Кучли ирода соҳиби эди

2020-08-10T06:43:43+05:0010 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Филология фанлари доктори, профессор, адабиётшунос олим Санжар Содиқов оламдан ўтди. Кўп журналистларга сабоқ берган қадрдон устоз 2020 йил 6 август куни 80 ёшида фоний дунёни тарк этди.

Санжар Содиқов 1940 йили 21 июлда Тошкент шаҳрида, зиёли оиласида таваллуд топган. Пойтахтдаги кўзи ожиз болалар мактаб-интернатини тамомлаган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетида таҳсил олган. 1965 йилдан то умрининг сўнгига қадар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон тиллари университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетларида ёшларга таълим берган.

Олимнинг «Оламни яшнатувчилар» (1977), «Абдулла Қаҳҳор ижоди ва адабий танқид» (1996), «Сўз санъати жозибаси» (1996), «Ижоднинг ўттиз лаҳзаси» (2005), «Янги ўзбек адабиёти тарихи» олий ўқув юртларининг сиртқи бўлимлари учун дарслик (2006), «Мўъжизалар мўъжизаси» (Озод Шарафиддинов портретига чизгилар) (2006), «Роман ва танқид» (2008), «Радиожурналистика асослари» журналистика факультетлари учун ўқув қўлланма (2010), «Ҳақиқат ва адолат қуёши» (2011), «Мамлакатшунослик асослари» журналистика факультетлари ва бўлимлари учун ўқув қўлланма (2012), «Янгича талқин мевалари» (2013), «Маҳорат чўққилари» (Ўткир Ҳошимов ижоди ҳақида) (2013), «Жадид адабиётининг қалдирғочлари» (Беҳбудий, Авлоний ва Ҳамза портретига чизгилар) дарсликка илова (2013), «Янги ўзбек адабиёти тарихи» олий ўқув юртларининг филология факультетлари учун дарслик қайта ишланган ва тўлдирилган нашри (2019) каби илмий адабиётлари ва ўқув қўлланмаларидан олий таълим муассасаларида дарслик сифатида фойдаланилади.

Санжар Содиқов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи унвони билан тақдирланган.

Устоз хотирамизда ҳақиқатпарвар, софдил, кучли ирода соҳиби сифатида қоладилар.

Аллоҳ раҳматига олсин! Охиратлари обод бўлсин!

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси номидан устознинг оиласи, яқинларига таъзия билдирамиз ва сабр тилаймиз.