Яхшилик деб яшаётган одамлар

2020-08-06T05:48:53+05:006 Avgust, 2020|Самарқанд вил.|

*Шукрона

Яхшилик – савоб. Савоб ишнинг эса эрта-кечи, катта-кичиги йўқ. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш азалдан миллатимизга хос қадриятлардандир. Бу эзгу амал бир пайтлар унутилгандай бўлди. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, мустақиллик туфайли ёдимиздан кўтарилаётган бу ва бошқа анъаналаримиз қалбимизда азиз туйғуларни яна уйғотди. Ўзини юрт меҳри, одамлар тақдири ва қайғусига шерик деб билган ватандошларимиз сафи кенгайди.

Карантин даврида уйда ўтирган кам таъминланган оилаларга давлат ташкилотлари, хусусий корхоналар, тадбиркорлар, саховатпеша фуқаролар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда, уй-жойлари таъмирланмоқда. Ғурурланиб кетасан: бундай ватан, бундай халқ яна қаерда бор?

Зарурат юзасидан бир йўловчи машинага ўтиришга тўғри келди. Ҳайдовчи очиқ кўнгилгина йигит экан, гурунглашиб кетдик.

– Бозорлик қилиб қайтяпсиз экан-да, – дедим орқа ўриндиқдаги егуликларга тўла қутиларга ишора қилиб.

– Ҳа, қишлоқда жиянларим яшайди. Катта оила, карантин бошланганидан буён ҳар ҳафтада хабар олиб тураман, – деди ҳайдовчи йигит. – Тадбиркорман, Президентимиз, давлатимизга раҳмат, бизга барча шароитларни яратиб беряпти, топиш-тутишимиз яхши.

Унинг гапларини тинглар эканман , ҳар куним зангори экранда кўраётганимиз саховатпеша инсонлар озиқ-овқат маҳсулотлари билан муҳтожларни йўқлаб бораётганлари, маҳаллаларда, ташкилот, корхона, ҳатто ҳуқуқ-тартибот органлари, армия вакиллари муҳтожлар уй-жойларини таъмирлаб бераётгани хаёлимдан ўтди. Сардоба туманида рўй берган табиий офатнинг эртасиёқ Президентимиз ўша жойга бориб аҳолига зарур ёрдам чораларини кўргани, Республикамизнинг барча вилоят, туманларидан озиқ-овқат, қурилиш материаллари, кийим-кечак, қурилиш отрядлари, техникалар кўмакка отлангани кўз ўнгимдан ўтди. Бундай ҳайри-саховат, инсонпарварлик миллатимизга хос фазилат эканлигидан қалбимда фахр туйдим.

Яқиндагина карантинни ўн бешинчи августгача узайтириш муносабати билан Республика бўйича уйда қолиб, ёрдамга муҳтож бўлган юз мингдан зиёд оила аниқланиб вилоятлар, туманлар, маҳаллалар кесимида уларга озиқ-овқат етказиб бериш бўйича тегишли ҳомийлар белгиланди. Давлатнинг ташаббуси халқимизга қудрат ва эзгу ниятлар бағишламоқда. Ана шундай давлат ва элга муносиб бўлмоқ эса ҳам фарз, ҳам қарздир.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.