Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси К.Реймовга

2020-08-03T06:08:58+05:003 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Ҳурматли Кенесбай Бегдуллаевич,

Қорақалпоқ халқининг улуғ фарзанди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязов вафоти муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси номидан уюшманинг Қорақалпоғистон бўлими, қорақалпоқ журналистларига чуқур таъзия билдирамиз.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Қорақалпоқ заминида, Орол ҳалокати юз берган ўлкада яшаб меҳнат қилиш – бу ҳақиқий матонат. Муса Ерниязов ана шундай қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди”. Чиндан-да, ҳар куни, ҳар соатда фидойи бўлиш, ўзини заррама-зарра буюк мақсадлар сари тинимсиз сафарбар этиб бориш, бу фазилатни доимий, кундалик фаолият мезонига айлантириш ҳақиқий қаҳрамонлик.

Муса Ерниязов ана шундай инсон сифатида хотирада қолди.

У 18 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси сифатида фаолият олиб бораркан, республикада журналистикани ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари ва ижодкорларга шарт-шароит яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш ишига катта эътибор қаратди. Республикада медиа соҳада эришилган ютуқларда раҳбар сифатида у кишининг муносиб ҳиссаси борлигини эътироф этиш жоиз.

Муса Ерниязов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари сифатида ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ривожлантириш учун муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол иштирок этди.

Яратганнинг иродаси, бугун Муса оға орамизда йўқ. Ундан яхши ном, қорақалпоқ диёри тараққиёти, она халқи тинч-хотиржамлиги, фаровонлиги йўлида амалга оширган ҳайрли амаллари, эзгулик йўлида ниш урган ниҳоллар, қалб қўридан бунёд этган ошиёнлар, самимий орзу-ниятлар, ёрқин хотиралар қолди.

 

Охирати обод бўлсин:

 

Тилдан тилга меҳмондир

Эзгу ният талқини,

Асрларга тафт берар

Фидойилик ёлқини.

Ялов тутиб яшаган,

Тўғри йўлга бошлаган,

Ўз Мусоси бор эди

Қорақалпоқ халқининг!

Ҳурмат билан,

Уюшма раиси С.Ҳакимов