“Бир нарса чиқиб қолмасмикин?”

2020-08-22T06:11:55+05:0022 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

ёхуд исм ва фамилияларимиздаги хатоларни тўғрилашга нима монелик қилмоқда?

Фикрдан фикр туғилади, деганлари ҳақрост. Ушбу мақолани ёзишимизга адиб Хайриддин Султоннинг «Миллатнинг жазоси» деб номланган ҳикояси туртки берди. Қолаверса, бу муаммо ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бот-бот тилга олинмоқда. Биз ҳам карнайчидан бир «пуф» деганларидек, баҳонада ўз мулоҳазаларимизни айтиб олишни жоиз, деб билдик.

Асарда шўролар даврида ҳужжатига исми нотўғри ёзилган ўзбек зиёлисининг шафқатсиз тўсиқларга учраб, тавбасига таянганлиги дард билан ифодаланади. Ҳикоя қаҳрамони Жамолиддиннинг исми метрикасига «Жамолитдин», деб саҳв (яъни хато) билан битилган. Шунга асосланиб унинг паспорти, ҳарбий гувоҳномаси, дипломи ва бошқа ҳужжатларига хато ёзув кўчиб ўтаверган. Миллий ғурури қўзиган Жамолиддин паспортдаги исмини тўғрилатиш учун масъул маҳкамага боради. Эшигига «Подполковник Назымов Б.Ю.» деган лавҳа осилган катта хонага кириб, дардини дастурхон қилади. Ҳарфхўр мулозим: «Метрикангизга «Жамолитдин», деб ёзилган экан. Биз асосга суяниб иш қиламиз», дейди.

Узоқ ялиниб-ялпайишлар, биринчи Президентни ўртага солиш билан (унга берилган кичик бир нишонда исми «Жамолиддин» деб тўғри битилган бўлади) исм тўғриланади. Бутун ғавғо ана шундан кейин бошланади. Нуфузли кампанияга ишга кириш учун ариза топширган Жамолиддинни: «Паспортингиз билан дипломингиздаги маълумотлар бир-бирига тўғри келмаяпти. Дипломингиз сохта эмасми?», дея устидан кулганча ҳужжатларини қайтариб беради. Шундан кейин ҳарбий билет, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, ҳайдовчилик гувоҳномаси, уй-жой билан боғлиқ ҳужжатлар, партия билети, болаларининг метрика ва паспортлари ҳамда бошқа ҳужжатларида ишкал чиқиб, ҳар қадамда қоқилади. Охири бориб паспорт столида ўтирган подполковник Назымовга ялиниб-ялпайиб, каттагина жарима тўлаб, паспортидаги исмини эски «Жамолитдин»га келтириб кўнгли тинчийди.

Миллатимиз учун ниҳоятда аянчли воқеа. Жамолиддинга ўхшаб ўзининг исми шарифини тўғрилолмай юрганлар орамизда сон мингта. Тўғри, шўролар замонида фамилияларга «-ов, -ев, -ова, -ева, -ович, -евич, -овна, -евна» каби қўшимчаларни тиркаб ҳужжат ёзиш мажбурий эди. Бироқ исм, отасининг исми ва фамилиясини ҳужжатга нотўғри битишга ҳеч ким ва ҳеч нарса монелик қилмасди. Буларнинг бари миллатдошларимизнинг лоқайдлиги ва бепарволиги мевасидир. Натижада ҳужжатларимизда шунақанги кулгили ва иззат-нафсга тегадиган исмлар пайдо бўлдики, беихтиёр «дод», деб юборасан, киши. (Масалан, Холтўра-Халтура, Тўхтабой-Тахтабай ва ҳоказо).

Халқимизнинг бағрикенглиги, бепарволиги мана шу жойда ҳам кўзга ташланади. Бунга реал ҳаётда мисоллар жуда кўп. Биргина мисол. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашига ўтган сўнгги сайловлардан кейин вилоят Кенгашига 50 нафар депутат сайланди. «Сирдарё ҳақиқати» газетасида эълон қилинган депутатлар якуний рўйхатида 35 нафарининг исми, отасининг исми ёхуд фамилияси тилимиз қонун-қоидаларига мутлақо мос келмайдиган тарзда хато ёзилган (Артукбоева Хайтхон, Джалолов Холбек, Уролова Дилфуза Джумановна ва ҳоказо). Ваҳоланки, бу инсонларнинг кўпчилиги катта лавозимларда ишлайди. Бироқ ҳикоя қаҳрамони Жамолиддинга ўхшаб исми, отасининг исми ёки фамилиясини ўзгартирса, турли тўсиқларга учрашидан қўрқишади. Демак, бу масаланинг ечими мамалакат миқёсида ҳал этилиши керак. Бунинг учун давлатимиз раҳбарининг махсус фармони керакка ўхшайди.

Исм, отасининг исми ва фамилиясини ҳужжатларга ёзишда ҳам қатор муаммоларимиз борлигидан кўз юмолмаймиз. Бу ўринда ота-боболаримиз қўллаган анъанавий усуллардан қўрқмасдан фойдаланишимиз керак. Энди шўро замонидан мерос бўлиб қолган «-ов, -ев, -ова, -ева, -ович, -евич, -овна, -евна» каби қўшимчалардан воз кечиш пайти келди. Тўғри, истиқлол даврида таваллуд топган ўғил-қизларимизнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларда «ўғли», «қизи» деган ёзувлар пайдо бўлди. Бироқ фамилияларни ҳамон «-ов, -ев, -ова, -ева» каби қўшимчалар безаб турибди. (Юлдузхон Абдужаббор қизи Абдувалиева, Умид Мирзабек ўғли Камолов каби). Нега биз бошқа миллатлар (гуржи «-швили, -дзе,-ия», арман «-ян», турк, озарбайжон «-оглу,-заде», хохол -«ко») каби оталаримизнинг исми ва фамилияларини анъанавий тарзда ёзишдан қўрқишимиз керак экан? Бизга нима халақит беряпти ўзи? Қўшни Тожикистон давлати шу ишга дадиллик билан қўл урди. Шахсан Президентининг ўзи фамилиясидан «-ов» қўшимчасини олиб ташлаб, Имомали Раҳмонга айланди. Бутун миллат ундан ўрнак олди. Осмон узилиб ерга тушмади. Миллатнинг ғурури кўтарилди. Бизда эса қонунга сал ўзгартириш киритмоқчи бўлганимизда акс-садоси Москвагача етди. Душманларимиз ҳам миллий ғуруримиз сустлиги, Чехов ҳикояларидан бирининг қаҳрамони тинмай такрорлайдиган «бир нарса чиқиб қолмасмикин», қабилидаги ҳадиксирашимиздан фойдаланишяпти. Мустақил давлат эканмизми, ички сиёсатимизни ўзимиз белгилашимиз керак-ку!

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган яна бир масалага ўзимнинг муносабатимни билдириб ўтай. «Гражданин» маъносидаги «фуқаро» атамасига кўпчилик юртдошларимиз қарши чиқишди. Арабча бу сўзнинг маъноси «фақир», «бечора», «камбағал» маъноларини англатар экан. Сўзнинг таъсир кучи катта бўлади. Балки шунинг учун ҳам халқимиз фақирликдан, камбағалликдан чиқа олмаётгандир. Қўшни қозоқ биродарларимиздан ўрнак олсак бўлмайдими?! «Азамат!» Қандай руҳиятни кўтардиган сўз. Биз ҳам «фуқаро» сўзи ўрнига миллатни кўтарадиган бир чиройли сўз топсак бўлади-ку! Гапирамиз десак, гап кўп. Амалий ишларга ўтиш учун бутун халқ, раҳбарият бош қўшиши керак. Бўласи гап-шу!

©Муҳаммадали АҲМАД