Эгилувчан, аммо синмаётган найза тож

2020-08-26T14:08:20+05:0026 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Сўнгги маълумотларга қараганда, SARS-CoV-2 вирусининг “тожли найза”лари эгилиш хусусиятига эга экан. Ажабки, вирус айнан шу “найза”лари орқали инсон ҳужайраларига ёпишиб, ўпкани зарарларкан. Яна бир ажабланарли томони, антитаначалардан вирусни полисахарид қоплам ҳимоя қилар экан. Қизиқ, ер юзига бу бало ўз қалқони билан келганмикин-а?!

Энг ёмони, мамлакатимизда карантин қоидалари юмшатилиши билан одамлар офатга қарши қандайдир яна бепарво бўлиб қолди. Коронавирусга чалиниш оддий ҳолатдек кўринаяпти шекилли. Кўчаларда юзга тақадиган ниқобини иягига тушириб олишади ёки тугунчасидан тутиб бармоқларида ўйнаб юришади. Ваҳоланки…

Маълумотларга қараганда, Германиянинг Гейдельберг шаҳридаги Европа молекуляр биология лабораторияси олимлари ҳамда Макс Планк ва Пауль Эрлих номидаги институтлар тадқиқотчилари COVID-19 касаллигини чақирувчи SARS-CoV-2 вирусини криоэлектрон томография ёрдамида ўрганишди.

Олимлар ўта паст ҳароратда қотирилган массани электрон микроскоп ёрдамида текширишганда коронавирус, яъни “тож” номини олган вирус усти қаттиқ найзачалар кўринишида эмас, балки найзачаларнинг эгилувчан эканлиги маълум бўлган.
Қизиғи, ҳар бир вирус танасида тахминан 40 дона найзачалар бўлиб, улар ёрдамида ҳужайра деворига ёпишиб оларкан. Шу тариқа найзалар икки вазифани бажаради — ҳужайра рецепторларига уланиб олади ва кейинчалик мембраналар билан қўшилиб, ҳужайра ичига киради. Худди жанг стратегиясини мукаммал ўрганган полк генералидек, пухталигини қаранг. Кўплаб олимлар мазкур яралмиш бало аслида одамзотнинг қўлидан келмаслигини, балки табиатнинг биз ҳали англаб етмаган ташқи куч таъсирида пайдо бўлганлигини айтишмоқда.

Европалик олимлар: “Ўзига хос оқсиллардан иборат бу найзалар полисахарид молекулалари билан қоплангани уларга антитаначалардан самарали ҳимояланиш имконини беради”, дейишмоқда. Ер юзига лашкар тортган ёв яна ўзининг ҳимоя қалқонини унутмаган. Олимларнинг фикрича, айнан ана шу найзаларни тадқиқ қилиш коронавирусга қарши кураш, хусусан, вакцина ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Демак, биз ҳақиқатан ҳам кўзга кўринмас душман билан курашаётганимиз рост экан. Душман бўлганда ҳам, жанг қуроли ва қалқони бор. Бу шуни англатадики, коронавирус билан асло ҳазиллашиб бўлмайди, балки ҳар бир одам ўзини ўзи ҳимоялаш орқалигина уни енгиш мумкин. Санита­рия-эпидемиология соҳаси мутасаддилари таъкидлашаётганидек, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш шарт. Чунки, бу бало ҳали даф бўлганича йўқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакили Майкл Райан Женевадаги брифингда берган баёнотида оммавий иммунитет коронавирус пандемиясини енгишда ёрдам бермаслигини айтмоқда. М.Райан: “Сайёра аҳолиси коронавирус пандемиясини енгиш имконини берадиган иммунитет даражасидан ҳали анча йироқ. Оммавий иммунитет — биз излашимиз керак бўлган ечим эмас”, деганда, балки юқоридаги олимлар фикрига ишора қилгандир.

Албатта, оммавий иммунитет эмлаш ёрдамида пайдо бўлади. Шундай экан, ҳозирда қўлланилаётган дори воситалари маълум миқдорда организмда вирусга қарши кураш таначаларини уйғотади, бироқ бу буткул шифо дегани эмасга ўхшайди. Чунки аксарият олимларнинг фикрича, инфекция тарқалишининг олдини олиш учун антитаначалар аҳолининг, энг камида, 70 фоизида бўлиши лозим экан. Бироқ, мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳолининг ярми керакли иммунитетга эга бўлса, бу эпидемиянинг олдини олишда яхши самара бераркан. Шу кунгача ўтказилган тадқиқотларга кўра, айни вақтда коронавирусга қарши антитаначалар фақатгина 10-20 фоиз одамлардагина аниқланган.

ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесуснинг Женевадаги брифингда таъкидлашишича, коронавируснинг Европада тез тарқалишига сабаб, бу инфекция одамлардан одамларга тез ва осон кўчиб ўтиш сабабли бўлган.
Шунга қарамай, Гебрейесус ўлатга чалинаётганлар ва вафот этаётганлар сони ошаётганига қарамай, оммавий қирғин пандемиясига қарши курашда ижобий натижаларга эришилаётганини айтиб ўтган. ЖССТ мутасаддилари дунёдаги етакчи давлатлар вирусга қарши курашда самарали ҳаракатларни фаоллаштириши ва карантин қоидалари тартибини қатъий ушлаб туриши, фуқаролар эса янги чораларга кўникиши лозим эканлигини қайд этишган.

… Мамлакатимизда коронавирус хуружини кескин камайтириш, касалликка чалинган ёки улар билан ёнма-ён туриб мулоқотда бўлган шахсларни тезкор аниқлаш ва соғломлаштириш чораларини кўриш бош масалага айланган.
Шифохоналарда даволаётган тиббиёт ходимлари 14 кунлик «вахта»да қолиб, кеча-ю кундуз даволаш жараёнида вирус юқтирганлар билан доимий мулоқотда бўлиб, бир ҳаводан нафас олиб келишарди. Бунинг оқибатида кўпгина шифокорлар ҳам коронавирусни ўзларига юқтириб олди. Айримлари касаллик оғир кечганидан вафот этди.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигида шифохоналардаги вазият яхши томонга ўзгараётгани, соғаяётган беморлар сони кун сайин ўсиб бораётгани борасида соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари билдирган таклифлар ўрганиб чиқилиб, коронавирусга чалинган беморларни даволайдиган шифокорлар «вахта» усулидан кунбай иш тартибига ўтказилиши муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида хорижий давлатлар, яъни Россия, Туркия, Германия, Хитой, Корея сингари мамлакатлар экспертлари олиб борган тажриба шуни кўрсатадики, инфекцияга чалинган беморларни даволашда танланган, мослаштирилган шифохоналар, шу­нингдек, коронавирусни аниқлайдиган лабораториялар ходимларининг иш режимини, карантин қоидаларига қатъий риоя қилиши талаб этилган ҳолда, кунлик келиб-кетиш тизимига ўтказилиши Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида ўрганиб чиқилган. Шунингдек, шифокорлар томонидан билдирилган таклифлар инобатга олинган.

Шундай қилиб, Республика махсус комиссиясининг йиғилиши қарорига кўра, албатта, иш ҳажмидан келиб чиқиб, 6 кунлик кунбай ишлаш мумкинлиги белгиланган ҳолда ҳар 30 кун учун бир ойлик иш фаолияти якуни бўйича:
– шифокорларга 25 миллион сўм;
– ўрта тиббий ходимларга 15 миллион сўм;
– кичик тиббий ходимларга 10 миллион сўм;
– бошқа ходимларга 5 миллион сўм миқдорида махсус рағбатлантириш тўловлари (даромад солиғидан ташқари) тўланиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, кунлик қўшимча тўловлардан ташқари, асосий иш жойидаги ойлик маоши сақлаб қолиниши ҳамда ходимларнинг дам олиш ва байрам кунларидаги ишлари учун белгиланган тартибда икки ҳисса ҳақ тўланиши маълум қилинди.

Начора, коронавирус пандемияси фақат бизнинг мамлакатимиз учун эмас, балки дунё давлатлари учун ҳам ҳеч кутилмаган, даҳшатли ҳолатларни намоён этди. Айниқса, бу ўлат вирусининг ер юзига яширин ва яшин тезлигида тарқалиши, энг замонавий тиббиёт ускуналарига эга, иқтисодий жиҳатдан ўта қудратли давлатларни ҳам эсанкиратиб қўйди. Шу миттигина вирус олдида жаҳоншумул илмий ихтиролар, тиббиётда эришилган улкан ютуқлар ҳам етарли эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди.

Ҳа, бу “тожвирус” деган бало одамнинг жони қилдай омонат эканлигини-да яна бир бор исботлади.

Юсуф ЖЎРАЕВ

“Hurriyat” газетасининг 2020 йил 26 август 29-сонидан олинди