Яшаш урфдан қоляпти

2020-07-31T18:13:14+00:0031 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Мен ўзимни замондан орқада қолганманми, деб ўйлайман гоҳо. Масалан, одамга яшаши учун нималар кераклигини кўп ўйлайман. Ёки одамнинг яшашига нималар халал бериши ҳақида хаёл қиламан. 

Олдинлар шундай хаёл қилишган, ҳозир бундай нарсаларни ўйлашмайди. Балки, керакми, керак эмасми уйга ташийверишади – керак бўлиб қолиши мумкин, дейишади, лекин ўй камайди, чамамда.

Олдинлари оддий ўқитувчи ёки хўжалик ишчиси ҳам беш-олтита, ҳатто ўнта фарзандни боқиб, вояга етказа олар эди. Ҳозир иккитагина боласини боқиш учун эр-хотин ишласа ҳам нимадир етишмай туради. Улар уйига тасодифан меҳмон келишини истамайди. Олдинлари ҳар куни меҳмон келса ҳам кутиб олишаверарди.

Олдинлари одамлар бир-бирининг ёнига шунчаки, иши бўлмаса ҳам гурунглашиш учун бораверарди. Ҳозир гурунгга вақт йўқ. Иши бўлмаса, биров-бировга қўнғироқ қилиши ҳам ноёб бўлиб қолди.

Олдинлар одамларнинг 99 фоизида йиғинди пул бўлмасди. Лекин қўрқмай яшайверарди. Ҳозир оддий мардикорнинг ҳам озми-кўпми йиққани бор. Агар йўқ бўлса, ҳаловати ҳам йўқ.

Аввал қўл билан овқатланардилар. Ҳозир қошиқ, санчқи, пичоқ, сочиқ, салфетка, хитойи чўп ва тағин нималардир бўлмаса одамлар овқатлана олмайди. Овқатланганда ҳам ичига тушган-тушмагани номаълум.

Олдин бир киши билан кўришиш керак бўлса, ўша билан бир ой олдин аҳдлашиб қўйилса бас, ўша манзилга, айтилган вақтда борилар эди. Ҳозир телефонда юз марта келишгандан кейин ҳам бирор нарса тўғри келмай қолиб ваъда бузиляпти.

Олдин қишдан бир жуфт пойабзал, битта қалин кийим, ёздан ҳам оддий сатин ё чит кўйлак билан ўтаверишарди. Ҳозир қишнинг қорли кунлари учун, қуёшли кунлари учун, шамолли фурсат учун алоҳида, бош-оёқ либослар бўлмаса кўнгил жойига тушмайди. Ёзни ҳам шундай кутиб оладилар. Имом Бухорийдай зотнинг бир жуфт либоси бўлган экан, агар уни ювишга берса, бош­қа кўчалик либоси йўқ экан. Лекин у Имом Бухорий бўлган экан.

Олдинлари уч-тўрт хоналик бир уйда иккита келин тушириб олишар ва янги қўшилган икки оила олдинги ота оила билан бирга, йиллар давомида аҳилликда яшаб, фарзандлар кўриб юраверишарди. Бу уйга меҳмон ҳам келар эди. Ҳозир янги келинга янги уй бўлмаса бўлмаяпти. Унинг уйида ётоқ, сеп-у жиҳозлар турадиган хона, алоҳида ҳаммом, хуллас алоҳида ҳаёт бўлиши керак. Бўлмаса муаммо чиқяпти.

Олдинлари қишлоқларда одамлар деворни оқлабгина қўйи­шарди. Уй шифтида тўсинлар кўриниб турарди. Уй аҳли ўтирадиган хоналар девори олис қишлоқларда ҳатто лойсувоқ бўларди. Лекин бу уйларга меҳмон кўп келарди. Ҳозир Рамзиддин исмли, умрининг кўп қисми шаҳарда устачилик қилиб ишлаб ўтаётган киши уйининг меҳмонхонасини роса 40 миллион сўмга пардозлаб, безаб чиқибди. (бир инимиз – ўғлининг ўртоғи, қарта ўйин баҳона бориб туради.) Бир кўрсам экан, нима қилган экан деб, уч-тўрт марта уйи ёнидан ўтдим, “кир” деёлмади.

Олдинлар ҳомиладор оналар бирор марта аппаратга тушмаса ҳам, кун бўйи пахта терса ҳам болалар омон-эсон туғилаверарди. Ҳатто кўплаб қишлоқларда болалар уйда дунёга келарди. Ва кў-ўп туғилардилар. Ҳозир ҳали туғилмаган гўдак ота-онасидан олдин ультратовушли нурлар таратадиган аппаратни танийди. Шу аппарат бўлмаса бу бола дунёга келмайдигандек. Илгари аёллар болалари туғилгунича унинг жинсини билишмасди. Олдинлар жинси деганда мато турини тушунишарди, холос. Ҳозир фақатгина мато турини тушунишмайди.

Олдинлари муаллимлар болани урушса, ота-онаси ҳам муаллимни ёқлаб фарзандига танбеҳ берар, ҳатто тарсаки ҳам туширарди. Муаллим хато гапирмайди дерди. Ҳозир муаллим фарзандига ёмон гап айтса, уни судга беришяпти.

Олдинлари болалар маҳалла кўчасида тамаки чекмасди. Атрофдаги одамларни юз-хотир қиларди, аниқроғи қўрқарди. Ҳозир бола ўз маҳалласида чекиш ва ичишни ўрганиши мумкин. Бунга парво қилишмаяпти. Ҳа, десанг, демократия дейди.

Олдинлари илми бор кишилар намозини уйда ўқирди, ҳайит намозларини ҳам кўпчилик бўлиб муллонинг ёки бирор ўзига тўқроқ кишининг ҳовлисида адо этишарди. Сираям экстримистик руҳдаги диний секталар йўқ эди. Ҳозирда масжидлар очиқ, турли шаклдаги диний тарғибот дастурлари ишлаб турибди. Ҳар бир жамоат ибодатлари хавфсизлик билан назорат қилинган. Аммо динни ниқоб қилиб олган гуруҳлар мавжуд. Олдинлар Оллоҳ таолога оддийгина уйда ўтириб ҳам қаттиқ ишонишарди. Ҳозир эса минг бир ташвиқотдан сўнг ҳам иккиланишади.

Олдинлар фарзандларга “Болам олим бўлсин, элга нафи тегадиган катта инсон бўлсин!” деб дуо қилишарди. Ҳозир ёлғиз ўғлидан бошқа кишиси йўқ бева аёл ҳам “Болам пулдор бўлсин, прокурор бўлсин!” деб ният қилади.

Олдинлари одамларнинг сони кам эди, орзулар катта ва кўп эди. Ҳозир эса аҳоли кўп, аммо орзулар майдалашиб қолди.

Олдин ерга экиладиган қовун-тарвузларга ҳеч ким минерал ўғит бермасди. Полиз экинлари бўлганича бўлиб, ғарқ пишиб ётаверар, кимдир палагига дори сепса, у сотса керак-да, дори беряпти дейишарди. Ҳозир палак эккан киши ерга уруғ қадамай туриб дори сепишни бошлайди, то пишгунича. Аммо ҳосил аввалгидек эмас. Ҳатто чироқчининг лалми даштларида етилаётган буғдойга ҳам химикат сепилмаса ўсмай, ривож қилмай тураверади.

Олдинлар кўчада бировнинг машинаси бузилиб, эгаси бировга тайинлаб кетса, бир йил бўлса ҳам ўша уловга ҳеч ким тегинмасди. Ҳозир гаражда турган машинанинг ҳам у ер-бу ерини ечиб кетишяпти.

Одамлар олдинлари ўзларига керак нарсани олишарди. Ҳозир умуман кераксиз нарсаларга ўч бўлиб кетишди.

Олдинлар яшаш учун яшардилар. Ҳозир пул топиш учун ишлашяпти. Яшаш урфдан қоляпти.

Билмадим, ўзимни замондан орқада қолганманми, деб ўйлайман гоҳо…

Шодмонқул Салом

Мақола “Жамият” газетасининг “bong.uz” сайтидан олинди