Руҳим баланд, чопқир вақтдан ўзгандайман

2020-09-03T04:16:23+05:002 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Саъдулла ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси

Кўнгил озодлиги ҳар бир шахс тақдирига, Ватан мустақиллиги бутун миллат тақдирига дахлдор масала. Озодлик, эркинлик каби некбин туйғулар аввало оилада ҳар инсон қалбида, руҳиятида томир отиб, Ватан бағрида, жамият орасида куртак отади, гуллаб-яшнайди, мева беради.

Ота бир туп тут экса неча авлод марварид теради, деган гап бор. Шунга ўхшаш, бугун бутун мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган яратувчилик ишлари — қад ростлаётган иморатлар, иншоотлар, боғу роғлар неча-неча авлод корига ярайди.

Биз тенги ёши улуғлар бугун 29 йиллиги нишонланаётган Энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг илк йилларини яхши эслашади. Ўша даврдаги байрам шукуҳи энди такрорланмайди, албатта. Бир асрдан зиёд истибдоддан сўнг насиб этган озодлик байрамининг нашидаси, хурсандчилиги айрича маҳобатли эди ўша вақтлар. Кейин-кейин бундай шодиёналар ёнига Ватанимиз мустақиллигининг яратувчилик салоҳиятини намойиш этувчи хурсандчиликлар қўшила борди: байрам арафасида янги турар жойлар, саноат корхоналари, маданий-маиший бинолар қуриш анъанага кирди. Бу моҳият-эътиборан тўғри эди. Сўнгги йилларда эса бу анъана беқиёс кўлам, йил-ўн икки ой мунтазамлик касб этди. Бунёдкорлик оммавий тус олди. Ҳар бир инсонни иззатини жойига қўйиш, қадр-қимматини эъзозлаш, яъни одамларни рози қилиш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш ва бу жараёнга уларнинг ўзларини жалб этиш, ҳар бир инсондаги илмий-ижодий, тадбиркорлик хислатларини юзага чиқариш умумхалқ ҳаракатига айланди. Янги дунёқараш билан яшаётган одамлар мамлакатимиз ва дунё аҳли кўз ўнгида янги Ўзбекистон қиёфасини ярата бошладилар. Халқимизнинг яратувчилик қудратини ўзида мужассам этган Тошкент метрополитени бундан қирқ уч йил аввал ишга тушган бўлса, ўша пайтда бу ер ости иншооти Марказий Осиёда ўзи бир мўъжиза бўлган. Бугун бу мўъжиза энди ер устида ҳайратга солмоқда.

Мен тоғ қишлоғи Гарашада катта бўлганман, болалигимдан от миниб ўсганман. От минсангиз, бамисоли чўққига чиқиб олгандай ўзингизни юксак ва мағрур ҳис этасиз. Не бахтки, ердан бир от эмас, балки икки от бўйи баланд ер усти метросининг ёруғ ва шинам вагонида кезар эканман, айнан ўша ҳолатни ҳис этгандай бўлдим. Теварак-атрофни томошо қила туриб, бундай “замонавий тулпорлар” пойтахтимиз ёқалаб чопаётганидан бир ҳисса мамнун бўлсам, эндиликда ҳар бир тошкентлик шундай қулай имкониятдан фойдалана бошлаганини кўриб, икки ҳисса хурсанд бўлдим.

Замонавий бу ер усти халқа метросининг ишга тушган “Дўстлик-2” бекатидан Қўйлиқ бекатигача бўлган мазкур йўналиш етти бекатдан иборат экан, юксак йўлдан сувдагидек сузиб бораётган ҳар бир вагон бамисоли ҳар бир инсоннинг ўз ласеттиси, ўз кобальти, ўз малибусидай таассурот уйғотади. Дарвоқе, у ҳар бир шаҳарлик тақдирига дахлдор. Кимдир уйига, кимдир бозорга, кимдир ишхонага йўл олган. Ҳаммаси унга муҳтож, ҳаммаси ундан миннатдор. Етти бекатни узоғи билан йигирма дақиқада босиб ўтасиз. Айтишларича, бундан буёғи энди тўртта вагондан иборат тўртта поезд “тулпорлар карвони”дай ҳар икки томонга зувиллаб бориб-келаверади. Бекатлар келинчакнинг уйидай ораста ва кўркам, миллий, ўзига хос безаклар кўнгилга ёқади. Турникет дейсизми, эскалатор дейсизми, ҳаммаси муҳайё. Ҳозирча, кунига 46 минг йўловчи қатнаши мумкин.

Бундай ерусти метролари дунёнинг бир қанча мамлакатларида бор экан. Сеулда 61 километрни, Дубайда 52 километрни ташкил этар экан. Бизнинг ер усти метромиз салкам 55 километр бўлиб, 35 бешта бекат пойтахтимизни худди чамбаракдай қамраб олади. Бу дегани, у ҳар бир шаҳарлик учун бирдай керак бўлади. Очиғи, бир чиққан одамнинг яна чиққиси келади. Кўнглимдан шундай бир ўй ўтдики, ҳали замон бу ер усти халқа йўналиши тўлиқ ишга тушса, кўп одам енгил машинага қарамай қўяди.

Ривоятларда айтилишича, қадимда авлиёлар бир манзилда кўздан ғойиб бўлиб, ҳеч фурсат ўтмай, иккинчи манзилда пайдо бўлишар экан. Албатта, руҳият кучининг сеҳру синоатига тараф йўқ. Аммо бугунги кунда юксак инсонпарварлик сиёсати, илму тафаккур самараси туфайли ҳар бир инсон бир манзилдан иккинчи манзилга авлиёларча шиддат билан етиб бораётгани аниқ гап. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Тошкент ер усти метросида сайр этиш кифоя:

 

Осмонларда учгандайман,

бир қарасам,

Бир қарасам, ер юзида

кезгандайман,

Чиқиб олиб, ер устида

метросига,

Руҳим баланд, чопқир

вақтдан ўзгандайман!