Қадриятларнинг қадрига етишга ундаган айём

2020-08-03T06:21:54+05:003 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Бу йил илк марта муборак Қурбон ҳайити айёми мамлакатимизда қатъий карантин шароитида нишонланди.

Эътиборга молик жиҳати, барча ҳамюртларимиз ушбу байрамга юзага келган мавжуд вазиятни теран тушунган ҳолда ёндашди. Давоси ҳозирча номаълум бўлган касалликка йўл бермаслик мақсадида гурра-гурра меҳмонга, йўқловга борилмади. Ҳайит айёми ҳар бир хонадоннинг ўзида — оила даврасида нишонланди. Ушбу айём моҳиятида мужассам бўлган хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш йўлида зарур барча чоралар кўрилди.

Қутлуғ айём арафасида давлатимиз раҳбарининг «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат бугунги ғоят мураккаб шароитда эҳтиёжманд оилалар, боқувчисини йўқотганлар, нуронийларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Айни пайтда 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори оширилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, мазкур ҳужжатдан аҳолининг турли тоифа қатламлари учун ҳам амалий рағбатлар кўзда тутилмоқда.

— Гарчи карантин бўлса-да, муборак кунлар арафасида эрта тонгдан келинлар, қизлар хонадонлар атрофини чиннидек тозалашидек анъаналаримиз янада кенгроқ қулоч ёйди, — деди пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги «Мингчинор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холида Фозилова. — Белгиланган тартиб-қоидаларга оғишмаган тарзда ёлғиз нуронийлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга совға-саломлар топширилди. Имкон қадар кўнглини кўтаришга ҳаракат қилдик.

Дарҳақиқат, улуғ айём кунлари халқимизнинг аҳиллик, ҳамжиҳатлик, қийналганнинг оғирини енгил қилишдек эзгу фазилати яна бир карра намоён бўлди.

— Юртдошларимиз омонликда, хотиржамликда, тани сиҳатликда ўтадиган ҳар бир куннинг қадрига янада кўпроқ етмоқда, — деди Шайхонтоҳур туманидаги «Хадра» маҳалла фуқаролар йиғини нуронийси Нафиса Сайидаҳмедова. — Наинки халқимиз, балки курраи заминни чирмаб олган коронавирус балоси сабаб саломатлик, озодалик, поклик, тинчлигу шукроналикда ўтган кунимизнинг ўзи энг катта неъмат эканини яна бир бор англамоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан қийналган, боқувчисини йўқотган оилаларни шундай муборак кунларда янада кўпроқ қўллаб-қувватлаётгани ижтимоий аҳволи оғир хонадонлар оғирини енгил қилиш йўлидаги амалий эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Дарҳақиқат, шундай муборак кунларда ҳаётнинг, тириклигу соғликнинг, эзгулик, мурувват, одамийлик, қадрдонлар дийдорининг қадрига тобора кўпроқ етаяпмиз!

Назокат Усмонова, ЎзА