди

2020-09-04T11:52:07+00:004 Sentabr, 2020|Навоий вил.|

“Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллик тантаналари жойларда давом этмоқда. Байрам муносабати билан Навоий вилоятида ижод аҳли ўртасида ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танловида ҳам Ватан мавзусини тараннум этган ижодий ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган бу йилги танловга барча йўналишлар бўйичажами 80 га яқин ҳужжатлар келиб тушди. Танловга Навоий вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш соҳасида, иқтисодий имкониятларини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни, пандемия шароитида аҳоли фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларни  ҳаётий мисоллар ва таҳлиллар асосида холис ва ҳаққоний ёритувчи ижодий асарлар қабул қилинди.

Бугун, 4 сентябрь куни “Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ биносида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилиб, мазкур тадбир катта тантанага айланди.

Вилоятдаги ёзувчи ва шоирлар, ОАВ ходимлари ҳамда рассом ва фотосуратчилар иштирок этган тадбирда иштирокчилар дастлаб китоблар кўргазмаси, вилоят ҳунармандлари ва рассомларининг ижод намуналаридан иборат кўргазма билан танишдилар. Шундан сўнг ғолибларга ташкилотчилар томонидан 1-,2-,3-ўрин кесимида диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Танлов ҳайъати қарорига кўра “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари йўналиши” бўйича Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, карманалик таниқли шоир Одил Ҳотамов “Қуёш сиёҳдони” шеърий тўплами учун биринчи ўринга лойиқ кўрилган бўлса, “Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари” йўналишида Навоий шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги “Навоий зиёси” газетаси таҳририяти мутлоқ ғолиб, деб топилди.

“Оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари” юзасидан журналист Абдували Бўриев Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги веб-сайтида эълон қилган туркум материаллари учун, “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” йўналишида эса Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси Шерзод Чориев энг юқори ўринга эга, деб топилди.

Телевидение ва радио ижодкорларининг ҳаётимиздаги ўрни ва танловга айни шу йўналишда келиб тушган ҳужжатлар салмоғи кўплиги учун ҳакамлар томонидан бу йўналишда 4 нафар ғолиб аниқланди ҳамда биринчи ўрин Навоий вилояти телерадиокомпанияси радио гуруҳи катта муҳаррири Фароғат Барноевага насиб этди.

  • Бу йил кўрик-танловимиз пандемия даврига тўғри келгани учун барча ҳужжатлар электрон тарзда қабул қилинди, – дейди танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов. – Йилдан-йилга мазкур танловга ижодкорларимизнинг қизиқиши ортмоқда. Буни келиб тушаётган ҳужжатлар салмоғидан ҳам билса бўлади. Шунинг баробарида мазкур омил журналист, ёзувчи-шоир ва тасвирий санъат усталарини янада кўтаринки руҳда ижод қилишига туртки бераётгани ҳам аҳамиятга молик.
  • Бундай танловлар, айниқса ёш ижодкорлар учун катта маҳорат мактаби вазифасини ҳам ўтайди, – дейди ғолиблардан бири, “Менинг юртим” телеканалининг Навоий вилояти бўйича мухбири Азиза Абдурасулова. – Бундан ташқари, жамиятимизни бирлаштириб турган Истиқлол ғоясини қанчалик маҳорат билан тарғиб қилсак, бу янги Ўзбекистоннинг бугуни ва эртаси учун катта аҳамиятга эга. Боиси бугунги тинч-осуда ҳаётимизда эришаётган муваффақиятларимизнинг ҳар бири замирида, аввало Мустақиллик берган имкониятлар мужассам.

Тадбир якунида ижодий мулоқот давом этиб, қалами ўткир ижодкорлар томонидан ёшлар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.

 

Озод МУСТАФОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 Навоий вилояти бўлими мутахассиси.