Навоий вилоятида йўл қурилиши соҳасига эътибор қай даражада?

2020-08-18T09:14:02+05:0018 Avgust, 2020|Навоий вил.|

Маълумки, равон йўллар — жадал юксалиш ҳамда фаровонликни ўзида акс эттиради. Боиси, умумфойдалнувдаги йўл ва кўчаларнинг равон бўлиши жойларда ҳаёт сифатини юксалтиради. Вилоятимизда ҳам жами 9 минг 444,9 километр узунликдаги автомобил йўллари мавжуд бўлиб, умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари 4 минг километрдан зиёдни, қолгани ички йўлларни ташкил этади.

2020-2022 йилларда 7 та объектда реконструкция қилиш ишлари белгиланган бўлиб, жорий йилнинг ўзида мазкур лойиҳалар ижроси учун 29 миллиард сўм сарфланади. Бир қатор йирик лойиҳалар юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида тендер ўтказилиб, июн ойида белгиланган ишлар жадал бошлаб юборилди. Хусусан, Навоий йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси томонидан йўл қурилишида замонавий талаблар асосида 3 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятдаги 4Р57 «Қизилқум ҳалқа» автомобил йўлининг 8 километр қисмларида ҳамда 4Р230 “АЗ79 автомобил йўлининг 10 километри ва шу йўлга туташ Бешработ-«Навоий-Нурота» автомобил йўлининг 6 километр қисмларини, шунингдек, Хатирчи туманидан ўтувчи давлат аҳамиятдаги 4Р48 «Зарафшон тракти» автомобил йўлининг 127-133 километрларида реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ушбу йўлларнинг кенглиги илгари 6 9 метрни ташкил этган бўлса, янги йўлларнинг эни — асфалт қопламанинг ўзи 19,1 метрни, сув қочириш лотоклари ҳамда пиёдалар йўлаги билан бирга 25 метрни ташкил этади. Қолаверса, йўллар ўртасида қуёш энергиясида ишловчи тунги ёритгичлар ҳам ўрнатилади.

— Илгари йўлларимизда оғир юк машиналари кўп қатнамаган, — дейди корхона бош муҳандиси Умид Мирзаев. — Шу боис йўлларда бир ўққа тушадиган юк 9 тоннани ташкил этган. Бироқ мазкур ҳолат бугунги кун талабига жавоб бермайди. Эндиликда янги қураётган йўлларимизда бу рақам 13 тоннани ташкил этади. Мазкур омил ушбу йўллардан узоқ муддат таъмирсиз фойдаланиш имконини беради.

Бундан ташқари, Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан давлат аҳамиятдаги 4Р56 «Оқтош-Янгирабод-Лангар-Чуя» автомобил йўлининг 11 16 км қисмида реконструкция қилиш, объект ҳудудида жойлашган кўприкни кенгайтириш ишлари амалга оширилмоқда. Навоий кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан эса 4Р55 «Метан-Қўшработ-Нурота» автомобил йўлининг 120 126 км қисмида ҳамда 4Р63 «Когон-Қизилтепа-Тошработ-Янгиқўрғон йўналиши» бўйича 52 69 километр қисмида автомобил йўлини реконструкция қилиш ишлари бажариляпти.

Инвестиция, табиий офат оқибатларини бартараф этиш ҳамда инқирозга қарши кураш дастурлари доирасида жорий йилнинг ўзида жами 73 километр умумий фойдаланишдаги йўл реконструкция қилинади.

— Маҳаллий ҳокимликлари балансида бўлган ва маҳаллий бюджет параметрларида кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан шаҳар ва туман марказлари ҳамда қишлоқларда йил якунигача жами 58,2 километр ички йўлларни таъмирлаш ҳам кўзда тутилган, — дейди вилоят Автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Ҳалимов. — Бу борада манзилли рўйхат шакллантирилиб, ҳозирда пудратчи корхоналар томонидан 30,7 километр жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Ишлар қизғин давом этмоқда. Шунингдек, тизимдаги йўл қурилиш корхоналар томонидан автотранспорт техникаларнинг кечаю кундуз ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўллар равонлигини ошириш мақсадида 250 километр умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди ҳамда 500 километрда йўл ётиқ чизиқлари, 1700 донадан ортиқ нур қайтарувчи янги йўл белгилари ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, карантин даврида санитария-гигиена талаблари асосида қизғин давом этаётган бунёдкорлик ишларида замонавий технологияларни қўллаган ҳолда аҳоли учун давр талабига мос шарт-шароитлар яратиляпти. Бу борада эса минг-минглаб йўлсозларимиз фидойилик кўрсатмоқда.

Озод МУСТАФОЕВ

ЎзЖИУ Навоий вилояти бўлими мутахассиси