Синовнинг шафқатсиз “ҳукм”лари

2020-08-19T07:01:20+05:0019 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Албатта, ер юзида ҳозир кечаётган жараённи ҳеч қандай таърифларсиз ҳам ҳамма ҳис қилиб, тушуниб турибди. Балки кўпчиликнинг ўйидан “Шунақаси ҳам бўлиши мумкин экан-да!?” дегандек мавҳум андиша кечаётган бўлса, ажаб эмас. Негаки, манаман деган илмий марказлар, тафаккури тошни ёрадиган алломалар яқин 1-2 йилнинг эмас, ўн йилликларнинг, балки бутун бир асрнинг қиёфасини чизиб қўйганди, ҳатто лаҳзама-лаҳза кечадиган жараёнларнинг дарагини ҳам келтириб қўйгандики у маълумотларда бундай бўлиши тахмин ҳам қилинмаганди. Мутлақ ҳақиқит эса бошқа воқеликни рўбару қилди. Унинг хулосаси: “Ҳеч қачон яралмиш Яратувчидан ўзиб кета олмайди!” деган оддий таъкиддир, холос. Ҳар бир унсурда бир ҳикмат яширин, ҳар бир воқелик бир сабоқ: ютуқларидан эсанкираб қолган ва шу аснода ўзлигини йўқотган одамзотга шундай кунлар ҳам жоизмикан, деган аламли эътироф кечади кўнгилдан…

Ростдан, аламли. Юртимизда иқтисодий ўзгаришлар энди тезланиш олиб, унинг натижалари кўрина бошлаган, юртдошларимизда ҳам танланган йўлнинг тўғрилигига ишонч мустаҳкамланиб улар эртанги кунга ойдин умидлар билан қарай бошлаган эди. Шукроналар бўлсинки, гарчи силкинишлар рўй берса ҳам бу умид, бу ишонч сўнгани йўқ. Аксинча, пандемия шароитида кўрилаётган тезкор чоралар, уюшқоқлик, ташвишларни бартараф этадиган кучларнинг шайлиги, уларни сафарбар қиладиган механизмнинг барқарорлиги вазиятни барқарор ушлаб туришга изн берди. Одамларнинг мустаҳкам таянчи, суянчи – ғамхўр раҳбари, ҳар қандай юмушни эплайдиган, халқи учун йўқни ҳам йўндирадиган давлати, ҳукумати борлигига ишончи ошди, қолаверса, фавқулодда вазиятларда ҳам тезкор чоралар кўриб, халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига сазовор бўлиш мумкинлигига гувоҳ бўлди. Албатта, балонинг кўлами, унинг хавфлилиги бепарво бўлишга йўл қўймайди. Давлатимиз зарур чораларни кўришдан чарчамаяпти, ер юзининг қайси нуқтасидан бўлмасин, янгидан яратилаётган тиббий воситаларни кечиктирмай етказиб келаяпти.

Албатта, маълум ҳудудда тарқалган юқумли касаллик — эпидемия, катта ҳудудларни қамраб олган пандемия азалдан инсоният бошига катта фалокатлар олиб келган. Одамзот бундай балонинг чечак (оспа), ўлат (тоун), вабо, “испанка” (чўчқа гриппи) ва ОИТС сингари турларига рўбару бўлганди. Ҳали тиббиёт ривожланмаган шароитларда бу иллатлар миллионлаб кишиларнинг умрига зомин бўлгани, 20-25 йиллаб одамларни исканжада ушлаб тургани, ҳатто, Африкадан келтирилган қора танлилар юқтирган чечак туфайли Лотин Америкасида гуллаб турган инклар, ацтеклар цивилиза­цияси барбод бўлиб кетганини кўпчилик билади. Бу коронавирус деган COVID-19 балоси бош­қача келди. Табиий, ҳали инсоният осойишта турмуш тарзига қайтади, бу кунларни совуққонлик билан таҳлил қилади, шунда, балки кутилмаган далиллар юзага чиқиб қолар, лекин нима бўлганда ҳам бу ҳолнинг пайдо бўлиши шу замон кишиларининг шаккоклиги туфайли юзага келгани тасдиқланиши шубҳасиз. Алломалар фавқулодда ҳолатларнинг рўй беришида икки омилни таъкидлаб кўрсатганлар: руҳий омиллар, жисмоний омиллар. Жисмоний омил сифатида шундай таъсирга эга бўлган вируснинг табиатда (балки лаборатория шароитида) мавжудлиги далили қайд қилинса, руҳий омил сифатида кишиларнинг маънавий-ахлоқий ҳолати, маданияти, онглилик даражаси тарози палласига қўйилган. Ана шу кейинги омил пандемияни бартараф этишда ҳал қилувчи вазифани бажарган. Буни оддий қилиб тушунтирсак: мана, мутахассис тавсия берди, бу тавсиялар чуқур илмий асосга эга. Балони даф этишнинг оммавий тарзда қўлланиладиган бошқа йўли йўқ. Хўш, шундай бўлгач, аҳоли қандай йўл тутиши лозим? Шак-шубҳасиз, тавсияларга қатъий амал қилиши, атрофидаги вазиятга ҳам кўз-қулоқ бўлиб, бунинг бажарилишини бошқалардан ҳам талаб этиши шарт. Ана шундай қатъий, қолаверса, ҳарбий ҳолатдагина пандемияни бартараф этиш мумкинлигини тажрибалар тасдиқлаган. Қайд этдик, тарихда интизомсизлик, бош-бош­доқлик туфайли қора чечак 26 йил давом этган ва оқибатда гуллаб турган тараққиёт кунпаякун бўлган. Бундай ҳоллар сабоқ бўлиши лозим.

Фақат қатъий тартиб, чидам ва сабр — пандемияни енгишнинг синалган усуллари шулар. Умуман, ҳар бир киши халқимизнинг “Балодан — ҳазар!” деган пурмаъно ҳикматига амал қилса, мақсадга тезроқ восил бўлинади. Тарихда шундай воқеа бўлган экан. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га сидқидилдан хизмат қилган ва тириклигидаёқ ўн нафар жаннатий саҳобадан бири сифатида эътироф этилган Абу Убайда ибн Жарроҳ Шом (Сурия) валийси эди. Ул зотнинг ҳузурига халифа Умар (р.а.) ташриф буюрадилар. Шу кунларда Шомда вабо тарқалгани дараги бор эди. Валий халифага пешвоз чиқиш учун энг чеккадаги қишлоққа чиқади ва биринчи кўришиданоқ муҳим воқеа сифатида вабо тарқалганини айтади. Жамоада қандай йўл тутиш борасида иккиланиш пайдо бўлади. Ҳолбуки, бу ҳолнинг ечими Пайғамбаримиз таълимотларида мавжуд эди. Айнан шу ҳадисни ўз қулоғи билан эшитган саҳоба Абдураҳмон ибн Авф таклиф этилади ва ушбу ҳадис қироат қилинади: “Қачон унинг бирор ерда борлиги ҳақида эшитсангиз, у томон борманг. Қачон сиз турган ерда у воқеъ бўлса, ундан қочиб чиқмангиз”. Бу талаб ҳозирги истилоҳ билан айтганда “карантин”нинг ўзи. Демак, унинг талабларига амал қилиш омон қолишнинг ягона йўли. Ўша пайтда худди шундай йўл тутилган. Мусоҳабадан кейин гарчи Шом аҳли бу сафарни орзиқиб кутган бўлсалар ҳам Умар (р.а.) Мадинага қайтиб кетдилар, дейилади тарихий манбаларда. Нақадар ибратли ҳолат!

Бугунги даврга келиб табобат жуда ривожланди, одамзотга қирғин келтирган касалликлар жиловланди, ҳатто улар бутунлай йўқ бўлиб кетди, бироқ истисно тариқасида, зарурат туфайли сабоқ бўладиган усуллар эскиргани йўқ. Негаки, моҳият ўзгаргани йўқ — офат илм билан басма-бас хуфиёна белгиларини ривожлантираяпти, шу туфайли бир эпидемия бошқасига ўхшамайди. Шундай шароитда туб асос бўлган усуллар, масалан, карантин балони даф этишда дастлабки қадам ҳисобланади. Агар юртимизда кечаётган таш­вишли ҳолат ва карантин талаб­ларига риоя этиш манзарасини таҳлил қилсак, гўё одамларнинг соғлиғи ўзига эмас, бировга (масалан, карантин қоидаларига амал қилишни талаб қилаётган мутасаддига) керакдек. Ҳолбуки, касаллик ёпишса, жабрини ҳар кимнинг ўзи тортади, ташвишга ҳам яқин кишилари қолади. Шу оддий ҳақиқатни англаб етишга ожиз кишига бошқа танбеҳ ортиқча. Ана шундай ўринда одамларнинг шахсий маданияти, тушунчаси қай даражада эканлиги намоён бўлаётир.

Юртимизда пандемияни жиловлаш, балони даф этиш учун ҳамма чоралар кўрилаяпти. Бу юмуш давлат бошлиғининг биринчи даражали ташвишига айланганини ҳар куни кўрилаётган чора-тадбирлардан билиб олиш қийин эмас. Ана шундай таҳликали шароитда ўзгаларнинг ташвишини ўзиники билиб, тиним билмаётган зотларнинг саъй-­ҳаракатлари, халқимиз қалбидан кечаётган шу ватандан, шу оқибатли юртдан, унинг Йўлбошчисидан ғурурланиш туйғуси ғам-ташвишларни бартараф этишда руҳий мадад бўлаяпти. Қаранг, муҳташам спорт ареналари, кўргазма иморатлари, давлат ташкилотларининг маъмурий бинолари шифохоналарга айлантирилаяпти. Қимматбаҳо дори-дармонлар келтирилаяп­ти. Буларнинг ҳаммаси коронавирусни бартараф этиш учун ҳеч нарса аялмаётганини кўрсатади. Энди “Саломга яраша алик” дегандек, бу фидойилик­ларнинг моҳиятини юртдошларимиз ҳам сезишлари, ўзларида шунга яраша масъулият ҳис этиш­лари инсоний қарздир. Негаки, “Қарс икки қўлдан” деганларидек, барча шароитни муҳайё қилиш, дори-дармонларни тўкиб ташлаш билангина муддао ҳосил бўлмайди, аксинча, ҳар бир ғамхўрлик унсури кишилар қалбида оқибат, андиша, миннатдорлик туйғуларини уйғотиши жоиз. Бундай фавқулодда ҳолатлар кўп нарсага синов ҳам ҳисоб­ланади. Олайлик, ўроқ бир умр қозиқда осилган туриши мумкин, фақат уни ишлатганда ўткирлиги ёки синиқ-чириганлиги билинади. Ҳозир ҳам ҳамма нарса синовдан ўтадиган палла. Вазиятнинг шафқатсизлиги шундаки, айни пайтда кимнинг кимлиги аниқ билиниб қолаяпти. Пандемиянинг дастлабки даврлари — ҳали вазият изга тушмаган, очиғи, гап нимадалиги ҳам аниқ бўлмаган пайтда дори-дармон, тиббий ускуналар билан чайқовчилик қилган юртдошларимизнинг тубан қилиқлари узоқ вақт халқимизнинг эсидан чиқмаса керак.

— Қизиқ манзара, — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасининг олий тоифали шифокори Зайниддин Чориев. — Одамлар ҳарорати кўрпани ёқиб юборадиган бўлиб, жон талашиб ётибди, унга зарур 18-20 минг сўмлик таблеткани 800 минг сўмдан сотиб туришибди. Аптекага келган дорини арзон нархда сотиб олган-да, қайси бир тирқишларга яшириб, ўн-йигирма баравар сотаяпти. Бировнинг ҳаёти эвазига даромад топаётган кимсалар уялмасмикан?!

Йўқ, уялмайди. Агар одамдаги энг оддий туйғу — уят ўлмаганда эди, бунчаликка борилмасди. Ахир халқнинг халқлиги, унинг қандай ишларга қодирлиги бош­га ташвиш тушганда билинади-ку! Ёв бостириб келганда ўз юртдошини унга тутиб бериб, манфаат кўрган одам ким ҳисобланган? Албатта, хоин ва у қаттиқ жазога тортилган. — “Чет элга қатнайдиган бир танишимиз вирус юқтириб олди, — дей­ди чинозлик Ором Мирзаев, — кислород берадиган ускунани бир хусусий тижоратчидан 2200 долларга олишга мажбур бўлдик. Мана, энди кўраяпмиз 200 доллар турар экан”. Бундай ҳоллардан (ҳатто эшитган кишининг ҳам) юзи қизариши керак. Ташвиш­ли кунлар ортда қолади, лекин унинг доғи узоқ сақланади. Ҳеч кимни нафс балосига гирифтор қилмасин.

Фавқулодда вазият имтиҳон қилаётган ҳолатлардан бири — одамларнинг инсонийлиги, оддий қилиб айтганда, шахсий маданияти ҳам бўлаяпти. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, шифохонага тушган қариндоши ёки ота-онасининг изидан келганлар палатага кириб, яқинини кўришни жуда “хоҳлашар” экан. Шифокорлар карантин талабларини эслатса ҳам хархаша қилиб, уларнинг асабига тегишаркан. Ёки аҳволи ўнгланган беморга даволанишни уйида давом эттириши мумкинлиги тушунтирилса, “Кетмайман. Охиригача шу ерда даволанаман” деб олишаркан. Ҳолбуки, аҳволи анча оғир беморлар жой бўшашини кутиб, коридорда ётишибди. Ана шундай худбинликлар, ҳамюртининг аҳволига беписандлик сингари иллатлар ҳам шифохоналарда муҳитга таъсир қилаётган экан. Ёки врачлар, ҳамшираларнинг беминнат хизматини қадрламаслик, уларга ҳурматсизлик қилиш ҳолларининг учраётгани шифокорларнинг фидойиликларига нисбатан кўрнамакликдан бошқа нарса эмас. Заҳматли меҳнатлари эвазига вирус юқтириб олиб, вафот этаётган шифокорлар борлиги ҳам ёлғон эмас. Уларни қадрлаш ҳозирги ша­роитда оддий инсоний бурч бўлиб қолаётир.

Албатта, “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, бундай ҳоллар истисно тариқасида учраб турибди, аммо салбий кўринишлар оқибатли, яхшиликка яхшилик билан жавоб берадиган халқимизнинг обрўсига соя ташлай олмайди. Ижтимоий ҳаётда нохуш ҳоллар юзага келишининг эса ўзига хос сабаб­лари бор.

— Мустақиллик йилларида одамларимизнинг моддий фаровонлиги ниҳоят даражада ўсди, талабчанлиги ва эҳтиёжмандлиги бир неча баробар ортди, —дейди нафақадаги ҳуқуқшунос Эргаш Бозоров, — оддий мисол: чанқов босишга олдин “Тошкент суви” деган ичимлик бўлар, у ҳам унча-бунчада топилавермасди. Энди бундай ичимликнинг тури юздан ошиб кетди. Худди шундай, одамларимизнинг фаровонликка интилиши ҳам кучли, икки қаватли уйлар ҳеч кимни ажаб­лантирмай қўйди. Ёки 15-20 йилнинг атрофида Отчопарнинг тупроғини чангитиб, оҳак ёки ром сотиб юрган боланинг ҳам 2-3 машинаси, 4-5 квартираси бор. Албатта, булар яхши, лекин масаланинг иккинчи тарафи — маънавиятга ҳам талаб шунчалик ошдими? Ўша бозорчи йигит ҳар йили битта ёки иккита китоб ўқийдими? Афсуски, ижобий жавоб бериб бўлмайди. Маънавият ва моддият баравар кетмас экан, тарозининг шайини қийшиқ бўлиб тураверади, — дейди подполковник Э.Бозоров фикрига урғу бериб.

Албатта, шайи қийшиқ тарози ҳеч нарсани тўғри ўлчай олмайди. Ҳар қандай масалада тарозиниг оғир палласига қараб фикр юритилади. Оғир палла эса моддий бойликлар турган тараф — пул, мол-мулк, ҳашам, маишат. Рости, ҳозир “Пулим бор — ҳамма нарсам бор” деган тоифа пайдо бўлган. Улар учун маърифат, инсоний фазилатлар, умуман, инсонийлик рўйхатидан ташқари нарсалар. Бўлмаса, қандай тошбағирликки, бир юртдоши тириклик ва ўлим ўртасида олишиб ётибди, у эса бировнинг фожиасидан бойлик излайди? Ахир эртага ўзи ҳам шу кўйга тушиши мумкин-ку?! Мана шу оддий ҳақиқат маърифатсизлик гумроҳга айлантирган одамнинг хаёли кўчасидан ҳам ўтмайди.

Ҳаётнинг кескин лаҳзаларида кимнинг кимлиги билиниб қолади ва бу таассуротлар хотирада узоқ вақт сақланади. Бир кун ёруғ дамлар насиб этса, ўзининг тубанлигини намойиш этганларга тавқилаънат ёрлиғи ёпиштирилса, шу кунларнинг оғирлигига елкасини тутиб берган фидойилар фахр билан эсланади. Мана, саховатли юртдошимиз Алишер Усмонов салмоқли маблағларни хайрия қилди. Бу ҳам ҳеч кимнинг ёдидан чиқмайди. Ана шундай саъй-ҳаракатлар кишиларда ҳаётнинг бардавомлигига ишонч ҳосил қилиб, ёқимсиз таассуротларни ҳам ювиб юборади.

Шу ўринда ўзи шифокор бўлган, аммо адабиёт оламида ҳам ёрқин из қолдирган Антон Чеховнинг гапларини қайд этиб ўтиш жоизга ўхшайди: “Фидойи кишилар қуёшдек зарур. Улар жамиятнинг энг нафис ва ҳаётбахш унсури бўлиб, бошқаларга ҳаяжон, таскин берадилар ва ёшартирадилар. Уларнинг шахсиятлари – қуруқ сафсата сотувчи, бир мирига арзимайдиган мижғов ғоялар билан яшовчи, ҳаётни инкор этиш учун ахлоқсизликлар қилувчи ва бир бурда нон, деб ёлғон гапирувчи (ҳар қандай тубанликка қўл урувчи) кишилар тоифасидан ташқари бошқача одамлар, жасорат, эътиқод ва аниқ мақсадга эга бўлган одамлар ҳам борлигини жамиятга уқтириб турувчи жонли гувоҳлардир”.

Шукроналар бўлсинки, қуёшли юртимизда қалбидан қуёш, ёруғлик нур сочиб турадиган кишилар кўп. Элимизнинг бойлиги, эртанги умиди ҳам шундан.

Ҳаким САТТОРИЙ

“Hurriyat” газетасининг 2020 йил 19 август 28-сонидан олинди