Тадбиркорга шаффоф хизмат

2020-09-03T06:22:37+05:003 Sentabr, 2020|Наманган вил.|

Мамлактимизда тадбиркорларга шаффоф шароит яратилмоқда. Буни ноширлик фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Маълумки муҳтарам Президентимиз “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор (ПҚ-4640-сон)га 2020 йил 16 мартда имзо чекканди. Энди эса ноширлик ва матбаа фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш янада соддалаштирилди. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июндаги 401-сонли қарори қабул қилинди.

Келинг, ҳурматли тадбиркорларимизга буни содда тилда тушунтириб берайлик. Фаолиятини бошлаган тадбиркор давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади. Ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)да рўйхатдан ўтади.

Давлат хизматлари маркази ходими хабарномани тўлдириб, хабардор қилувчига имзо билан тасдиқлатади. Бу жараёнлар бор-йўғи 10 дақиқада амалга оширилади. Агар субъект ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтса у хабарномани автоматик тарзда тўлдиради, тасдиқлайди.

ДХМ ходими ваколатли давлат органи – АОКА вилоят бошқармасига 10 дақиқада хабарномани юборади. ЯИДХП орқали бўлганда эса автоматик тарзда АОКА га юборилади.

Ваколатли давлат органи ходими, яъни бизнинг бошқарма ходими хабарномадаги маълумотларни шу куннинг ўзида давлат реестрига киритади. У хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисидаги тақдимномани хабарнома олган куни ДХМ ёки ЯИДХП марказига юборади.

ДХМ субъектнинг электрон манзилига юборади. Бу ҳақда уни АКТ орқали хабардор қилади. Бу атиги 10 дақиқада бажарилади. ЯИДХП эса тасдиқномани электрон шаклда автоматик тарзда олади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, нотўғри ёки нотўлиқ маълумотлар киритилса, давлат хизматлари кўрсатиш автоматик рад этилади.

Кўриниб турибдики, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлагани ҳақида хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги Низом жуда содда. Инсон омили деярли йўқ. Бу эса тадбиркорларга қулайдир. Энг муҳими ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлагани ҳақида ваколатли органни хабардор қилиш учун йиғим ва давлат божи ундирилмайди

Айни кунларда 4 та ноширлик, 50 та матбаа корхоналари бор. Уларнинг қонунчиликка мос ишлашлари бизнинг соҳавий тизим муваффақиятини белгилайди.

Раҳимжон Ирисов,

Наманган вилоят Ахборот ва оммавий

коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.