Касбини шарафлаган инсон

2020-08-11T06:35:23+05:0011 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Ушбу мақола “Ўзбекистон матбуоти”журналининг 2011 йилдаги 3-сонда эълон қилинганди. Раҳматли Шавкат ака Амиров билан бир неча йил бир хонада бир йўналиш бўйича ишладик. Кўп хайрли, шарофатли. фазилатли инсон эди.

(Муаллифдан)

“Университетни “имтиёзли диплом” билан битириб газета таҳририятига ишга келганимда мухбирлик эмас, мусаҳҳиҳ лавозимига ишга қабул қилганимдан бир оз хафа бўлганман. Ўшанда устозларимдан бири “Хафа бўлманг, биз ҳаммамиз ишни мусаҳҳиҳликдан бошлаганмиз. Университетда ўқимаганингизни шу “мактаб”да ўқийсиз” деб тасқин беришган. Кейин иш жараёнида устозларнинг гапи нақадар ҳикматли эканлигига ишонч ҳосил қилдим”.

Ушбу сўзларнинг муаллифи ажойиб инсон, меҳрибон устоз, соҳирқалам ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шавкат ака Амировнинг таржимаи ҳолини варақлаганимизда, у киши журналистиканинг катта мактабига киришидан олдин, нафақат мусаҳҳиҳлик, фотерепортерлик ёки оддий мухбирлик ишни қунт билан ўзлаштиришдан ташқари, маълум даражада ҳаёт мактаби, инсонийлик дарсхонасини ўтаганидан, яъни Тошкентдаги сирланган идишлар корхонаси, Қишлоқ хўжалик машинасозлиги (“Ташсельмаш”) заводида оддий ишчи бўлиб, кунни тунга, тунни кунга улаб меҳнат қилганидан воқиф бўлдик. Айни вақтда ўз орзусини рўёбга чиқариш учун Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетининг кечки бўлимида таҳсил олган.

Журналистлик касби Шавкат аканинг қалбига ёшлигиданоқ чўғ солган. Бу иссиқ тафт аввало ўз юрти жамоли, кўнглидек виқорли тоғларининг сўлим ҳавосини, бетакрор қиёфасини қаламга олиш, одамларнинг меҳнатини рўёбга чиқариш бўлди. Ана шу орзу уни катта ҳаёт йўлига чорлади. Одамлар ҳақида ёзаркансан, улар орасида кўпроқ бўлмоқ, қилаётган меҳнати, заҳматию роҳатини бирга тотмоқ керак—бу журналист учун ёзилмаган қонун.

У беш йил олий ўқув юртида олган билимларини ҳаёт билан уйғунлаштириб, одамлар орасига кирди. Улар билан тез тил топиша оларди. Чунки меҳнатда қўли қотган ёш журналист ўз қаҳрамонларининг меҳнатини қадрлай билар, улар қўлга киритган ютуқлар ҳақида мақолалар ёзишга ошиқарди.

Шавкат Амиров ижоди серқирра: республика, вилоят, шаҳар ва туман газеталари саҳифаларида чоп этилган лавҳа, публицистик мақолалар, фотолавҳалари оз эмас.

Меҳнаткашлик унинг қонида бор, дейишади дўстлари. Унинг ана шу фазилати Ўзбекистон радиосига ишга келганида, радиожурналистиканинг барча соҳаларида ижод қилганида ўзининг тўлиқ исботини топди. У ижодкорлик касбининг янги-янги қирраларини намоён қилиш учун тинмай изланди. Бу жиҳатлар ҳам Шавкат Амиров ижодий фаолиятида изчил акс эта бошлади—республика радиосининг сиёсий-ижтимоий муҳарририятида етакчи журналистлардан бирига айланди. Унинг талқинидаги “Ўзбекистон ишчиси”, “Ишчинома” публицистик–мусиқий эшиттиришлари кўплаб тингловчилар эътиборини қозонди. Журналист Шавкат Амиров томонидан тайёрланиб, эфирга узатилган “Оталар ибрати-ёшлар мактаби” кўп қисмли радиофильмлар ҳам тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди, муаллиф мухлислари сонини янада кўпайтирди.

Қарангки, худди шу даврлар шўролар салтанатининг “ҳукм”лари яшнаган даври эди. Ўзбекистонда ўзбек халқи қалбининг энг чуқур жойларида яшириниб, илдиз отаётган орзу-умид ниш уриб қолди. 1978 йилнинг биринчи январидан бошлаб ўзбекистонликлар ўзбек тилидаги “Машъал” радиостанциясига эга бўлдилар. Дастлаб бу радиостанция тўрт соатгина эшиттириш олиб борар эди.

Ўша даврда “Сўнгги ахборот” бош муҳарририти қошида ташкил этилган “Машъал”нинг ижодий гуруҳи ўн икки кишидан иборат эди. Шуҳрат Қосимов, Мираҳмад Раҳимов, Зайниддин Тожиев, Наримов Ирисов, Тўлаган Тўхтаев (охиратлари обод бўлсин!) каби моҳир, ўз касбининг фидойси бўлган журналистлар унинг дастлабки дастурларини яратганлар. Ана шундай кичик бир гуруҳ билан иш бошлаган Шавкат Амиров ўша пайтдаёқ “Машъал” истиқболини кўра билган. Эшиттиришлар вақти кўпая боргани сари “Машъал”нинг эл орасидаги обрў-эътибори, мавқеи ҳам ортди.

Йиллар ўтган сари “Машъал”нинг ижодий жамоаси кенгайиб оддий бўлимдан ўсиб чиқиб, бош муҳарририят сифатида таркиб топди. Бу ишларнинг бошида турган ва ташаббускори бўлган етук, маҳоратли журналист олдида энди янги-янги вазифалар, ижодий изланишлар турарди. Шавкат Амиров бош муҳаррир сифатида, аввало, кадрларни танлай билди, жамоада дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимият уфуриб турган ижодий муҳитни яратди. Бу эса ўз навбатида ижобий самарасини кўрсатди, ижодкорларнинг янги-янги қирраларини очиб берди. “Машъал” тўлқинида эндиликда ахборот ахборот дастурлари қатори иқтисодий-ижтимоий, тарихий-публицистик, маънавий-маърифий туркум эшиттиришлар: “Тадбиркор”, “Тарихингдир бир жаҳон”, “Адолат овози”, “Иймон-эътиқод” “Саховат” рукнидаги эшиттиришлар эфирга узатилиб, ўзининг кўп сонли мухлисларга эга бўлди.

“Машъал” овози кейинги йилларда нафақат республикамизда, балки дунё бўйлаб тарала бошлади. Айниқса ўзбек халқ мусиқасини ташвиқ-тарғиб қилишида бу радиостанциянинг роли бағоят катта бўлган.

Шавкат ака Амиров ўзига хос муаллим ва мураббий эди. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” юксак унвони қарийб 40 йил соҳада кўрсатган хизмати, маҳорати эвазига берилди. У кўп йиллар давомида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (бугунги АОКА) нинг ахборот-таҳлил гуруҳи фаолият кўрсатиб, ёшларга ўрнак бўлиб, жамоанинг соҳиби ҳурмат ва обрўли инсонлардан бирига айланган эди.

Шоқаҳҳор Салимов