Пинҳон туғён

2020-08-26T14:11:10+05:0026 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди раиси, таниқли шоир ва журналист Амирқул Каримов ҳақида сўз:

Амирқул, дўстим! Тажрибали кишилар таъкидлаганидек, одам бот-бот тўхтаб, ортига қараб-қараб олиши жоиз экан. Зеро, ҳазрат лутф этмишларки, “Эй, Навоий, умр ўтар елдек, ўзингни шод тут, Елга етмак мумкин эрмас, чу суръат кўргузиб!” Ҳа, умр елдек, шамолдек ўтиб кетаверар экан. Елга неки етмоқлик, уни бир лаҳзада бўлсин тўхтатиб, бир ҳовучини тутиб қолмоқлик ҳам мумкин эмас. Кейинги пайтларда масалаларга кўпроқ фалсафий (ҳикматли) ёндашадиган бўлиб қолибмиз. Ўзи, ёш улғайгач кишида беихтиёр шундай жараён юз берар экан: кўнгил ёш – аввалгидек, вақт ўтганини тан олмайди, фақат мушоҳадалар салмоқлашган. Ботиндан борлиққа боқиш теранлашган, беихтиёр кўрган-кечирганлар, хотиралар эсга тушаверади, таққослар, хулосалар пайдо бўлаверади, зоҳирдаги ўзгаришлар эса сезилмайди, кексаликни тан олмаган юрак ҳукмни рад этади. Яқинда узоқ йиллар кўришмаган эски қадрдонимизга ўзимни таништирсам, ёвқараш қилиб боқди-да, “Лақиллатмоқчи бўлаяпсизми? Унинг сочи қоп-қора эди” деди. У бу гапни шунчалик залвор билан айтдики, сочим анча йиллар олдин оқара бошлагани эсимга тушиб кетди. Бу ҳол ростлик билан, борлиқ билан учрашиш эди.

Айтмоқчи бўлган гапим шуки, ҳали имкон борида тўхтаб, ўтган йўлга қараб-қараб олиш фарз экан. Шунда умрнинг мазмуни, ҳаётнинг қадри кафтга тушиб, кейинги босадиган қадамга масъулият ошар экан. Масъулият! Бу – қандай салмоқли сўз. Бир умр унинг тазйиқи остида ўтади, у имтиҳон қилади, у қамчилайди. Замонавий истилоҳда бу сўзнинг қадри тушиб кетгани кўп таъкидланмоқда. Биз эса эсимизни таниганданоқ унинг сиртмоғига тушдик. Бу балки тақчилликданмикан? Чунки ошиқ ёки чилликни йўқотиб қўйсанг, янгисини топиш амри маҳол эди ва уларни ёстиғимизнинг тагига қўйиб ёки ички чўнтагимизга яшириб юрардик. Алвон ранг бўйинбоғни-ку қўяверинг, уни папалаб авайлаганларимиз… Нодонлик экан-да. Лекин тўқчилик масъулиятни сусайтириб юбормаслиги лозим, уни унутиб бўлмайди…

Ортга қайрилиб қараганда эса турфа хил манзара намоён бўлади…

 

Гап йўриғи бир хил дунёқараш, маслакка эга бўлган, аксарият тенгдошлар қиёфасига қараб кетди. Бу тушунчани “авлод” ҳам деб аташади. Энди қаранг, бизнинг авлод чекига нималар тушмади: социализм, коммунизм қуриш хомхаёллиги, қайта қуриш, ниҳоят, мус­тақиллик. Янги минг йилликнинг алмашуви, янги юз йилликнинг бошланиши… Бунчалар долғали бўлди бу йиллар. Ҳар бир ўзгариш, янгилик таржимаи ҳолда ниманидир ўзгартириб юборгани шаксиз. Силкиниш, зилзила, пўртана. Шундай кескинликда ўтган ҳаёт ҳам гаштли, ҳам йўқотишларга бой, ҳам эсда қоладиган бўлди. Миллий рўзғор ашёлар ичида бир пайтлар хуржун энг кўп истифода этилган: уловнинг елкасига ташлаб, юмушга борилган, хожасининг ўзи елкага ташлаб, бозорга тушган. Унинг икки кўзи лаш-лушларга қанча тўла бўлса, тирикчилик шунча тўкин бўлган, яшаш чакки бўлмаган. Биз худди шу рўзғорда кўп асқатган хуржун авлодга ўхшаймиз: бир кўзда ўтган минг йиллик, моддиюн қараш, социалистик муносабатлар ва бошқалар; иккинчи кўзда эса миллий қадриятлар, дин эркинлиги, ўзликни англаш сингари ҳаётпарвар хазиналар. Шу жиҳатдан биз тарихда кам учрайдиган нодир авлодлар сирасига кирамиз. Ҳақиқатан, маънавий хазина, тажриба, хулосалар баҳас, шунга яраша эътибор ҳам кучли.

Ана шундай тийнат ва сийрат билан бу саҳнда тентираб юрибмиз. Бизларни, устоз Очил Тоғаев лутф этганларидек, “Журналист” сўзининг жарангги бирлаштирди, чамаси. Биринчи босқич талабаси (биринчи босқичлар ҳаммадан қу­йида бўлгани учун ортиқ босим, юк остида яшарканлар, энди ўйласам) мусофирсираб, коридорда турганида, бир йил олдин бу муборак гўшага қадам қўйган, ўсмадеккина мўйлови чеҳрасида яққол билиниб турган ўсмир яқинлашди-да, қўл узатиб, танишиш истагини изҳор қилди. Шу лаҳза кейинги йилларни то шу кунгача пайвандлади. Сўнгроқ талабалар ётоқхонасидаги тор такяда Шокир пайдо бўлди. У бошқа олам эди, ўзанга сиғмас, уммонлар, осмонўпар чўққилардан бонг урарди. Биринчи қарашданоқ бир институтни битириб, яна иккинчисига ўқишга топширган “мўйсафид”нинг ғирт ахмоқлигини кашф этди ва бир умр шу эътиқодида собит қолиб, ўзининг ундан баландлигини исботлаш умидида ўтиб кетди (Аллоҳ раҳмат қилсин). Ростдан, унинг ўрни ўзаро муносабатларда чўғли эди, уни соғинардик.

Ниҳоят, “Журналистика!”. Бу сарҳаддаги сирпанишлар, тойишлар, пешонадаги ғурралар ва тотли азобларнинг ҳузури. Биз маромда ўз аъмолимизни излар эдик, Шокир эса бутунлай бошқа сўқмоқ очмоқчи бўларди. Билмадик, “боши шамоллаган эдими”, бу тузум қулайди, Ўзбекистон мустақил бўлади, сингари гапларни бот-бот такрорларди, биз бу фалсафани, очиғи, тушунмасдик. Бу ҳали мурғак тасаввурлар эди, журфакнинг теран муҳити эса чодир хаёллар анча ҳақиқатга эгалигини тасдиқлаб борди. Амалиёт лаҳзалари, дастлабки хабарнинг газета юзини кўриши, ниҳоят, шапалоқдек “лавҳа”нинг пайдо бўлиши. Ва бу кетишда “Қачон Толстой ёки Чингиз Айтматов бўламан?!” деган изтироблар…

Шу жонҳалакликда, мана, йиллар ўтиб кетибди. Ким нимага эришди, ҳали ҳеч ким тош қўя олмайди. Айтмоқчи, дўстимиз Шокирнинг ўз журналистикаси бор эди: бу туман газетасида ғўза парвариши ҳақида кафтдеккина хабар ёзиш учун ҳафталаб изланиш, пахта ҳақидаги жами адабиётлар, қомуслар билан танишиб чиқиш ва масалага янги томондан ёндашиш: унинг тасаввурича, ҳозиргача ҳеч бир мухбир нуқтасига уролмаган, шунинг учун газеталарнинг обрўси йўқ. У эса бирданига Африка очмоқчи! Бир ой давомида қоғозга нақшланган “материал” муҳаррирнинг ўткир қалами тагига тушади, саҳифаларга аёвсиз кўндаланг чизиқлар тортилади ва икки-уч фамилия, уч-тўрт рақамдан иборат тангадек хабар саҳифада пайдо бўлади. Бу ҳолни кўргач, ҳафсала бутунлай пир бўлади ва ёзувчи Шокир ўз қаҳрамонининг кўйига тушади. Амалиётчи-мухбир пахтакор ҳақида шундай рақам қилганди: “У гитара тутган ва мангу куй илинжида ўрмонни кезиб юрган Висоцкийга ўхшайди”. Севимли хонанда – пахтакор, биринчи марта мияга жиддий юклама берган ва борлиқни ақлан ўрганиишга киришган одамнинг хулосаси – шу эди. Бутун юрт шу фикр билан яшарди. Ҳамма унинг қули эди. Биз ана шу муҳитдан чиқиб келгандик. Шундай қилиб Висоцкий – пахтакор ва шу нуқтада мухбирлик борасида алвидо унвонлар, ёзилажак дурдоналар. Лекин Шокир диплом олганди, бироқ ўзича қолди. Рости, талабаликнинг паст-баланди, унинг салмоғи дўстимиз шахсида акс этарди, шунинг учун уни батафсил эсладик. Қолаверса, бу соҳа ялтироқлигига учиб, ўқишга кирганларнинг саксон фоизига шунақа қисмат насиб этди…

Журналистикада ном чиқариш осон юмуш эмас. Яна унинг ҳудудлари бор: туманда донг таратган “классик” вилоятга чиқса, бир поғона ташлайди. Унча-бунчага эса республика майдони насиб этавермайди, из қолдиришни унча хушламайди ҳам бу саҳна, чунки “классиклар билан аллақачон тўлиб бўлган”. Амирқул, сизнинг бу жабҳадаги фаолиятингиз чакки бўлгани йўқ. Ҳали кўп нарсалар инкор этилади (яъни вақт ғалвиридан тушиб қолади), баҳолар ўзгаради, янги бир манзара пайдо бўлади. Шафқатсиз қози ўз ҳукмини ўқийди. Шунда сизнинг дунё кезганлигингиз, воқеанинг жойидан, қайноқ нуқталардан репортажлар ёзганингиз сабоқ сифатида ўқитилар. Қандай тақдир насиб этди: дунёнинг деярли ярмида бўлдингиз. Бир сафар тўғри Италиядан Америкага учиш тўғри келиб қолгани-чи.. Буёғи Ҳиндистон, Хитой, Япония.. Буларнинг ҳаммаси шу касбнинг армуғонлари, бу жойларни кўриш учун қанча маблағ, вақт керак? Пахтазор четидаги уфқ нафақат нигоҳлар, балки дунёқараш ва имкониятга чегара бўлган авлоднинг юрт кезиб, ўз сўзини айтиб юргани манзарасини кўз олдимизга келтирсак, Мустақиллик деган аъмолнинг нақадар бебаҳолигидан юрак ҳаприқиб кетади. Юракдан эътироф шуки, қандай дориламон кунларга етдик, шундай ёруғ толеъ насиб этди. Дунёнинг турли четларидан ёзган репортажларингизда ўзига хос самимият, ҳарорат бўларди, ўша олис нуқталарнинг нафаси уфуриб турарди. Ишончга сазовор бўлгач, масъул топшириқларни ҳам раво кўришди: мустақил юртимизда биринчи марта матбуот марказининг тузилиши сизнинг фаолиятингиз билан боғлиқ. Шаҳрисабзда туғилган, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да ўқишни бошлаб, таҳсилни Санкт-Петербургда охирига етказган Амирқул Каримов тайёр идорага раҳбарликка келмади, балки бу муассасанинг биринчи ғиштидан пардоз бериб, илк матбуот анжуманини ўзказишгача масофани босиб ўтишига тўғри келди. Бу ҳар қандай кишининг таржимаи ҳолини безайдиган нуқта.

Мустақил газетада бир муддат бирга ишлаш тўғри келиб қолди. Шунда одамийлик, юксак маданият, соҳани жондан севиш сизни кўпчиликка манзур қилганини англадим. Ишлар кўнгилдагидек кетаётганди. Газетага чинакам матбуот руҳини қайтариш, уни тап тортмас, ҳалол баҳодирга айлантириш борасидаги саъй­ҳаракатлар самарасини бера бошлаган эди.
Газета яна тилга тушганди. Бирданига…

Ўша кун қандайдир футбол мусобақаси бор эди. Кўпчилик миллионлар ўйинидан мириқиб баҳра олиш учун стадионга шошди. Кейин ўйин таассуроти билан кеч бўлди. Тонг отиб, ҳамма одатдаги кайфият билан ишга келди. Негадир хоналарда хомушлик, атрофда сукунат. Маълум бўладики, бош муҳаррир кеча ишдан кетган экан. Ҳамма ҳайрон. Сиз бу пайтда лаш-лушларингизни олиб кетишга ҳам улгурган экансиз. Бир умид­­ли ходимнинг тақдири шу йўсинда ҳал қилинди ва таассуфки, шундан кейин матбуотга қайтмадингиз. Билмадим, бундан хафамисиз, аммо сиз ҳам кўплар қатори асоссиз ғийбатнинг қурбони бўлганингиз рост эди. Ҳолбуки, малакали кадр янтоқ эмаски, у исталган жойдан ўсиб чиқаверса? Ёки бир йигит қирқ йилда вояга етади, дейишади боболар. Шу йилларда одамда ҳам ғўнон офат, дўнон офат деган синовлар бўлар экан. Шулардан омон ўтган қулун от бўлганидек, улғайиш пиллапояларида туртиниб-суртиниб, ҳамма ҳам бирор ёруғ нуқтага заҳа тортмай, пачоқ бўлмай етиб келавермайди. Бир сафар тўлиқиб: “Онамиздек ардоқлаган, бағрига ўзимизни топширган соҳа бизни ўгайлаб қўйди” дедингиз. Бирданига бу гапнинг замиридаги маънони тўла чақа олмадим, кейин қайта-қайта мулоҳаза қилиб, бу сўзларнинг ниҳоятда катта туғён билан ташқарига чиққанига амин бўлдим.

Бу идора – халқаро “Олтин мерос” жамғармасида ўн етти йил қолиб кетаман, деб ўйламаган бўлсангиз керак. Аммо бу ҳолнинг ёмон томони йўқ: “Дарахт ҳам бир жойда кўкаради” дейди борига рози бўлиб келган халқимиз. Йиллар ҳам беҳуда ўтгани йўқ. Бой маданий тарихий меросимизни асраб-авайлаш, уларни халқимиз, қолаверса, жаҳон жамоатчилигининг маънавий хазинасига айлантириш борасида сезиларли ишлар қилинди. Кўплаб тарихий ёдгорликлар таъмирланди, қисман тикланди. Жамғарманинг вилоят бўлимлари муттасил фаолият кўрсатиб келаяпти, ҳатто баъзи шаҳар, туманларда ҳам тармоқлари бор. Ўтган йиллар давомида миллий қадрият сифатида “Лазги” рақси, ўзбекча таомимиз палов, аския, кўпкари, халқ латифалари ва бошқа қадриятларимизнинг халқаро тақдимотлари ташкил қилинди, бу билан уларнинг нуфузи ошди. Шу йўналишда фаол тарғибот ишлари олиб борилди, уларнинг баъзилари ЮНЕСКОнинг номоддий ёдгорликлар рўйхатига ҳам киритилди. Албатта, бундай хайрли юмушларнинг палак ёзишида жамғарманинг, унинг раҳбари сифатида сизнинг сезиларли ҳиссангиз бор.

Энг муҳими, қалам эса бирзум ҳам ётгани, қўлдан тушгани йўқ. Кечинмаларни қоғоз билан ўртоқлашиш шундай ишқки, бошқа бирон ҳолатда киши бунчалик ҳая­жонланмайди, ларзага тушмайди, азобланмайди (бир қаламкаш қоғоз юзида юз марта ўлиб, юз марта тириламан, дей­ди) ва бунчалик ҳузурланмайди. Бу туйғуга ошно бўлганларга дунёнинг борлиги – қоғоз ва қалам. Маъсум ва ўтли шеърлар, самимий ёзилган эсселар, йўл хотиралари бир неча китобда жамланди. Қатор шеърий мажмуалардан кейин “Шабнам тераётган қуёш”, “Кўк қушлари” тўпламлари, “Тарихнинг узилган парчаси” эсселар китоби нашр этилди. Эрксевар шоир В. Висоцкийнинг ўтли шеърлари сизнинг ҳаракатингиз билан ўзбекчалашди. Бош­­қа таржималар ҳам бор. Айниқса, Н. Череванскийнинг “Икки тўлқин” асари тарих ишқибозларига яхши совға бўлди. Тўла ҳуқуқ билан айтиш мумкинки, китоблар ўз мухлисларини топди. Негаки, сатрлар бир бедор қалбнинг оҳанглари, нафис кангулнинг шивирлари, борлиққа ҳушёр нигоҳ билан назар ташлаётган шахснинг теран мулоҳазалари билан нақшланган. Уларни ўқиган, улар билан ошно бўлган кишига ана шу ҳарорат, ёруғлик юқади, олами мунаввар бўлади, шубҳасиз.

…Қаранг, бир қайрилиб боққанда қанча гўзал манзаралар юз кўрсатди, ўз таровати билан ёруғлик улашди. Бу ҳол ҳали узоқ давом этади. Зеро, йиллар давомида парваришланган боғнинг ҳосили тўлишган палласида яна ҳам кўзларни қувонтиради. Бу қувонч абадий бўлсин!

Ҳаким САТТОРИЙ

“Hurriyat” газетасининг 2020 йил 26 август 29-сонидан олинди