Инсоф борми, “аптекачилар”?

2020-07-26T12:29:36+05:0026 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан уй шароитида даволаниш учун тавсия этилган дори воситаларининг республикамиз дорихоналарида мавжудлиги ҳамда уларнинг сотувдаги нарх-навоси тўғрисидаги ҳолат бўйича бугун ижтимоий тармоқларда турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Бундай вазиятлар Федерация томонидан жамоатчилик назорати тартибида доимий ўрганиб борилади, натижаларидан эса кенг жамоатчилик хабардор қилиб борилади.

Айнан юқоридаги масала юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерация­си Республика махсус комиссияси томонидан уй шароитида covid — 19 инфекциясини даволаш учун тавсия этилган “Азитромицин”, “Плаквенил”, “Лопинавир/Ритонавир”, “Ремдесивир”, “Умифеновир” ҳамда “Фавипиравир” дориларининг дорихоналарда сотувда мавжудлиги, уларнинг нархи юзасидан жамоатчилик назорати тартибида мониторинг ўтказди.

Унга кўра, Қорақалпоғис­тон Республикасининг туман (шаҳар)ларида фаолият кўрсатаётган дорихоналар танланма усулда ўрганилганда мазкур дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осо­йишталик агентлиги томонидан тавсия этилган дориларнинг атиги биттаси “Азитромицин” сотувда мавжуд эканлиги, 6 мингдан сўмдан 30 минг сўмгача сотилаётганлиги маълум бўлди. Қолган турдаги дорилар сотувда мавжуд эмас.

Андижон вилоятининг дорихоналарида ҳам фақатгина “Азитромицин” препарати сотилмоқда ва унинг нархи 3 мингдан 36 минг сўмгача экан. “Плаквенил” эса вилоятнинг Андижон шаҳар, Асака, Булоқбоши, Қўрғонтепа ҳамда Шаҳрихон туманларидаги айрим дорихоналарда 235 мингдан 282 минг сўмгача сотилмоқда.

Бухоро вилояти ҳудудидаги дорихоналарда “Плаквенил”, “Лопинавир/Ритонавир”, “Ремдесивир”, “Умифеновир” ҳамда “Фавипиравир” дорилари сотувда мавжуд эмас. Фақатгина “Азитромицин” дориси сотувда мавжуд бўлиб, мазкур дори нархи 4500 сўмдан 15000 сўмгача.

Жиззах вилояти ҳудудидаги дорихоналарда ҳам фақатгина “Азитромицин” сотуда мавжуд. Мазкур дори вилоят дорихоналарида 5 минг сўмдан 8 минг сўмгача сотилмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳудудидаги дорихоналарида олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, “Плаквенил”, “Лопинавир/Ритонавир”, “Ремдесивир”, “Умифеновир” ҳамда “Фавипиравир” дорилари умуман сотувда мавжуд эмаслиги, мавжуд бўлган “Азитромицин” дориси ишлаб чиқарилган мамлакатига кўра нархида фарқланади. Мазкур дори воситаси 4 мингдан 38 мингча сотилмоқда. “Плаквенил”, “Лопинавир/Ритонавир”, “Ремдесивир”, “Умифеновир” ҳамда “Фавипиравир” дорилари вилоят ҳудудидаги дорихоналарга сўнгги уч ойдан бери сотувга олиб келинмаётганлиги аниқланди.

Республикамизнинг қолган ҳудудларида ҳам шунга ўхшаш жараён бўлиб, “Плаквенил”, “Лопинавир/Ритонавир”, “Ремдесивир”, “Умифеновир” ҳамда “Фавипиравир” дорилари сотувда мавжуд эмас. Сўнг­ги уч ойдан бери тарқатувчи корхоналар томонидан етказиб берилмаяпти.

“Азитромицин” дори воситаси Навоий вилоятининг дорихоналарида 4 мингдан 12 мингача сотилаётгани, айрим дорихоналарда умуман қолмагани кузатилди. Наманган вилояти ҳудудидаги дорихоналарда 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача, Сурхондарё вилоятида 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача, Сирдарё вилояти дорихоналарида 6 минг сўмдан 40 минг сўмгача, Фарғона вилоятининг дорихоналарида 4 мингдан 36 минггача, Хоразм вилоятида эса 4800 сўмдан 34000 сўмгача, Тошкент вилоятида 4500 сўмдан 40000 сўмгача, Тошкент шаҳрида 6 мингдан 35 мингга сотилаётганлиги аниқланди.

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги “Голден Азия Фарм” корхонасига қарашли дорихонада “Плаквенил” дориси 234 минг сўмдан сотилаётганлиги кузатилди. Унинг захираси ҳам 40 дона қутидан иборат.

Федерация томонидан жамоатчилик назорати тартибида сovid 19 инфекциясини уй шароитида даволаш учун зарурий дори воситалар нарх-навоси доимий ўрганиб борилади ҳамда бу борада кенг жамоатчилик хабардор қилинади.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

жамиятлари федерацияси Матбуот хизмати

(«Жамият» ижтимоий-сиёсий газетасининг bong.uz сайтидан олинди)