Бугуннинг қаҳрамонлари

2020-08-24T13:16:58+00:0024 Avgust, 2020|Сирдарё вил.|

Фахриддин ХОМИДОВ: “БЕМОРГА НАФАС ҲАВО ЕТМАГАНДА МЕН ҲАМ ҚИЙНАЛАМАН”.

Коронавирус пандемияси ҳозирги куннинг бош мавзусига айланиб  қолди. Чунки  6-7 ойдирки,  курраи заминимиз ушбу офатнинг  жабрини чекмоқда. Инсоният бошига тушган ушбу фалокат олдида  барча бирдек ожиздек туюлгани ҳам сир эмас. Лекин бугуннинг қаҳрамонларига айланган шифокорлар туфайлигина бу ҳолат чекинмоқда.  Гўё  жанг майдонидаги энг катта душман, ғаним – тождор  балою  шифокорлар уларга  қарши жанг олиб бораётган аскарлар.  Бу жангда албатта,  эл соғлигини  ҳимоя  қилаётганлар ғолиб чиқиши муқаррар.

Ҳа, мутахассислик дипломини олаётганида Гиппократ қасамини ичган бу тоифа кишиларининг ўз қасамига нақадар содиқ қолаётганини, хасталикка  чалиниб, жон олиб, жон бераётган беморларнинг ёнида туриб, ўз билими, маҳорати, тажрибасини қалқон  қилаётганига ҳар куни, ҳар лаҳзада гувоҳ бўлаяпмиз. Ҳа, халқимиз бир синовдан ўтаётган бўлса, кунларни тунларга улаётган оқ халатли халоскорлар минг синовдан ўтишмоқда. Чунки инсон саломатлигини асрашдан ортиқ катта шараф, бурч ва масъулият йўқ. Бугун ким билан суҳбатлашманг, шифокорларнинг  касбига, бурчига садоқати, жасорати ҳақида сўзлайди. Айниқса, ушбу хасталикка чалиниб, даволаниб чиққан беморларнинг саломатлик посбонларининг шаънига айтган миннатдорчилик сўзларини тинглаш жуда  ёқимли.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган,  юртимизда санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг матонати, билим ва салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш, шунингдек, ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлидаги улкан жасорати ва фидойилиги учун бир гуруҳ  соғлиқни сақлаш тизими ходимларини фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги фармони эълон  қилиниши халқимизни дил изҳорлари, қалб ташаккурларининг амалдаги ифодаси бўлди.

Мукофатланганлар орасида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимида ишлаётган бир неча тиббиёт ходимларининг борлиги воҳамиз аҳлини беҳад қувонтирди. Улардан бири  Сирдарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлими реаниматор-анестезиологи Фахриддин Хомидовдир. У мамлакатимизнинг юксак мукофоти II Даражали «Саломатлик»  ордени билан тақдирланди.

Шуни айтиш жоизки, шифокорлик қанчалик масъулиятли касб бўлса, улар орасидаги реаниматор-анестезиологларнинг фаолияти бундан бир неча ўн, юз баробар машаққатлидир. Чунки улар ҳаёт ва ўлим орасидаги оғир вазиятларга ҳар куни неча бор гувоҳ бўлиб, беморни ўлим чангалидан қутқарадилар.

Шифокор ҳақида мақолани тайёрлаш чоғида Фахриддин Хомидовнинг коронавирусга  чалинган – касалликнинг оғир  формаси билан шифохонага тушган,  сунъий нафас олиш аппаратига уланган  беморнинг бошида туриб, унинг аҳволини  назорат  қилаётган пайтдаги ҳолатини  видео тасвир орқали кузатар эканмиз, юрагимизни ваҳима босди. Ўлим билан олишаётган беморни тасвирда кўриш  шунчалик ваҳимали  бўлса, сунъий  нафас бериш аппаратдан чиқаётган нохуш овоз ҳар қандай юраги бақуват кишида қўрқув уйғотиши табиий.  Бу жарён қанчалик даҳшат эканлигини  тасаввур этиш ҳам қийин.

Ўқувчилик   давридаёқ  шифокор  бўлишни   орзу  қилган  Фахриддин

Хомидов, 1984-1990 йиллари  Душанбе  давлат  тиббиёт  институтида ўқиб

Юрган  кезларида  анестезиолог  шифокор  бўлишга  қатъий  аҳд  қилди. У

Тожикистон  давлат  тиббиёт институти қошидаги  болалар  хирургияси  ва

анестезиология клиникасида интернатурани ўтади. Устозларнинг тавсиялари

эса унга ҳамиша қанот бағишлар,  орзулари сари дадил боришга ундар эди.

Бу йўналишнинг қанчалик машаққатли ва масъулиятли эканлигини   амалиёт

пайтидаёқ чуқур англаган ва йиллар давомида ўзида  кўникма ҳосил қилган

бўлғуси  шифокор  билим  ва  маҳоратини  амалда  синаб  ҳам  кўрган эди.

Тиббиёт олийгоҳини  тамомлаган ёш мутахассис иш фаолиятини Душанбе

шаҳридаги  3 – сонли   консультация  шифохонасида  врач –  анестезиолог

сифатида бошлади.

Кейинчалик Ленинобод вилояти Панжикент тумани марказий шифохонасида врач – анестезиолог, Душанбе шахар 3-сонли консультация шифохонасида врач – токсиколог бўлиб ишлади. Дилдаги  ниятлари уни Сирдарё вилоятига етаклаб келди. Бир неча  йил Янгиер шахар марказий шифохонаси Бобур маҳалластдаги врачлик пунктида сўнгра вилоят асаб ва руҳий касалликлар шифохонасида ишлади. Ўтган йиллар давомида  у ўз устида тинмай изланди, ўз соҳаси бўйича энг замонавий билимлар, услублар, янгиликлар билан танишди,  билим, тажриба ҳамда малакасини ошириб борди, ана шулар асосида беморларга ҳаёт бахш эта олиш маҳоратига эга бўлди. Ф. Хомидов  2013 йилдан бери вилоят юқумли касалликлар шифохонасида анестезиолог-реаниматор бўлиб самарали фаолият  юритмоқда.

“- Олдинги   йиллари  оддий  иш фаолиятим  давомида ҳафтада, кунда

оғир хасталарни  даволаш, уларни ҳаётга қайтаришга  тўғри келган бўлса,

ҳозирги пандемия шароитида ҳар куни неча бор ўта оғир ҳолатларга дуч

келяпмиз. Коронавирусга чалинган,  ҳаво етмай, нафас олишга қийналаётган

беморларнинг ёнида турганимда  менга ҳам ҳаво етмаётганини ҳис этаман” – дейди  Ф. Хомидов.

Яқинда айнан шу тиббиёт муассассасида (вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг  реанимация бўлимида) бўлиб қайтган ҳамкасбимиз ҳимоя кийимларини кийиб, анестезиолог Фаҳриддин Хомидовнинг ёнида туриб,  у ердаги беморларнинг ҳолати ҳамда шифокорларнинг ҳаракатларини кузатганини шундай  ҳикоя  қилиб берди:

– На юзи, на кўзи кўринадиган даражада махсус ҳимоя  кийимларини кийинган шифокорлар, ҳамширалар, бекаларни айни чоғда ўзга сайёраликларга ўхшатдим.  Улар гўё ўзга сайёрадан келиб, вирус инканжасидаги беморларни ажал чангалидан қутқарарди, назаримда. Шу лаҳзада “Менга нима бор эди,” дея ўйладим. Қўрқа  бошладим. Ўзимни улар ўрнига қўйиб кўрдим. Тўғриси, қандай қийин ҳолга тушганлигимни айтолмайман.

“Фаҳриддин Хомидовман»,  деб ўзини таништирган шифокордан секингина беморларнинг соғлиғи яхшими, бирон бир ўзгариш борми?, деб  сўрадим.

“Насиб қилса, бўлиб қолар. Биз ҳам шу илинждамиз. Аллоҳ шифосини берсин”, – деди у. Шифокордан бошқа ҳеч нарса сўрамадим, чунки бошқа сўз ортиқча эди. Тушунарли, деганча бошимни қимирлатдим ва  беморларга даво, нажоткорларга сабр тиладим. Яна ўшандай  ҳадик ва қўрқув билан ортимга қайтарканман соғ – саломат экканлигимга шукр қилдим.

Ҳа, хасталикка чалинган  беморларга  жонини беришга доимо шай турган, уларни ўлим чангалидан халос этиб, ўз билими, зеҳни, маҳорати ва тажрибасини намоён қилаётган бу фидойи инсонларни бемалол бугуннинг қаҳрамонлари десак, арзийди. Улар ҳар қандай юксак мукофотга муносиб инсонлар.

                                                                                 Холида ПАРДАБОЕВА