“Оʻzbekiston tarixi” журнали янгича мазмун ва кўринишда чоп этилди

2020-08-01T10:52:51+00:001 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихининг турли босқич ҳамда йўналишлари бўйича энг сўнгги илмий янгиликларни етказиб беришни ўз олдига мақсад қилган “Оʻzbekiston tarixi” журналининг 2-сони чоп этилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Тарихга сергак қараган одамгина доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшайди. Бугунги вазиятга ҳам, келгуси жараёнларга ҳам холис ва ҳаққоний баҳо бера олади. Бу эса ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, юксак тараққиётга эришишнинг энг муҳим шартидир” сўзлари жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, биз тарихчилар учун ўзига хос дастуруламалдир, десак адашмаймиз. Негаки замондошлар, айниқса, ёш авлод тарихий тафаккурини шакллантириш, уларни эл-юртга садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама етук мутахассисларни тайёрлаш осон жараён эмаслигини биз яхши тушунамиз. Бунинг учун эса, аввало биз ўзимиз ўзгаришимиз, ҳаётга, ишга бошқача кўз билан қарашимиз лозим бўлади.

Журналимизнинг навбатдаги сони ҳам айнан худди шу нуқтаи назардан, ҳам мазмунан, ҳам шаклан янгиланган равишда тайёрлангани баробарида, асосан, ўзбек халқининг иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага қўшган тенгсиз улушига бағишланганини алоҳида урғулаган бўлардик.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг буюк Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи билан бошланадиган “Иккинчи жаҳон уруши ва Ўзбекистон” рукнида ўрин олган ўнта мақола юртимиз етакчи ва ёш олимлари томонидан янги аниқланган архив ҳужжатлари асосида ёзилгани билан диққатга сазавордир.

Масалан, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳасан Бобожонов СССР саноатининг 33 фоизини, ғаллачилик, чорвачилик, қанд лавлачилигининг каттагина улушини таъминлаб берадиган ғарбий ҳудудлар фашистлар томонидан босиб олингани шароитида туғилган тангликдан чиқиб кетишда Ўзбекистоннинг тарихий хизматини аниқ ҳужжатлар ва рақамлар орқали таҳлил қилиб берган. Ўзбекистон энг зарур ҳарбий-саноат, озиқ-овқат, кийим-кечак маҳсулотларини фронтга етказиб беришдан ташқари, Россия, Украинанинг душмандан озод этилган ҳудудларида ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигини тиклашда беғараз ва улкан ёрдам кўрсатганига оид гувоҳликлар ўқувчиларда катта таассурот қолдиради, деб ишонамиз.

Профессор Қаҳрамон Ражабов мақоласида ўзбек миллий қўшинларининг иккинчи жаҳон уруши йилларида олиб борган жангу жадаллари, улар дуч келган қийинчиликлар, кўрсатган қаҳрамонликлар ҳужжатли равишда ёритиб берилади. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Эркинжон Ражабовнинг бу галги изланиши эса “Темир генерал” лақаби билан машҳур бўлган Собир Раҳимовнинг ҳаёти ва ҳарбий фаолияти, қатағондан қутулиб қолгани, жанг майдонларида кўрсатган ботирлик ва мардлигига оид ҳозиргача эълон қилинмаган янги маълумотлар таҳлилига бағишланган.

Тарих институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Муҳайё Исоқова ва магистрант Мадина Муҳаммаджонова диққатни ўзбек аёлларининг иккинчи жаҳон уруши йиллари фронт орти ишларидаги жасорати, сабр-бардоши ва меҳнаткашлиги тамғаланиб қолган архив ҳужжатларини янгича ёндашувлар асосида таҳлил қилишга қаратган. Ёш олима Машҳура Дармонованинг мақоласида иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга кўчириб келинган корхоналарни ишга тушириш, ўта зарур маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ўзбек халқи, айниқса, кексалар, хотин-қизлар, ҳатто болаларнинг заҳматкашлиги ва фидоийлигига эътибор қаратилган.

Тарих фанлари доктори Нодира Мустафоева уруш йилларида кўчириб келтирилган минглаб ёшлар ва қарияларга бошпана бўлган ўзбек диёри, халқимизнинг инсоний фазилатларидан гувоҳлик берувчи архив ҳужжатлари, шунингдек бадиий адабиётлар асосида ноанъанавий ёндашувларни қўллаган ҳолда жуда қизиқарли ва фойдали мақола тайёрлаган. Тарих институти ёш олими Муҳаммадали Назирхўжаевнинг иккинчи жаҳон уруши йилларида асир олинган япон асирларининг юртимизда кечган ҳаёти ва фаолиятига оид таҳлил ҳамда баёнлари ҳам ўқишлидир.

Журналнинг илмий изланувчилар учун жозибадорлигини оширадиган янги жиҳати унда шу чоққача “теша тегмаган” архив ҳужжатларининг эълон қилина бошлаганидир. Ушбу сонда Ўзбекистоннинг уруш йилларидаги турмуши, хусусан, кўчириб келтирилганларни қабул қилиш, жойлаштириш, фронтга юборилган беғараз ёрдамларга доир қимматли ва янги ҳужжатлар тўғридан-тўғри эълон қилинмоқда.

Журналнинг тарихшунослик, манбашунослик, элшунослик, тангашунослик, қадимшунослик ва ёш изланувчи каби рукнлари тилга олинган йўналишларда теран илмий изланишлар олиб бораётганлар учун ўзига хос минбар бўлади, деб ишонамиз.

Ушбу сонда тарих фанлари номзоди Дилноза Дутураеванинг қорахонийлар тарихини ўрганишда хитой тилидаги ҳужжатларнинг аҳамиятини кўрсатиб берувчи қимматли мақоласи ўрин олди. Тарих фанлари доктори Адҳамжон Аширов ўзбек элшунослигининг бугунги аҳволи, хусусан, унинг ютуқлари, муаммоларию ечимлари борасида ўзининг бир қанча таклиф ва мулоҳазаларини билдирган.

Тарих фанлари доктори Ғайбулла Бобоёров диққатни қаратган мавзу ҳам ўта долзарбдир – ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганишда тангашуносликнинг аҳамияти. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Дилмурод Нормуродов ўзининг сўнгги йилларда олиб борган археологик изланишлари маҳсули сифатида Тошкент воҳаси қадимги ва ўрта асрлар даври тарихини тадқиқ этиш масаласи, мавжуд муаммоларни ўртага ташлаган.

Тарих институти катта илмий ходими Воҳиджон Холовнинг ёш изланувчи рукнида эълон қилган, Туркистон тарихининг АҚШ давлат департаменти ёзишмаларида ёритилишини қамраб олган таҳлилий мақоласи катта қизиқиш уйғотишига шубҳа қилмаймиз.

Бир сўз билан айтганда, янгича мазмун ва кўринишда чоп этила бошлаган “Oʻzbekiston tarixi” журнали тарихчи олимлар, таълим муассасалари ўқитувчилари, ота-боболарининг шонли ва сабоқли ўтмишига қизиқувчиларнинг барча қатламларига муносиб бўлишига умид қиламиз.

Мухтор Шамсиев,

“Oʻzbekiston tarixi” журнали таҳририяти масъул котиби.