Ижтимоий тармоқ- шахсий адоватлар майдони эмас

2020-09-04T11:44:20+05:004 Sentabr, 2020|Наманган вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Носиржон Деҳқонов касб этикаси кодекси меъёрларига амал қилиш зарурати ва аҳамиятини эслатиш мақсадида вилоятдаги журналист ва блогерлар билан йиғилиш ўтказди. У ўз сўзида вилоятдаги айрим журналист ва блогерларнинг шахсий муносабатлари, уларнинг ўзаро мунозаралари натижасида соҳада умумкайфиятга дахл қилувчи вазият юзага келганлиги ва улар ижтимоий тармоқлар орқали бир-бирларини асосланмаган сўзлар билан ҳақорат қилишаётганини танқид қилди ва журналист ҳамда блогерларни ўзаро аҳилликка, касбий бирдамликка чақирди.

Мавзу бўйича муҳокамада “Шифокор ва ҳаёт” газетаси муҳаррири, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Абдулла Ғозиев, “Давр” газетаси муҳаррири, Тўрақўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Зоҳидахон Кенжаева, “Янгиқўрғон ҳаёти” газетаси муҳаррири Дилбархон Асқарова, “Daryo.uz” сайтининг вилоятдаги мухбири, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати мутахассиси Азизбек Абдувалиевлар сўзга чиқиб, журналист касб этикасига лойиқ бўлмаган чиқишларни оммавий минбардан айтиш кейинги пайтда авж олиб бораётгани, бу Наманган журналистикасининг вилоятдан ташқарида ҳам обрўсизлантириши мумкинлигини куйинчаклик билан тилга олдилар.

“Namangan-24” канали админи О.Дадабоев, “Orzu va hayot” канали админи И.Қосимов ва бошқа Ҳ.Пайзиев, Р.Ирисов каби соҳа вакилларининг позициялари иштирокчиларга таҳлилий баён қилинди.

“Журналистлар касбий бирдамлик талабларига риоя қиладилар. Журналист профессионал обрў-эътиборига путур етказадиган ва ижтимоий бурчига зид бўлган ишларга қўл урмайди, оммавий ахборот воситаларидан ғаразли мақсадларда ва ҳамкасблари ўртасида келишмовчиликлар келтириб чиқариш йўлида фойдаланмайди.”

“Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси”нинг айни шу банди кун тартибида кўрилаётган масаланинг асосий чақириғи бўлди. Блогерлар Илҳомжон Қосимов, Оқилхон Дадабоев ва бошқа соҳа вакиллари муҳокама жараёнида билдирилган таклиф-мулоҳазалардан тегишли хулоса чиқардилар.

Йиғилишда “Наманган садоси” газетаси мухбири Орифжон Жўраев, “Маърифат саодати” газетаси муҳаррири Абдужаббор Умаров, “Мураббий” газетаси муҳаррири Дилбархон Ҳайдаровалар ҳам сўз олиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан таклиф,тавсия ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Келгусида Устоз-шогирдлик анъаналари асосида ёш журналист ва блогерларга фахрий ва тажрибали журналистлардан мураббий тайинлашни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Саида ИСМОИЛОВА,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

вилоят бўлими мутахассиси