Қарз қарзни етаклаб юради

2020-08-19T06:56:53+05:0019 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Республикамиз аҳолисини маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий ахборотларга бўлган эҳтиёжини қондириш, мамлакатимиз ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг оммага етказиш ҳамда оммавий ахборот воситаларининг фаоллигини янада ошириш мақсадида 1999 йилнинг 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вақтли матбуот тарқатиш корхоналари бошқариш тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоят ҳокимининг 225-сонли қарори асосида вилоятда Ўзбекис­тон Республикаси “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компанияси тизимида Фарғона вилояти “Матбуот тарқатувчи” шўъба корхонаси ташкил этилган.

Ушбу корхона вилоятнинг барча шаҳар-туманларида ташкил қилинган бўлимлари орқали юридик ва жисмоний шахсларни вақтли даврий нашрларга обуна қилиш, обуна нашрларини вақтида етказиб бериш ишлари билан шуғулланиб келади. Шунингдек, корхона ҳисобидаги “Матбуот” киосклари орқали аҳолига газета ва журналлар савдосини ҳам йўлга қўйган.

Аммо, кейинги пайтларда вилоят ҳудудида хусусий тадбиркор сифатида фаолият олиб бораётган обунани ташкил қилувчи жамиятлар кўпайди. Уларнинг фаолиятини назорат қилиш, даврий нашрлар ва обуначи ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш борасида амалда ҳаракат қилинмаяпти. Натижада, обуначиларда даврий матбуот нашрларига нисбатан ишончсизлик ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу сабабли, “Матбуот тарқатувчи” шўъба корхонаси обуна мажбуриятларини тўла-тўкис бажариш, белгиланган тартибда газета ва журналларни обуначиларга етказиб бериш ишларини мавжуд қонунга биноан ташкил этган. Шунга кўра, обуначи ташкилотлар билан тузилган шартнома асосида жойларга даврий нашрлар етказиб берилган. Аммо, айрим ташкилотлар, аслида бюджетдан маблағ ажратилган бўлса-да, 2020 йил учун тўлов мажбуриятини ҳалигача бажармагани ажабланарли ҳолат. Қолаверса, 2021 йил учун обуна мавсуми эшик қоқмоқда.

Энг ачинарлиси, “Матбуот тарқатувчи” шўъба корхонаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 25 январдаги 33-сонли қарорига асосан корхона ва ташкилотлар, хўжаликлар, таълим муассасаларининг кундалик ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, мамлакатимиз ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг оммага етказиш, халқ фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларни тарғиб қилиш мақсадида жойларда маҳаллий бюджет ҳисобидан 10 турдаги нашрларга доимий равишда обуна ташкил этиб келинган. Ўтган давр мобайнида даврий нашрларга обуна бўлган муассасаларга газета ва журналлар ўз вақтида етказиб берилган.

Бироқ, ажабланарлиси обуна учун маблағ маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жойларга ўтказиб берилган бўлса-да, аммо обуна маблағи анча вақтдан буён корхона ҳисобига ўтказиб берилмагани кишида шубҳа уйғотади. Наҳотки, обуна пуллари йиллар давомида “туя” қилиниб келинмоқда?

Сўнгги суриштирув натижаларига кўра, обуначи идора-ташкилотлар, таълим ва бошқа муассасалар мавжуд обуна маблағлари тўловларини 2020 йилда ўтказиб бериш мажбуриятини олган, аммо натижа кўринмаяпти. Уларнинг мақсади нима? Обунадан қарз — қарз эмас, “Матбуот тарқатувчи” шўъба корхонаси нима қила оларди, демоқчими?!

Энг ёмони, шўъба корхонанинг таҳририятлар олдидаги қарздорлиги ошиб бораяпти. Агар аҳвол шундай давом этса, корхонамиз келажаги нима бўлади? Ўйлашга ҳам қўрқасан, ахир таҳририятлар маблағига хиёнат қилиш ҳеч бир замонда бўлмаган.

Корхонанинг молиявий аҳволи оғирлашгани боис 80 нафардан зиёд ишчи-ходимлар ишлаган даврлари учун уч ойдан буён маош олишолмаяпти. Бу ҳам етмаганидек, корхонанинг давлат солиқ идораси олдидаги қарздорлиги ортиб бораяпти. Ушбу масала юзасидан “Матбуот тарқатувчи” шўъба корхонаси директори Ҳатимахон Ғофуровага учраганимизда, қуйидагича изоҳ берди:

— Вилоят бўйича обуна ташкил этилган идора, ташкилотлар ва муассасаларнинг биздан қарздорлиги бугунга келиб 1 573 914 780 (бир миллиард беш юз етмиш уч миллион тўққиз юз ўн тўрт минг етти юз саксон) сўмни ташкил этмоқда. Қарздорлик масаласида бир неча бор тегишли органларга мурожаат қилинишига қарамай, ҳанузгача қарзларимизни ўндириб беришгани йўқ.

— Нима учун судларга мурожаат қилмагансиз?

— Биз аввал ҳам вилоят прокуратурасига ариза киритгандик, аммо шу кунгача эътиборсиз қолдирилди. Ҳозирда аризамизни қайтадан тайёрлаб яна вилоят прокуратурасига топширмоқчимиз. Агар ҳаракат қилмасак, ходимлар иш ташлаши мумкин, вилоятдаги таҳририятлар бизни судга бериши эҳтимолдан холи эмас. Албатта, бунга қонунлар назоратчиси — вилоят прокуратураси эътибор қаратади, деган умиддамиз.

Маъруфа СОЛИЕВА.

“Hurriyat” газетасининг 2020 йил 19 август 28-сонидан олинди