Абдулла Авлоний аслида ким эди?

2020-08-19T07:03:16+05:0019 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Муаллифдан: Раҳматли Мирбилол бувам Миркаримбойнинг қизи — Нисобибининг ўғли бўлганлар. Педагогика институтида Шуҳрат, Зафар Диёрлар билан курсдош эдилар. Араб, форс, рус тилларини мукаммал билганлар. Аммо замона зай­лига кўра заводда ишчи бўлиб ишлашга, ижтимоий келиб чиқишларини ўзгартириб ёзишга мажбур бўлганлар. Ушбу мақола бувамнинг яқинлари, қариндошларимизнинг хотираларига таяниб тайёрланди. Ўтгаларнинг охиратлари шод бўлсин!

Адабиёт аҳлининг ижодларини ўрганишда улар яшаган давр, замон тало­тўплари, яқинлари ҳақидаги маълумотларнинг аҳамияти катта, албатта. Айниқса, замона зайли билан уларнинг ҳаёти ва ижоди етарли ўрганилмаган ёки ўша давр талабига кўра таржимаи ҳолларига холис ва ҳаққоний ёндашилмаган бўлса.

Бу борада юртимизнинг мустақиллиги учун ҳаётларини қурбон қилган жадидчиларнинг ҳаёт йўли, асарларининг бадиий талқини борасида илмий изланишлар олиб боришга эҳтиёж сезилади. Чор Россияси босқини, ундан кейинги коммунистлар сиёсати туфайли юртимиз тарихида қора из қолдирган кечаги ўтмиш ҳаққоний ранглар билан бугунги ўқувчига етказилиши керак.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мамлакатимизда Ватанимиз аҳолисининг озод, эркин инсонлардек яшаши, эзгу мақсадларига эришиши йўлида бор илму салоҳиятини бағишлаган, миллатнинг ёрқин намояндалари, керак бўлса, ҳаётини фидо қилганлар етарлича топилади.

Маърифатпарварлик ҳаракатининг етакчи намояндаси, миллатимизни жаҳолат ботқоғидан олиб чиқишни энг бирламчи зарурат деб белган жадидчи бобомиз Абдулла Авлонийнинг ҳаёти бошқа жадидчилардан бироз фарқ қилади. Буни қарангки, Абдулла Авлоний қатағон қилинмаган экан. Аммо…

Унинг ижоди ҳам, барча жадидлар ижоди қатори, 1966 йилгача ўрганилмаган, ҳатто, асарлари мазкур йилгача чоп этилмаган. 1966 йилга келиб, бироз муддатга бўлса-да, сиё­сатда ўзгаришлар бўлиб, шўролар томонидан қатағон қурбонлари ҳақидаги маълумотлар оммага тақдим этилган.

Шу ўринда, келинг тарихга бир назар ташлайлик, буюк шахслар ёнида доимо уларни қўллаб-қувватлаб турувчи кишилари бўлган. Айниқса, Бибихоним, Нодирабегимларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Абдулла Авлонийнинг бой маданий меросининг бугунги кунгача етиб келишида ҳам уларнинг завжалари Саломат аянинг алоҳида ўрнилари бор. Ҳозиргача бу аллома ҳақидаги аксарият нодир маълумотлар аёллари Саломат ая Исломованинг адабиётшунос олим Бегали Қосимовга 1966 йили тақдим этган қўлёзмалар, ҳужжатлар асосига таянилади.

Қатағон йиллари Абдулла Авлоний “халқ душмани” деб қораланмаганди. Аммо ўлимидан сўнг ҳам асарлари чоп этилмади. Гўё, ўзининг бевақт ўлими билан Абдулла Авлоний ўз шаъни, оиласининг тинч­лигини хавф-хатардан ҳимоя қилиб қолгандек эди. Демак, аслида ўтган асрнинг қатағон йилларида империя тарафдорларининг барча жадидлар каби Абдулла Авлонийнинг асарларидан ҳам “кўнгли тўлмаган”, унинг ғоялари давр сиёсатига “тўғри келмаган”. 1934 йилдан 1966 йилгача Саломат ая Абдулла Авлонийнинг асарларининг қадри-қиммати вақти келиб жуда баланд бўлишини билганмикин…

Ая қўлёзмаларни асраб-авайлаганлар, замонлар ўзгариб, юртимизнинг маърифатпарварларига бўлган муносабати тубдан ўзгаришига ишонганлар. Абдулла Авлонийнинг тақдирида садоқатли ва вафодор бу аёлнинг тутган ўрни борасида қатор илмий изланишлар олиб бориш ёш тадқиқотчиларимиз олдида турган навбатдаги вазифалардан биридир. Гарчи Саломат Исломова ҳақидаги маълумотлар жуда оз бўлса-да, Абдулла Авлонийнинг ғояларини тушуниш, унинг асарларини қадрлаш учун бу мўътабар аёлнинг ўзлари ҳам ниҳоятда зиёли, маърифатли ва тараққийпарвар бўлганлиги аниқ.

Манбаларда Абдулла Авлоний ўша пайтларда, барча зиёлилар каби, таржимаи ҳолига “зарурий” ўзгартиришлар киритган, деган эҳтимоллар мавжуд. У ўзининг ижтимоий келиб чиқишини ёзар экан, оддий камбағал косиб оиласида туғилганлигини, ниҳоятда ночор аҳволда улғайганини таъкидлайди. Бегали Қосимов нашрга тайёрлаган Абдулла Авлонийнинг “Таржимаи ҳолим”да бу борада шундай ёзилган: “1878 йил мелодийда, 12 июлда Тошкентнинг Эски шаҳар Шайхонтоҳур даҳа Мерганча маҳалласида фақирҳол бир оилада туғилганман. Отамнинг исми Миравлон, онамнинг оти Фотимадир. Отамнинг туб касби тўқувчилик (бўзчилик) бўлиб, сўнг замонларда Ярманка бозорида ёймачилик қилиб, бўз ва чит билан савдо қилур эди”. Совет даврида яшаб ижод қилган барча зиёлилар таржимаи ҳолини айнан шундай белгилашган.

Илм-фанга ўз ҳиссасини қўшган зиёлиларимиз оддий ишчи-косиблар оиласидан, қийинчиликда улғайиб, фақат “Совет тузими ва партия”нинг “ғамхўрлиги ва меҳрибонлиги” туфайли билимли, олий маълумотли бўла олганликларини таъкидлашган. Албатта, бундай “ўзгартиришлар” туфайли зиёлиларимизнинг ҳақиқий ҳаётлари “парда” ортида қолиб кетгани аниқ.

Маълумки, Абдулла Авлоний ўз даврининг етук зиёлиларидан бири бўлиб, нафақат дунёвий, балки диний билими ҳам юксак эътирофларга сазовор эди. Аллома ўзбек тилидан ташқари, араб ва форс тилларини мукаммал билган. Диний илмни араб тили орқали ўрганган бўлса, ўша даврда бадиий адабиётни чуқур билиш учун форс тилини мукаммал билишлик талаб этилган. Абдулла Авлонийнинг илмий салоҳиятига қараб камбағал косиб оиласида эмас, балки ўзига тўқ зиёли оиладан бўлганлиги аёнлашади. Умуман олганда, адиб ўзбек, араб, форс тилларидан ташқари, рус, татар, озарбайжон тилларини мукаммал билган. Бир қатор бадиий адабиёт намуналарини ўзбек тилига моҳирона таржима қилган. Ўз таржимаи ҳолида кўрсатилганидек, “фақат қиш кунларигина” таълим олишга имконияти бўлганида Абдулла Авлоний бунчалик илмли, билимли, кенг тафаккурли инсон бўлиб вояга ета олмас эди.
“Абдулла 7 ёшдан Ўқчидаги эски мактабда Акромхон домлада савод чиқарди. 1890 йилда шу маҳалладаги мадрасага ўтди. Сўнг Шайхонтоҳурдаги Абдумаликбой мадрасасида Мулла умар Охунда таҳсил кўрди… Адабиётга ҳавас унда шу йиллари уйғонди. Навоий шеъриятига, Фузулий ғазалларига меҳр қўйди. Сўнгра, иштиёқ билан форс тилини ўрганди. Саъдий ва Ҳофизнинг оламидан завқ-шавқ олди. Ниҳоят булар ўз самарасини берди. Ўзи камтарона қайд қилганидек “шеър ёзишга тутинди” (юқоридаги асардан).

Тарихга назар солсак, авваллари Тошкент шаҳри Анҳор каналида якунланиб, Чор Россияси босқинидан сўнг унинг бир қисми Янги шаҳар, яна бир қисми эса Эски шаҳарга бўлинган. Ҳозирги Эски шаҳар номи шу даврдан қолган номдир. Анҳорнинг шарқий томонида Шайхонтоҳур даҳасида яшовчиларнинг дала-ҳовлилари бўлган. Маълумки, таниқли адибимиз Ойбек “Қутлуғ қон” асарида қаламга олган Мирзакаримбойнинг прототипи Тошкентнинг катта савдогарларидан бири бўлиб, унинг дала-ҳовлиси ҳам шу ерларда жойлашган. Темир йўл қурилганидан кейин Мирзакаримбойнинг ерларига талаб ошиб кетади. У ўзининг даласи ўрнига хонадонлар қурдириб, ижарага берган. Мирзакаримбойнинг ўғиллари Мирафзал ва Мирқосимларга ўша далалар ўрнидаги уй-жойлар мерос бўлиб қолганди.

Мазкур обод бўлган ерларни аҳоли “Миробод” — “Мирлар обод қилган ерлар”, деб аташган. Руслар маҳалла тушунчасини ёқтиришмаган (чунки бу тушунча уларга мутлақо бегона). Улар бу жойларни Мирабадс­кая, деб аташади. Ҳозирги Миробод туманининг асл келиб чиқиши ўша даврларга бориб тақалади.

Абдулла Авлоний ҳам Мир авлодга мансуб бўлганмикин. Унинг отасининг тўлиқ исми Миравлон, бобосиники Мирнеъматбой эди-ку. У отасининг ўлимидан сўнг, бобосидан мерос қолган дала-ҳовлисига укаси билан ўзига уй қуриб, яшай бошлайди. Уларнинг шаҳар ҳовлиси, Абдулла Авлоний ўз таржимаи ҳолида кўрсатганидек, Мерганчи маҳалласида бўлганлиги маълум.
Демак, шаҳар ва дала-ҳовлиларга эгалик қилган Миравлон ночор ва камбағал косиб бўлмаган. Абдулла Авлоний ўша даврнинг талабига биноан таржимаи ҳолига шундай деб ёзишга мажбур эди. Авлонийнинг аёллари Саломат Исломова ҳам ўз даврининг бой зодагон оиласининг фарзанди бўлиб, хат-саводли зиёли аёл эди.

Таржимаи ҳолида Авлоний кўпчилик уни “иморатчи уста” деб атаганини ёзади. Бу табиий ҳол. Асл тарихдан маълумки, юртимиз бойлари қадимдан камбағалпарвар ва ҳалол меҳнатни улуғлайдиган инсонлар бўлишган. Масалан, Миркаримбой Тошкентга биринчи бўлиб Германиядан “Зингер” тикув машинасини олиб келади ва унинг қизи бу машинада савоб бўлиши учун коранда-ишчилар учун иссиқ нимча тикиб беради. Демак, шаҳарнинг йирик пулдорлари нафақат зиёли, балки ҳунарли ҳам бўлиб, камбағал ва ночорларга ғамхўрлик қилиб келишган.

Абдулла Авлонийнинг ижтимоий келиб чиқишига оид яна бир жиҳат. Ўзбекчиликда қудачилик, “қарши қуда бўлиш” каби тушунчалар бор. Яъни, бир хил ижтимоий қатламга мансуб оилалар қиз бериб, қиз олишган. Абдулла Авлоний тўнғич фарзанди Савринисони Мирфайзи ва Жаннатнисонинг ўғли бўлган Мирёқубга турмушга беради. Мирфайзининг хонадони ҳозирги пойтахтимиздаги Ислом университети ўрнида, Юнусхон мақбараси ёнида бўлган. Жаннатнисо Миркаримбойнинг қизларидан бири эди. Яъни, Абдулла Авлоний ўша даврнинг катта савдогарларидан бири Мирфайзи ва Тошкентнинг йирик мулкдорларидан бири бўлган Миркаримбойнинг қизи Жаннатнисога қуда бўлади. Қудачилик, асосан, ижтимоий мавқе бўйича тенг бўлган оилалар орасида бўлганлигини эътиборга олсак, Абдулла Авлоний ҳам қадимдан ана шундай ўзига тўқ ижтимоий мавқеидаги оила вакили эканлиги аён бўлади.

Аммо Абдулла Авлонийнинг қизи Савринисо билан Мирфайзининг ўғли Мирёқубнинг турмуши узоққа чўзилмайди. Уларнинг қизи Туйғуной икки ёш бўлганида Мирёқуб, ўша даврнинг кўплаб зиёлилари каби, қатағон бўлиш хавфи туфайли Туркияга кетади. Савринисо икки ёшли қизи билан ота уйига қайтишга мажбур бўлади. Юртимиз ардоғидаги севимли санъаткоримиз Гавҳар Зокирова Туйғунойнинг қизи бўлиб, Абдулла Авлонийнинг эварасидир. Мирёқубнинг чет элга кетиши ўша давр сиёсий тузумига маъқул бўлмайди, албатта. Мирёқубнинг отаси, аёли, кейинчалик қизини ҳам НКВД ходимлари тинмай сўроққа тортишар, бор “ҳақиқат”ни айтишлари учун уриб, калтаклаш усулларидан ҳам воз кечишмасди. Бечора отанинг бу зулм­га чидолмай, тез орада жони узилади. Савринисо қийноқли сўроқлардан хасталаниб, узоқ умр кўрмайди. Туйғуной отасини икки ёшидан бери кўрмаган бўлса-да, воя­­га етгач, то инс­титутга киргунига қадар мунтазам равишда сўроқларга чақирилади.

Абдулла Авлоний билан турмуш ўртоғи Саломат Исломованинг Савринисо, Карима, Қундуз, Ҳакима қизлари, Асатилла, Оталиқ, Кенжа исмли ўғил фарзандлари бўлган. Ҳакима, Кенжа фарзандлари узоқ йиллар давомида оталарининг меросини сақлаб, отасига тегишли ашёларни ардоқлаб келган.
Таниқли адибимиз Ўлмас Умарбековнинг “Қизимга мактублар” асарида Абдулла Авлоний чексиз меҳр ва ҳурмат билан тилга олинади. Ўлмас Умарбеков ҳам Ўқчи маҳаллалик бўлиб, ҳовлилари Миробод даҳасида, яъни ўша пайтларда “Госпитальный” деб аталадаган мавзеда жойлашган эди. Абдулла Авлонийнинг ўғли Кенжа ака билан Ўлмас Умарбеков яқин дўст бўлишган. Шу ўринда, Ўлмас Умарбеков, Абулла Авлоний, Миркаримбойларнинг ўзаро қариндошчилиги бўлганмикан деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Миркаримбойнинг Мирафзал, Мирсоат, Мирқосим, Мирсултон исмли ўғил фарзандлари бўлган. Мирсоат Ўлмас Умарбековнинг Зулфия исмли аммасига уйланган, Умарбековлар оиласига куёв бўлади. Яъни, Миркаримбой оиласининг Умарбеклар оиласи билан ҳам қудачилик ришталари бор. Миробод туманидаги бу уч оила ўзаро қуда-андачилик билан боғланган экан, Абдулла Авлонийнинг ўғли Кенжанинг Ўлмас Умарбеков билан дўстона муносабатлари қариндошчилик муносабатлари билан боғлиқлиги эҳтимолдан холи эмас.

Шўролар гарчи ўзини илм-фан раҳнамоси сифатида намойиш қилса-да, зиёлиларни ўз насли насабини яширишга, қатағондан омон қолиш учун, таржимаи ҳолида ижтимоий келиб чиқишини “ишчилар синфи”дан деб ёзишга мажбур қилган эди. Йирик мулкдорлар, савдогарлар, зиёлилар халқ душмани сифатида қатағон қилиниб, бадиий асарларда (масалан, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романидаги Мирзакаримбой образи каби) салбий бўёқда акс эттириларди.

Демак, бугунги кунда Абдулла Авлоний қаторида совет даврида яшаб ижод этган барча адибларимизнинг ҳаёти, ижоди ҳамда таржимаи ҳолидаги аслиятни, ҳақиқатни юзага чиқариш учун қайта ўрганиш ва ҳаққоний тадқиқ этиш вақти келди.

Юлдуз ОРТИҚОВА,
филология фанлари номзоди.

“Hurriyat” газетасининг 2020 йил 19 август 28-сонидан олинди