У журналистикани севарди

2020-08-03T16:16:53+05:003 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

2020 йил 2 август куни ўзбек журналистикасининг фидойи вакилларидан бири, таниқли журналист, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Рустам Ғаниев оламдан ўтди.

Рустам Ғаниев 1952 йили Жиззаҳ вилоятининг Ғаллаорол туманида таваллуд топди. Тошкент давлат университетининг (ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида таҳсил олди. Шу тариқа журналистика оламига кириб келди ва “Ўзбекистон” нашриёт матбаа ижод уйи, “Тошкент ҳақиқати” газетаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон”, “Ёшлар” каби телерадиоканаллари, бошқа медиа тузилмалардаги қирқ йилдан зиёд меҳнат фаолиятини миллий журналистика ривожига бағишлади.

Устоз ижодкорлардан бири 80-йилларда эрталаб таҳририятда кириб келиб, ишни шомда босмахонада газетанинг эртанги сонини ўқиш билан тугатадиган Рустамга “оллох ато этган талантнинг барчасини давлатнинг ишига сарфламасдан бадиий ижодга ўтишини” маслаҳат ҳам берган эди. Аммо у журналистикани севарди, бу унинг мутахассислиги эди, касбга содиқ қолди, қийналса ҳам ташлаб кетмади. Шоирликни эса тақдирига битилган, аллоҳ ато этган иноят деб билиб, шеър ёзишни ҳам давом этттирди. Қатор шеърий тўпламларини, таниқли хорижий шоирларнинг асарларидан қилган таржималарини мухлисларига тақдим этди.

Рустам Ғаниевдан кўплаб ижод маҳсуллари, бадиий ва журналистик асарлар қолди. Ҳамкасблари орасида у , айниқса инсонийлик фазилатлари – меҳнаткашлиги, камтарлиги, ҳалоллиги ва садоқати билан ажралиб турар, бу борада ёшлар учун ибрат намунаси эди.

Аллоҳ раҳматига олсин.

Охирати обод бўлсин.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси номидан Рустам Ғаниевнинг оила аъзолари, яқинларига чуқур таъзия билдирамиз ва сабр тилаймиз.