Адибларимиз ижоди улкан хазина

2020-08-22T06:22:26+05:0022 Avgust, 2020|Сурхондарё вил.|

Карантин вақтида ёшлар ва аҳолимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва китобхонликка жалб қилиш бўйича Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими билан ҳамкорлигида талайгина ишлар амалга оширилди. Ўтган вақт мобайнида қатор онлайн танловлар, учрашувлар ташкил қилинди.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами муносабати билан куни кеча Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими ташаббуси билан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Сен–қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “Адиблар маънавиятимиз сарчашмаси” мавзусида адиблар ва ёшлар онлайн учрашуви ташкил этилди.

Мазкур онлайн учрашувда Саид Аҳмад, Сирожиддин Саййид, Усмон Азим, Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам ва бошқа адибларнинг адабий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш, аҳоли, хусусан, ёшларнинг илм-маърифатга, китоб мутолааси ва китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мавзусида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Қўчқор Норқобил, Ғайрат Мажид, Тоштемир Турдиев каби адиблар ва ТерДУ доценти, ф.ф.н, шоира Муҳайё Хамраеваларнинг маъруза ва фикрлари тингланди.

Учрашув якунида “Сурхон адиблари – бизнинг фахримиз” мавзусида ўтказилган онлайн иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда Бахтиёр бахши Ортиқов томонидан ижро этилган термалар йиғилганларга хуш кайфият бахш этди.

Мастура Хамраева

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси