Сиртлон ўзинг, жайрон ўзинг

2020-07-31T18:17:01+00:0031 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Тўнғич қизимиз бир ойлик бўлганида, педиатр кўригига олиб бордик. Кўрик давомида педиатр чақалоқнинг ривожланиши, сезгиларини текширди. Кейин бир ойлик чақалоқнинг ҳар қўлига бир кўрсаткич бармоғини ушлаттирди-да, ҳавода муаллақ ушлаб турди.

Буни кўриб, аёлим иккаламизнинг эсимиз чиқиб кетай деган эди. Бизнинг ҳолатимизни кўрган шифокор, «хавотир олманг, ҳаммаси яхши, қараб туринг» деб уни ушлаб туришда давом этган. Шунда ўзи зўрға қимирлайдиган чақалоқ ушлаб турган бармоқлар қўлидан чиқиб кетиб, ерга йиқилмаслик учун бармоқларни маҳкам ушлаб олиб чирқираб йиғлаб курашишда давом этган. Бу ҳолат қанча давом этганини билмайман. Аммо ҳайратимизга кўра, қизимиз шифокорнинг ўзи уни ерга қўймагунча бармоқларни қўйиб юбормаган.

Анатомия, биология фанларига мурожаат қилинса, бу жараён чақалоқнинг бир ойлик пайтидан эмас, балки у ҳали миллионлаган уруғларнинг бир донаси бўлиб ҳаёт учун курашни бошлаган пайтиданоқ бошланишини билиб оламиз. Ундан кейин у онасининг қорнидалигида ҳам тушмаслик учун кўп ҳаракат қилади ва инсон бўлиб туғилгач, бир умр, ҳатто қариб юра олмай қолганда ҳам ўлмасликка ҳаракат қилади.

Демак яшашга интилиш, ўлмасликка ҳаракат қилиш инсонда туғма инстинкт экан. Умуман бу инстинкт тирик жонзотларнинг барчасига ҳос десак тўғрироқ бўлади.

Шундай экан, қандай қилиб суицид деган феномен мавжуд бўлиши ва инсонлар ўзларини ўлидиришлари мумкин ? Ҳайвонларда ўз боласини ҳимоя қилиб, ўзини қурбон қилиш ҳолатлари ёки оила аъзоси ўлса, сиқилиб, ҳеч нарса емасдан ўлишгача борган ҳолатлар бўлади, аммо ўз жонини ўзи олиш ҳолати фақат инсонларга хосдир…

«ТАНАТОС

ПАЛАС ОТЕЛ»

Француз ёзувчиси Андре Моруанинг «Танатос Палас Отел» деган новелласи бор. Унда бир банкир 112 доллардан сотиб олган акцияларининг нархи 59 долларга тушиб кетиши оқибатида бор будидан айрилади, ҳисобида бор йўғи 893 доллар пули қолади. Икки йил олдин ўзига хотин қилиб олган гўзал котибаси уни ташлаб кетади. Хўжайини «Энди нима қиламиз» деб қистай бошлайди. У ўзини ўлдириш ҳақида ўйлаб кўради. Шу маҳал «Танатос Палас Отел» деган меҳмонхонадан унга хат келади.

Хатда меҳмонхона директори унинг аҳволидан хабардор эканлигини айтиб, ўзини ўлдириш ҳам санъат эканлиги, уни истаган бир ҳаваскор қила олмаслигини, ўзини ўлдираман деб уриниб кўриб қанча одамлар ўлмасдан маж­руҳ бўлиб қолиб, кейин бир умр қийналиб яшаганликларини ёзади. Сўнгра унга бор йўғи 300 долларга ўз меҳмонхонаси хизматларини таклиф қилиб унга ўзини билдирмасдан, оғритмасдан профессионалларча ўлдиришга ёрдам беришини айтади. Юридик муаммолари ва диний виждон азоблари масаласини ўз зиммасига олишини билдиради ва унинг хизматларидан йилига 2000 киши фойдаланишини қистириб ўтади.

Ҳаётдан умидини узган, барча яқин инсонларидан айрилган ва курашишга ўзида куч топмаган банкир таклифни қабул қилади ва меҳмонхонага бориб жойлашади. У ерда барча шароитлар яхши, манзаралар гўзал, одамнинг баҳри дили очиладиган бўлади. Меҳмонхона директори банкирга бир гўзал мижоз аёлни таништириб қўяди. У аёл банкирга ўзини собиқ эри алдагани, ундан кейин бошқа эркаклар ҳам алдагани, ниҳоят ҳаётдан тўйиб кетганида меҳмонхонадан хат олганини айтиб беради.

Банкир ва аёл бир-бирларига ўрганиб қоладилар. Банкир кечқурун хонасига қайтиб, совуқ душ қабул қилгач, ҳаётнинг гўзаллигини қайта англай бошлайди. Эртаси куни банкир ва аёл сайрга чиқиб кетишади. Улар кечгача суҳбатлашадилар ва кечга яқин ҳаётдаги муаммолар ўткинчи эканлигини, яшаса уларни енгиш мумкинлигини тушуниб етадилар. Банкир меҳмонхона директори олдига кириб, унга қарори ўзгарганлигини, энди ўлмоқчи эмаслигини айтади. Меҳмонхона директори унга бундан хурсандлигини айтиб, эртага тўлаган пулининг ортиқчасини қайтиб беришини айтиб чиқариб юборадида, хизматчисини чақириб, «113 хона тайёр бўлибди. Бугун тунда соат 2 да хонага газни қўйиб юбор» деб буйруқ беради.

Унинг орқасидан банкир мижоз деб ўйлаб юрган аёл кириб келади-да, банкирни ўлдирмасликларини сўрайди. Чунки аёлнинг унга раҳми келган бўлади. Директор эса «Бизнинг бизнесимиз шундай. Пулингни ол-да, бориб дамингни ол. Индинга шведциялик банкир келяпти. У билан ишлашинг керак» деб уни чиқариб юборади…

ҚИСҚА СТАТИСТИКА

Дунёда ҳар йили ўртача 10-20 миллион атрофида инсонлар ўз жонларига қасд қиладилар ва улардан тахминан 800 000 киши вафот этади. Дунёнинг барча давлатларида асосан эркаклар кўпроқ ўз жонларига суиқасд қилсалар, фақатгина Хитойда аёллар эркаклардан кўпроқ ўзларини маҳв этадилар.

Дунёда ўз жонига энг кўп суиқасд қиладиган ҳудуд Европа қитъаси бўлиб, энг кам суиқасд қиладиган ҳудуд Марказий Осиё ва яқин шарқ минтақалари бўлади.

2006 йилда суицид дунёдаги ўлимларга сабаблар рўйхатида 13 ўринда, ёшларнинг ўлимлари сабаблари рўйхатларида олдинги ўринларда турган экан. Суиқасдларнинг фоизи йилдан-йилга ошиб бораётганлигини ҳисобга олсак, бу рақамлар ҳозир ҳам шундай бўлиш эҳтимоли катта…

САБАБЛАР

Суицид феномени фанда тўлиқ ўрганилган ва унинг нималиги ҳамда сабаблари аниқлаб бўлинган десам ёлғон бўлади. Ўзини ўлдириш ҳолатлари қадим замонлардан бери бор бўлиб, у баъзан ожизлик, баъзан эса шарафни қутқариш, яъни жасорат деб қаралган пайтлар ҳам бўлган. Айрим замон ва маконларда ўзини ўзи ўлдиришни касаллик деб қаралган ва асосан жиннилар ўзини ўлдиради деб ишонилган. Бу гапларнинг барчаси ҳозирги кунда ҳам мавжуд, чунки суицид феноменини инсонлар яхши билмайдилар ва унинг номининг ўзиёқ совуқ бўлганлиги сабабли, у ҳақда гаплашмасликни маъқул кўрадилар.

Айрим динларда, хусусан, «китоб туширилган динлар», иудаизм, христиан ва ислом динларида ўзини ўлдириш гуноҳ саналади ва улар жаннатга тушмайдилар деб айтилади. Бошқа дин ва таълимотларда улар ёмон деб қораланадиган ва умуман қораланмайдиган ҳолатлари ҳам бўлади. Айрим секталар, сиёсий ёки мафкуравий қарашлар сабабли инсонлар ўзларини коллектив равишда ўлдирганлари ҳам кузатилган.

Суицид феноменини асосан иккита фан, психология ва социология ўрганади. 20 аср ўрталаридан бери суицидология фани ҳам мавжуд, аммо у ҳам суицидни асосан психология ва социология фанларининг хулосаларини умумлаштириб ўрганади.

Психологлар суицидни психологик муаммо деб ҳисоблайдилар. Улар соғлом инсон ҳам ўз жонига суиқасд қилиши мумкин, аммо у ўз жонига суиқасд қилган пайтда соғлом психик ҳолатда бўлмайди деб айтадилар. Ўз жонига қасд қилаётган инсон умидсизлик, ёлғизлик, депрессия, руҳий чарчоқ ҳолатида, хуллас ўзини ва онгини бошқара олмайдиган психологик ҳолатда бўлади дейдилар. Бундан ташқари, биполяр бузилишлар, шизофренея, алкоголизм, наркотик моддаларнинг истеъмоли ва бошқалар ҳам суицидга сабаб бўлиши мумкин.

Социологлар, хусусан, социолог Эмил Дуркеим суициднинг биринчи сабабчиси бу аномия, яъни инсоннинг ижтимоий ришталарининг узилишидир деб айтади. Бунга ижтимоий, оилавий-маиший муаммолар, ишсизлик, иқтисодий ва сиёсий инқироз­лар, камбағаллик ва ҳоказолар ҳам сабабчи бўлиши мумкин.

Умуман олганда, ижтимоий ҳаёт жонзотлар ичида фақат инсондагина бор ва шу сабабдан суициднинг келиб чиқишида ижтимоий муаммоларнинг роли катта.

Тиббий ва психик сабаб­лар, алкоголизм ва наркотик моддаларни четга суриб, ўз жонига қасд қилаётган инсонларнинг ҳаётлари ўрганилса, улар ўзлари ижтимоий боғланиб қолган нимадандир жудо бўлгач, кўзларига дунё торайиб қолиб, ўзларини яккаланиб қолгандай ҳис қиладилар.

Кимдир боласини, кимдир онасини, кимдир 30 йил ишлаган иш жойини, кимдир севган йигити ёки қизини йўқотган пайтда дунё кўзига тор кўринади. Чунки уларнинг атрофида 7 миллиард инсон, миллионлаб иш ўринлари, севимли инсонлар бор бўлишига қарамасдан, улар ўзларининг ижтимоий ҳаётларини фақат шуларга боғлаган бўладилар. Шу сабабдан, уларни  йўқотганларида, улар учун ҳаётнинг мазмуни қолмайди.

Ўзбек жамиятида қиз боланинг бокиралиги унинг бору-йўғи, жамиятдаги мавжудлигининг гарови, жамият билан энг асосий риштаси ҳисобланади. Шу сабабдан, ўзбек жамияти қоидаларига кўра қиз бола тўйгача ўз бокиралигини асраши керак. Қиз болани ижтимоий ўлдириш учун эса унинг бокиралигини тўйдан олдин олиб қўйиш кифоя.

Яқинда Сурхондарёда ўзини осиб қўйган қиз мисолини олайлик. 3 болали, оилали эркак у қизга нисбатан худди шу ишни қилган, яъни қизни ижтимоий томондан ўлдирган.

Қизнинг ота-онаси эса исноддан қочиб, уни ўзининг «қотили»га турмушга берган. Эркак эса қамалмаслик учун ўзи, оиласи, ижтимоий муҳити қарши бўлса ҳам қизни иккинчи хотин қилиб олган. Олишга олган, лекин ижтимоий ўлиб бўлган қизни асрашнинг ўрнига уни баттар хўрлаган. Бунинг устига унинг биринчи хотини келиб кундошини эзиши ҳали ҳаёт нималигини кўрмаган қизни боши берк кўчага олиб кириб қўйган. Қизнинг мавжуд иштимоий ришталари узилиб бўлган. У орқага қайта олмайди, барчасини нолдан бошлай олмайди, бузилиб кетишни хоҳламайди, уни ўзбек жамиятида бошқа биров олмайди. У ҳатто ўз ота-онасига ҳам керак эмас. Дунёда 7 миллиард одам бор, лекин у қизга яшашга умид бериш учун бир инсон топилмаган. Ва у ўз жонига қасд қилган.

Хитойда аёлларнинг суицидлари сони кўплигига ҳам Хитой жамиятида, айниқса қишлоқларда аёлларнинг ўрни ва қадри йўқлиги, уларни ёшлигиданоқ эрга бериб юбориб, ота уйида ҳам, эрнинг уйида ҳам бир умр эшакдай уриб ишлатишлари сабаб эканлиги айтилади.

ХЎШ, НИМА ҚИЛИШ КЕРАК ?

Суицидларнинг олдини олиш учун халқаро миқёсда амалга оширилган ишлар бор. Булар совуқ қуроллар ва одамни ўлдирадиган заҳарларни инсонлар олишларини тақиқлаш, наркотик моддаларни таъқиқлаш ва алкогол ичкиликларнинг нархини қиммат қилиб қўйиш ва ҳоказо чоралардир.

Бундан ташқари, кўплаб давлатларда ижтимоий муҳофаза хизматлари, психологик мададлар ва бошқалар бор. Улар ўзини ўлдиришга уринганлар, муаммолари ортиб кетиб, ўзини ўлдириш ҳақида ўйлай бошлаган инсонларни ташлаб қўймайдилар.

Аммо энг асосий қилиниши, ҳамма эътибор бериши керак бўлган иш бу ҳар доим атрофдагиларга кўз-қулоқ бўлиш, уларнинг муаммоларига бефарқ бўлмаслик, бирон дарди бўлса, тинглаш, ёрдам бериш, бир-бировга меҳрибон бўлишдир.

Баъзан ўсмирлар отаси ёки онасидан гап эшитгани учун ҳам ўз жонига қасд қилиб қўйиши мумкин. Чунки ўсмирнинг бор дунёси ўзи истиқомат қиладиган уйдан, унинг ижтимоий ришталари ота-онаси ва ака-ука, опа-сингилларидангина иборат бўлади. Агар ўсмир отаси ёки онаси томонидан мунтазам тахқирланаётгандай, ўзини кераксиздай ҳис қилса, демак яшашдан маъно қолмади деб аҳмоқлик қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун агар айби бор бўлса-да, фарзандларни урушгандан кейин уларни ёлғиз қолдирмаслик, кейинроқ эса албатта меҳр билан сийлаш керак бўлади.

Юқорида айтиб ўтганимиз «Танатос Палас Отел» новелласида бир диалог бор. Унда банкир йигит аёлдан «Ўлимдан қўрқмайсизми?» деб сўрайди. Аёл эса унга «Қўрқаман, лекин яшашдан ундан ҳам кўпроқ қўрқаман» деб жавоб беради.

ХУЛОСА

Ҳаётдаги барча муаммолар ўткинчи ва ҳеч қайси ижтимоий муаммо ўзини ўлдиришга арзимайди. У фақат шундай туюлади холос. У бугун бор, эртага йўқ. Айрим ижтимоий муаммолар сиз билан бир умар яшаб ўтади, лекин бу дегани инсон ўзини ўлдириши керак дегани эмас.

Дунё давлатлари «ўлим жазоси»ни олиб ташлаётган бўлсалар, бунга сабаб улар дунёдаги ҲЕЧ НАРСА ИНСОН УМРИГА ТЕНГ ЭМАС деб ҳисоблайдилар. Ижтимоий муаммолар инсонлар ўзларига яратиб олган муаммолардир. Уларни мен, сиз, бошқалар яратган эмаслар. Уларни минг йиллар давомида инсонлар турли сабаблар ва асосларга кўра яратганлар. Улардан айримлари фойдали, қолганлари бемаъни ва ҳатто зарарли.

Биз ўзимиз яратмаган ва айбдори бўлмаган нарсалар учун жонимизни қурбон қилишга мажбур эмасмиз !

Дониёр РЎЗМЕТОВ

Мақола “Жамият” газетасининг “bong.uz” сайтидан олинди