Беморни кўриб, менга ҳам ҳаво етмай қолди

2020-08-13T04:54:31+00:0013 Avgust, 2020|Сирдарё вил.|

Сунъий  нафас  бериш аппаратидан чиқаётган ҳар хил овоз,  яшаш учун курашаётган касал киши ҳолати юрагимда қўрқув уйғотди.

Юрагимда уйғонган ички хавотирни тасвирлаб, таърифлаб бера олмайман. Олдинига ўзимда куч ҳам, журъат ҳам сезгандим. Кейин…

Ҳимоя кийимларини кийиб йўлак бўйлаб боряп­ман. Олдимда шифокор. Мен бормоқчи ва даволаётган беморларни кўрмоқчи бўлган бўлим томон йўл кўрсатяпти…

Пашша учса билинади, жимжит. Жонлантириш бўлимига яқинлашяпман…

Юрагимда ҳадик ва хавотир, юрагим тез-тез ура бошлади. Бўлим эшиги очилди. На юзи, на кўзи кўринмайдиган даражада кийинган врачлар, ҳамширалар, бекалар салом беришди. Уларни ўзга сайёраликларга ўхшатдим. Ўзимни ҳам. Кийган кийимимиз шунга монанд эди…

Каттагина хона. Кўзим энг биринчи хонадаги каравотга,  қийналгунча нафас олаётган беморга, ҳар хил тушунарли ва тунашарсиз, те-те, те-те, те-те, деб чийиллаб овоз чиқараётган аппаратларга тушди…

“Менга нима бор эди”, дея ўйладим. Қўрқа  бошладим. Ўзимни улар ўрнига қўйиб кўрдим. Буёғини айтолмайман…

“Фахриддин Ҳамидовман”, деб ўзини таништирган шифокордан секингина сўрадим: “Беморларни соғлиғи яхшими, бирон-бир ўзгариш борми?”

“Насиб қилса бўлиб қолар. Биз ҳам шу илинжда қараяпмиз”, дейди у. Бошқа ҳеч нарса сўрамадим.  Тушунарли, деганча бошимни қимирлатдим. Хонадаги дориларни кўрсатди. Касаллик тарихини ўқий бошлади. Бири 1962 йилда, яна бири 1984 йилда яна бири 2000 йилда, яна бири 2004 йилда туғилган фуқаролар.

Кимнидир  ёри, кимнидир  фарзанди, яна бири эса ўн гулидан бир гули очилмаган йигит, у ҳам кимнидир жигарбанди. Юрагимни оғриғи кучая бош­лади. Вужудимда эса титроқ. Катта давраларда, ўртоқлари орасида гап бермайдиганларнинг аҳволини кўриб, одамнинг бир хас каби ожиз эканини ҳис қилдим.

Коронавирус қай аҳволга солиб қўйган буларни. Ўзимда базўр куч топиб турибман. “Курашмоқда улар вирус билан”, дейди шифокор. Мен-ку бир зумга келдим, қарадим, кўрдим. Шифокорлар эса тун-кун улар билан. Олишяпти вирус билан тўшакдаги бемор сингари.

Менга ҳаво етишмаяпти, беморга ҳам. Бошқа ҳеч нарса сўрай олмадим. Олиб келган матоҳим билан суратга олдим, тезда ортимга қайтдим. Фақатгина сўнгги айтганим: “Беморларга Яратганнинг ўзи шифо, улар ёнларида парвона бўлаётган шифокорларга сабр берсин”.

Яна ўша эшик, ўша йўлак. Йўлакдан ташқарига йўналдим. Дарддан холи, соғ-саломат эканимга шукр қилдим…

Беихтиёр юрагим тубидан бир сўз отилиб чиқди: “Одамлар, ўзингизни ўзингиз асранг!”

Ғулом ПРИМОВ,

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш

бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.