“Жонимга масиҳдир шу она тилим”

2020-09-03T06:20:02+05:003 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

“Парижда доғистонлик рассомни учратиб қолдим. У инқилобдан кейин хорижга кетган, ўша жойда уйланган ва юртига қайтмаган…
Париждан қайтганимдан кейин рассомнинг қариндошларини излаб топдим. Ҳайратланарлиси, унинг онаси ҳали ҳаёт экан. Онасининг уйига тўпланган қарин­дошлари ўз Ватанини ташлаб кетиб, уни ўзга ерларга алмашган ўғил ҳақидаги ҳи­кояни ғамгин тинглашди. Улар адашган ўғилни кечиргандай бўлишди, тирик эканидан суюнишди.
Шунда бирдан онаси сўраб қолди:
–Сизлар аварча сўзлашдингларми?
— Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у французча.
Она юзига қора чодрасини туширди, бизда оналар ўз ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишади…
Узоқ жимликдан кейин она деди:
— Расул, сен янглишибсан, менинг ўғлим аллақачон ўлган экан. Агар менинг ўғлим ҳаёт бўлганида, авар онаси ўргатган тилни унутмаган бўларди…”

Расул Ҳамзатов.

 

Ҳа, тўғри англадингиз. Она ўғлидан воз кечган эди. Она тилини унутиш, тинглаган она алласидан узоқлашиш, тетапоя даврида “Ота”, “Она” деб чиққан забонида гаплаша олмаслик манқуртликдир. Расул Ҳамзатов “Она тилим” шеърида тушида вафот этгани, бироқ авар тилида сўзлашиб кетаётган икки кишининг суҳбатини эшитиб, тирилиб кетганини шундай ифодалайди:

Ажабо! Туш деган нарса қизиқ-да,
Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон.
Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида,
Тоғлар орасида ётибман бежон…

Фиғон отилади жонсиз бағримдан,
(Гўё фиғон бордек мурда дилида).
Шу пайт икки киши ўтди наридан,
Қувноқ суҳбат қуриб авар тилида.

Авар сўзин тинглаб кирди
менга жон,
Оҳиста тирилдим ва шунда билдим:
Мени тузатолмас ҳеч дори-дармон,
Жонимга масиҳдир шу она тилим.

Рости ҳам шу, инсоният асоси бўлган жамиятнинг такомиллашувида тилнинг ўрни беқиёс аҳамиятга эга. Тилсиз жамият, жамиятсиз тил бўлиши мумкин эмас. Бошқа тиллардан асло кам бўлмаган она тилимиз миллатимизнинг туганмас қадрияти сифатида ҳам муқаддас саналади. Собиқ иттифоқ даврида она тилимизнинг муомала доираси беҳад чекланганди. Ҳатто, Ўзбекистонда расмий мақом берилмади. Шундай бўлса-да, халқимиз ўз қадриятини мустамлака пайтида ҳам асрай билди.

Юртимиз тупроғини қонга белаган «оқподшо» зобитларидан бири, генерал Скобелев шундай деган экан: “Бу юртни босиб олишимиз учун, аввало, унинг тарихини, маданиятини, тилини йўқ қилишимиз керак. Ўшанда ўзи таназзулга учрайди”. Аслида чоризм босқинчилари учун бу тўғри бўлиши мумкин. Аммо биз қадимий ва пойдевори мустаҳкам миллат учун фожиадир. Ахир, миллат нимаси билан миллат? Албатта, ўз она тили, тарихи, қадимий анъаналари, маданияти билан тўлақонли миллат бўла олади.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг “Қоракўз Мажнун” ҳикоясида онанинг ҳарбий хизматга кетган фарзанди бир руҳоний (қишлоқ бутхонаси қўнғироқчиси)нинг қизига уйланади. Шу қизни деб ўз динидан ва тилидан воз кечади. Бир муддат ўтиб, онасини кўргани келганида, у она тилини унутган, ҳатто битта жумлани ҳам тўғри айта олмас, талаффуз қилишга қийналар эди. Она шўрлик ўз жигарбандининг бу аҳволини кўриб ич-ичидан музлаб кетади. Ўғли учун туғилиб усган уйи, маҳалласи, ватани, тили, дини бегона бўлиб қолганди. Ўғил эса худди ҳеч нарса бўлмагандек бепарво, беғам эди…

Буни ёзувчи ҳиқояда қисқа, лўнда қилиб, шундай тасвирлайди: “1970 йилнинг кеч кузида бир мусулмон боласи ўз динидан чиқди…”

Баъзан, гўё ўзига “замонавийликни” касб қилиб, ҳар икки сўзининг бирида “да”, “конечно”, “ну, пока”, “ладно”, “привет”, “короче” каби сўзлардан фойдаланаётган тенгдошларимиз ва бошқа ўсмир-ёшларни кўриб, бу маданиятсизлик бизга қаердан юқди экан, деб куйиб кетасан. Бу ҳам камдек, онасини “мамаша”, отасини “папаша”, бувисини “бабул”, бобосини “дедул” қабилидаги маънисиз сўзлар билан аташини қандай изоҳлаш мумкин?.. Буни кимлардир “замонавийлик” деб қабул қилар, бироқ бу ўта маданиятсизлик, буни ҳеч бир ҳақиқий ўзбек ҳазм қила олмаслиги керак!

Жадид маърифатпарвар боболаримиздан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласи 1913 йилда “Ойина” журналининг 1-сонида чоп этилган. Улуғ бобомиз мақолада кўп тилни билиш ҳар бир туркистонлик учун шартлиги ва шу орқали дунёга чиқиш мумкинлигини уқтиришга ҳаракат қилади. Беҳбудий миллат вакили ўз она тилидан ташқари форс, араб, рус ва ҳатто Европа тилларидан бирини билиши кераклигини таъкидлайди. Лекин шу билан бирга ўз она тилимизни ҳамиша эъзоз­лашимиз зарурлигини ҳам уқтиради.

Маърифатпарвар Абдулла Авлоний эса: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деб ёзган эди.

Бугун дунёда 6 000 га яқин тил ва шева бўлса, улардан бор-йўғи 100 га яқини давлат тили мақомига эга. 1400 та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи бор. Юзга яқин тиллар орасида Давлат тили мақомини олган Она тилимизнинг ҳам борлиги ҳар биримизни ғурурлантиради, албатта.

Лекин бу ғурур фақат баландпарвоз нутқларда, кўксимизга мукофот таққан чоғларда қалбимизда жўшмаслиги, балки юрагимизга мангу жо бўлиши керак! Мамлакатимиздаги шаҳарлар марказларига “I love” деб ёзилган жимжимадор жумлани кўрганда, аввало, юрагимизда она тилимизнинг қадри жуда юксак бўлмоғи лозим эканлигини ўйлаб қоламан. Наҳотки, ўз тилини қўйиб, ўзга тилни тарғиб қилаётганларнинг виждони қийналмаса…

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий 1499 йилда ёзган “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий ва форсий тиллар ҳақида қиёсий фикр юритади. Навоий бир тилни улуғлаб, иккинчисини камситишни эмас, балки ҳар икки тилнинг ўзига хос фазилатлари, афзалликлари борлигини амалда исботлаб беради.

Француз олими М.Беллин 1861 йилда ёзган “Мир Алишер Навоий биографияси ва ижоди” китобида Навоийнинг она тилига жуда катта эътибор берганини буюк ватанпарварлик деб атайди: “Навоий ўз миллий тилининг афзалликларини инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан исботлаб, ўз халқи орасига ватанпарварлик ғояларини чуқур сингдира олди”.

Навоийдан кейин туркий тилни мумтоз адабий тиллар даражасига кўтаришни дилиги жо айлаган Бобур Мирзо туркий тилнинг бой оҳанг ва товушларини тўлиқ ифода этишга имкон берадиган янги алифбо яратиш зарурлигини англаб етади. 1504 йилда “Ҳатти Бобу­рий”­ни яратади.

Бироқ, “Ҳатти Бобурий”ни давлат миқёсида жорий этишга Маккадан рухсат келмайди. Бобурнинг ўзи, ўғиллари ва яқин одамлари ундан ўзаро ёзишмаларда фойдаланганлар.

Мустақиллик йилларида ҳам ўзбек тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, уни том маънодаги миллий қадриятга айлантириш йўлида қатор ишлар амалга оширилди. Бош Қомусимизда ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа, ўзбек тили қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди. Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши эса тилимизнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирди.

Аммо кўп таассуфлар бўлсинки, яна ўша гап: бу қонун — қоғозда, амалда эса тилимизга муносабат ҳамон “здрасте!».Асло унутмайлик, азиз замондош, ахир шоир айтганидек: “Жонимга масиҳдир шу она тилим”…

Ислом АСИЛБЕКОВ,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.

“Hurriyat” газетасининг 2020 йил 3 сентябрь

30-сонидан олинди