Синглисини ҳимоя қиладиган акалар ёхуд болакай ҳақиқий мардлик кўрсатган эди

2020-07-28T09:11:04+05:0028 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Байрамларда сингилларимни табриклашни ўзимнинг муқаддас бурчим деб биламан. Бир воқеа ҳаётимда унутилмас бўлиб қолган. Ҳар гал Ҳайит келганида ўша воқеани эслайман ва сингилларим олдидаги акалик бурчим ёдимга тушаверади.

Тахминан 2010 йилларга қадар Ҳайит намозларини Тошкентдан атиги 70 километрча узоқликда бўлган она қишлоғим Турбатда ўқирдим. Намоздан сўнг ҳайитлар оралиғида ўтиб кетган ҳамқишлоқларимнинг уйларига бориб, эл қатори ўтганлар ҳақига дуои фотиҳа қилардим.

1990 йиллар бўлса керак, кимнингдир хотирасини ёдга олиш мақсадида Қорамўйин деб номланувчи маҳалланинг Қоратош деб аталувчи жойигача бордик. Қорамўйинни Ондирис билан ажратиб турувчи ариқдан ўтишимиз билан подадан қочган ёки уйдаги арқондан ечилиб кетган катта буқа ўйноқлаб кела бошлади. Тўғри, буқа Испания ёки Лотин Америкасидаги жангари ёки бўрдоқига боқилган эмас эди. Оддий қишлоқ буқаси эди. Аммо ўйноқлаб келиши қўрқинчли эди. Шунда менинг кўз олдимда умрбод сақланиб қолган воқеа юз берди. Кўчада бир гуруҳ ёш болалар, қизалоқлар ўйнаб юришар эди. Буқа яқинлашгач, тахминан 7-8 ёшлардаги болакай югуриб чиқиб, синглисини ҳимоя қилишга шайланди. Буқани биз катталар ҳай-ҳайлаб ҳайдашга уриндик. Лекин биздан кўра ўша 7-8 ёшдаги болакай ҳақиқий мардлик кўрсатган эди.

Ҳозир ўша бола 40 ёшларга яқинлашган бўлса, ажабмас.

У айни дамда нима билан шуғулланаётгани менга қоронғи. Бироқ синглисини ҳимоя қилиб, буқа олдига югуриб чиққанининг ўзиёқ менга жуда катта ўрнак бўлган эди. Шу-шу ҳар йили Ҳайитлар келиши билан ўша воқеа ёдимга тушаверади. Сингилларимизни оддий сўз билан табриклаш ҳар бир аканинг вазифаси эканлигини ҳис қиламан. Садриддин Айнийнинг «Қуллар» романи сўнггида чол ва кампирга айланган ака-сингилнинг учрашуви – чолнинг «Зеби, Зеби» дейиши ёдимга тушади.

Шунга ўхшаш яна бир воқеа. Бундан икки йиллар аввал машинамда уйга кетаётган эдим, метронинг «Беруний» бекати атрофида бир боласини етаклаб олган, иккинчи боласини кўтариб олган келинга кўзим тушди. Олдимдаги машиналар тўхтар, аммо масофами ёки пулими тўғри келмай, ўз манзилларида давом этишар эди. Машинамни болали ўша аёлнинг олдида тўхтадим. Қорақамишга борар экан. Рози бўлдим. 6 ёшдаги ўғлини стоматологияга олиб келган, тишини олдириб кетишаётган экан. Бола машинага ўтириши билан йиғлашни бошлади. Онаси уни тинчлантиришга уринди, мен ҳам ҳаракат қилдим – болакай йиғлашда давом этаверди. Талабалар шаҳарчаси(«Вузгородок»)га яқинлашишимиз билан 2 ёшлардаги қизалоқ акасининг йиғисидан қўрқиб кетди шекилли, у ҳам йиғлай бошлади. Биласизми, ундан кейин нима бўлди? Бу воқеа бир умр кўз ўнгимда қолса керак. Тиш оғриғидан йиғлаётган болакай бирданига йиғидан тўхтадида, синглисининг бошини силаб овута бошлади. Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Манзилга етиб бордик. Аёл 5 минг сўм узатди. Олмадим. Синглисини ҳимоя қила оладиган болакайнинг мардлиги олдида 5 минг сўм кўзимга арзимас бўлиб кўринди.

Ҳар куни эрталабки ибодатдан сўнг қўлимни дуога очар эканман, пайғамбарларимиз, турбатлик азиз-авлиёлар, ота авлод, она авлод қариндошларим, синфдошларим, устозларим, Турбатдаги қўни-қўшни, қуда-андаларимдан жами 54 кишининг номларни бирма-бир тилга олар эдим. 2020 йилнинг 30 майидан бошлаб уларнинг сони 55га етди. Ўша куни соат 1дан 25 дақиқа ўтганида синглим Марғубанинг бу дунёни 55 ёшида (аслида 1 августда 55га кирар эди) тарк этгани ҳақида совуқ хабар келди.

Ҳар йили август ойининг биринчи якшанбаси опа-сингиллар куни сифатида нишонланади, норасмий байрам. Бу биз ака-укаларнинг ҳам байрамидир. Негаки, болалик ва ёшлик даврингизда балки опангиз, балки синглингиз сиз билан жанжаллашган, баҳслашган, фикрингизга, қилаётган ишингизга қарши чиққан бўлиши мумкин. Аммо билингки, халқимиз тарихида опалар ҳам, сингиллар ҳам ўзлари кучсиз бўлган бўлишларига қарамай, ҳамиша акалари, укаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашган. Мана шу каби қўллаб-қувватлашлар ака-укалар катта бўлгач, ёрқин намоён бўлар экан. Шу сабабли опаларимиздан, сингилларимиздан меҳрни дариғ тутмайлик.

Бир ота-онадан бўлган фарзандларнинг байрамлари жуда кўп. Шулардан бири 1998 йилдан бери ҳар йили 10 апрелда нишонланадиган Ака-сингиллар, Опа-укалар (National Siblings Day) байрамидир. Бу кун америкалик Клаудия Эварт томонидан таклиф қилинган. У жуда эрта укаси ва синглисидан ажралади, аммо қайғусини енгишда жамият учун фойдали бўлган таклиф билан чиқади. Шу тариқа Клаудиянинг вафот этган синглиси туғилган – 10 апрель санаси ўз қадрдонларига меҳр-оқибат кўрсатиш куни сифатида нишонланадиган бўлди. Йилдан йилга бу байрамни нишонлашга жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида яшовчи инсонлар қўшилмоқда. Шунингдек, 5 сентябрда «Жаҳон ака-сингиллар, опа укалар куни» ҳам нишонланади. Кўпболали оилалар Европа конфедерацияси (ELFAC) таклифига биноан 31 майда Франция, Португалия, Испания ва Европанинг айрим мамлакатларида 2014 йилдан бери «Ака-сингиллар, опа-укалар куни» нишонланиб келинади.

Аслида қадрдонларимизни қандайдир сана муносабати билан эмас, балки ҳар куни эслашимиз, қадрлашимиз керак. Опа-сингилларимизни бир эслаб қўйсак зарар қилмасди.

Шарофиддин Тўлаганов

ЎзА