Ёлғиз қалб изтироблари

2020-07-25T12:58:27+05:0025 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Хуршид ака журналистикада, тадқиқотчиликда, шогирдларга меҳр улашиш бобида устозим бўлcа-да, яширмайман, дастлаб унинг бадиий асарларини қийналиб, қайта-қайта ўқиганим, баъзи жойларини тушунолмай ўқигим келмай қолган пайтларим ҳам кўп бўлган. Балки, болаликдан Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов каби ёзувчиларни ўқиб-улғайганим бунинг боисидир. Балким, торқарашларим сабабидандир…

Устознинг дастлабки китоби “Ҳовли этагидаги уй” номи билан 1989 йили дунё юзини кўрганида камина ТошДУ (ЎзМУ) журналистика факультетининг иккинчи курсида ўқирди. Хуршид ака ўша йиллари машҳур бўлиб кетган, адади 800 мингга етган “Ёш куч” журналида бўлим муҳаррири вазифасида ишлар, факультетга келиб талабалар билан учрашувлар ўтказиб, уч-тўрт қизиққанларни (улар орасида камина ҳам бор эди) таҳририятга етаклаган давр эди.

Хуллас, ўша китобнинг биттаси бизга тегди. Яна муаллифнинг дастхати билан денг. Университет ётоқхонасида яшардик, шу боис китобнинг қўлма-қўл ўтгани, ўқилаверганидан юмшоқ муқоваси ҳил-ҳил бўлиб кетгани кўз ўнгимда. Бир гал муқовасиз қайтгач (дастхат ҳам муқованинг ички томонида ёзилган эди) китобни бошқа ҳеч кимга бермаганим ҳам ёдимдан чиқмайди…

Албатта, ёзувчининг асарини уқиб ўқиш учун камида у мутолаа қилган китобларни ўзлаштириш, шу билан бирга муаллиф босиб ўтган йўллардан юриш (аслида бу имконсиз), ҳаётий фурсат, бошқача айтганда унга муносиб яшаш ҳам керак экан. Устозга бу йўлда етишиб юриш жуда мушкул.

Ёшим улғайган сари унинг бадиий асарларини сал-пал, лекин “ўзимча” тушуна бошладим. Бири-бирига ўхшамаган асарлар – тажрибалар. “Оромкурси” ҳикояси бир олам бўлса, “Жажман” тирикликнинг бошқа бир туганмас хулосаларини беради. Ёзувчининг “Паноҳ”, “Сўроқ”, “Соф ўзбекча қотиллик”, “Маҳзуна”, “Ибн Муғанний”, “Ёлғизим – Сиз”, “Кўз қорачиғидаги уй”, “Ҳиж­роним мингдир менинг”, “Куза…” қисса ва ҳикоялари, “Бозор” романи – алоҳида бир дунё…

“Донишманд Сизиф” романичи? Сизиф – жаннатдан қувилган одам! Сизифнинг харсанг тошни гоҳида чираниб, гоҳида ҳузурланиб, баъзан руҳланиб, баъзан тушкунликда… чўққига олиб чиқиш жараёни – бир банданинг ҳаёт моҳиятини англашга интилиши, ўз ҳақиқатларини излаши, гуноҳу савоблари, шукронаю тавба-тазарруси, покланишга ҳаракат, қувилган манзил – жаннатдан умид… Ёзувчининг ҳар бир китобхонни фикрлаб, чекига тушган тириклик роҳати ва машаққатини англаб яшашга даъвати…

Авваллари Х.Дўстмуҳаммаднинг ёзганларини тушунолмай озорланган бўлсам, энди озгина бўлса-да, тушуна бошлаганимдан азобланмоқдаман.

Айни фурсатда “Ёлғиз” билан ёлғиз қолган даврим (Хуршид Дўстмуҳаммад. Ёлғиз. Т.: MASHHUR-PRESS, 2019. – 192 б.). У Абдулла Қодирий ҳаётининг таҳликали кунлари ҳақида. Қисса 125 йиллиги арафасида аввал “Шарқ юлдузи” журналида, кейин алоҳида китоб ҳолида чоп этилиб, 2020 йил “Эҳтиром” мукофотининг “Йил адиби” номинациясида ғолибликни қўлга киритди, ҳатто, у асосида саҳна асари ҳам яратилдики, ҳануз бирор нарса қоралай олмадим…

Чунки “қамоқхона”да эдим, у зиндон қаъридан чиқишим қийин кечмоқда… Ўша ерда “Ёлғиз”нинг бош қаҳрамони – Абдулла Қодирий билан бирга яшаётирман, зиёли инсон, юртини жонидан ортиқ суядиган журналист ҳаётининг моҳиятини тафтиш қилмоқдаман, эзгу ғоялардан воз кечган(Акмалча ва ҳок.)ларга қаратилган аччиқ фикрлари учун мен ҳам ҳақоратланяпман, сафдошлари уни ёлғизлатганидан, сотганидан, ўзимнинг ҳам юраксизлигимдан азият чекаяпман, миллат озодлиги қайғусида муаммоларни очиқ айтгани сабаб таҳқирланяпман…

Китобни ўқимаганлар учун икки оғиз сўз. Хуршид Дўстмуҳаммад “Ёлғиз” қиссасини қамоқхона манзарасидан эмас, балки ундан-да мудҳиш залолат ботқоғи – жадидлар даврида англаб етилган масаланинг туб илдизи тасвирланган бозордаги саҳнадан бошлайди.

“- Отқа қоққан тақадек, сувдан чиққан бақадек, бир мирилик чақадек – маориф шўросига сало-о-ом!”

Кейин… “Кўрунган ер оқ салла, оқ бўлса ҳам бўш калла, оқу қора ҳам малла – Туркис­тон уламоларига сало-о-ом!”

Сўнг… “Масков бориб келибон, минглаб фойда қилибон, ҳафтада гап ейибон, томга карнай қўйибон; …халқ қайғусин емайин, мактаб очай демайин; …эллик-олтмиш қўй берган, саккиз кунлаб тўй берган Туркистон савдогарларига са­­­ло-о-ом!”

Охирида … “Амма-холаси ҳаводор, аҳ-ҳа-ҳу-ей, кучингда-ан-н!!!” (12-13 бетлар).

Улуғ Темур қурган салтанатни парчалаб, оёқ ости қилган, миллатни таназзул ботқоғига ботирган, ҳурлик учун курашиш хаёлига келмаган аъёнлар – мударрис, олимлар, савдо билан шуғулланадиган, шу билан бирга юртма-юрт кезиб дунё тамаддуни янгиликларини юртга ташийдиган пулдорларнинг тубан дунёқараши ва пуч нарсадан ҳаволаниб юрган бу “юқори табақа” оилаларининг аҳволи… Қодирий фелъетонларидаги беаёв масхаралаш усулига уйқаш оҳанглар…

Энди бу гапларни эшитиб, воқеани кузатган бозордаги одамларнинг руҳиятини кўрсатадиган фикрларга эътибор беринг:

“– Уҳ, қизиталоқ, гап бағда экан-да-а!”

“– Топиб айтди”.

“– Боплади! Ошиб-тошиб ётган дунёсига мактаб очиш эсига келармиди!”.

“– Унинг ўрнига бачавозлик қилади!..

– Давлатингга ўт тушсин!..

– Лутдан баттар қирилсин!..” (12-13 бетлар).

Бозор – ҳаётда учрайдиган халқ вакиллари, хусусан, аҳли дониш (“топиб айтди”), маърифатпарвар (“мактаб очиш эсига келармиди”) фикрлари, ниҳоят оддий одам (“давлатингга ўт тушсин”) ва энг аянч­лиси Қуръондаги оятлардан бохабар мусулмон банданинг қарғиши (“Лутдан баттар қирилсин”)…

Афсуски, эзилган халқнинг дуоибади ёзувчи тасвиридаги барча қатламни, ҳатто қарғиш соҳибларининг ўзини ҳам нав­батма-навбат қирғин қилди!.. Қиссанинг бадиий бўёқларда, таъбир жоиз бўлса кулгу воситасида акс этган даҳшатли киришидан олинган таассуротлар эди бу!

Аммо миллатнинг поймол бўлишини истамаган, курашган, бунинг учун бошини мус­тамлакачи кундасига қўя олган маърифатпарварлар оз бўлса-да, бор эди. 1918 йилда Қўқонда эълон қилинган Туркистон мухторияти иттифоқсизлик сабаб бостирилгач иштирокчиларнинг баъзилари қатл этилган, бошқалари қочқинликка юз тутган, бир гуруҳи чекка ҳудудларда босқинчига қарши курашаётган, бир қисми эса даҳрийлар қўл остида бўлса-да, Ватанда қолиб қаламлари билан озодликни орзулаётган тарихий фурсат ҳақидаги асар.

Юқорида таҳлил қилганимиз бозордаги воқеалар тасвири масжидда илиб қўйилган газета, матбуотнинг аҳамияти (“Бирдан-бир нажот матбуот­да, ягона халоскор – матбуот!” 18-бет), ундан “Муштум” журнали таҳририятидаги ижодий жараёнга кўчади. Большевиклар сиёсати авжга чиқа бошлаган, маҳаллий халқ зиё­лилари, айниқса, маърифатпарварлик ҳаракати вакилларига нисбатан тазйиқлар кучайган палла. Қодирийнинг “Йиғинди гаплар”и “Муштум” журналида чоп этилади.

Ҳаммаси шундан бошланади, дейиш ноўрин… Балки миллат онгидаги ҳурликка интилиш ҳиссини йўқотишга қаратилган Сталин бошлиқ большавойлар қаттол сиёсатининг собитлашуви ва уни ташувчи “итюрак”ларнинг (М.Булгаков) ўзгача фикрловчилар устидан ҳукмронликни бошлаган фурсати дейиш ўринлидир.

Абдулла Қодирий шеър, ҳикоя, пьеса машқ қилар, мақолалар ёзарди. Шунда у ҳажвий журналистикага берилди. Нега? Қиссада бунинг сабаби қаҳрамоннинг сўзларию амалларида изоҳланган.

Қодирий Мунаввар қорининг “Тараққий” газетасида ёзган фикрларини эслайди ва хаёлан хитоб қилади: “Хўп ёзган, топиб ёзган, англаб етармиканлар деган ниятда аччиқ, қиличнинг тиғидек ўткир ёзган – дунёға нима учун келгонини билдирмоқликни кўзламоқ зарур, билсин ахир, одамларимиз! Билсин, билсин, кўзи очилсин! Йўқ, яна бир карра, ўн карра йўқким, “…билмаслар, билмаганликларини ҳам билмаслар!” (29-бет).

Яна савол беради Қодирий: “Буюк падаримиз Беҳбудий ҳаё­тини, умрини, жисми жонини гумроҳлар боши узра машъала ўрнида ёқди – билдиларми?” (30-бет).

Фитратни, Чўлпонни эслайди, Таваллонинг маърифий шеърларига мурожаат қилади.

“Бошқа миллат қилди ғайрат, минди мақсад отиға,

Маҳрум ўлдук лоф уриб, чойхоналарда куну тун.

Офарин, домулло Тавалло, офарин! Аччиқроқ, чимдимроқ айтаверинг эмди ҳақ сўзни, Усто, аччиқроқ! Ғайрат уйи эмас чойхона, ғафлат уйи, уйқу уйи – ҳасратхона. Неча-неча эр йигитлар умри зое – чойхона! Чойхонага қурбон эл қалбида ўқимоққа муҳаббат уйғотмоқлик учун ҳам кўп, рост ва қизиқ ёзмоқлик шарт” (31-бет).

Бу фикрлардан кўринадики, оддий насиҳатомуз гаплар одамларга таъсир қилмай қўйган. Хуршид Дўстмуҳаммад буни турли ҳаётий саҳналарда, гурунглар воситасида кўрсатиб берган.

Маҳалладошлар аҳволи ҳақида чойхонадаги ҳолат тас­виридан бир чимдим: “…ўтганнинг ўроғини-кетганнинг кетмонини пайров қиладиган чапани йигитлар гап айтишга баҳона истагандай ангра­йиб-санграйиб ўтиришарди…”

Шунда кўчада кетаётган Қодирийга кўзлари тушади.

“– Ҳой, Абди, – деб чақирди гулдор қийиқли йигит Хизр бувани учратгандек севиниб. Бироқ у узун енгининг ичидаги беданаси чўчиб кетмасин деган хавотирда қўлини орқасига қайириб, бўш қўли билан имлаб чақирди, қарийб шивирлади: – Бу ёққа қара!”

Чапани йигитлар (бири беданавоз) аҳволотини кўринг. У узоқ ўлкада таҳсил олиб, эндигина қайтган Абдулладан сафар таассуротларини айтиб беришини талаб қилади. А.Қодирий:

“– … ўқиш мақсадини кўзлаб оқиб келаётган йигит-қизлар билан гурунг қилсангиз баҳридилингиз очилади. Ҳайрат ва ҳавасдан ёқа тутасиз!”

Энди берилган жавоб мағзидан изланган “мантиққа” диққат қилинг:

“– Нечта қиз билан гурунг­лашдинг? Беш-олтитасини етаклаб келмабсан-да Эшонгузарга!

– Воҳ-воҳ-воҳе-й-й!

– Оҳ-оҳ-оҳе-е-й-й!

– Жонимми қоқай-й, жонингда-а-а-н!

Сафар таассуротлари қолиб аския қизиди…”(65-бет)

Изоҳга ўрин йўқ, лекин савол бор. Қодирийларнинг маърифий суҳбатини ўзлаштиришга қурби етмайдиган, бунинг учун ҳаракат ҳам қилиб кўрмайдиган, истамайдиган, эринадиган, ҳар қандай муаммо таҳлили жараёнини енгил-елпи кўнгилхушликларга буриб юбориш билан “роҳатланадиган”, аслида ҳар қандай тугун ечимини кулгига олиб ўзининг товуқмиялигини тан олмайдиган “оми-оломон” тас­вирига эътибор бердингизми? Афсуски бундайлар ҳеч қачон йўқолмайди. Жадидларнинг ҳаракатию умиди уларнинг сонини камайтириш эканлиги асар қаҳрамони фикрларида мужассам.

Хуршид Дўстмуҳаммад қўни-қўшниларнинг Қодирийга муносабатини ёш қизчалар ҳаракати ва сўзларида беозор тасвирлаган бўладики, бунда уларнинг мустабид жамият шакллантирган тубан дунёқараши акс этган.

“Бир пайт дўланазор адоғидаги пастак гувалак девор оша икки-уч қизалоқ чеҳралари лип-лип ўта бошлади. Ўша тарафдан дугоналарнинг эҳтиёткорона қиқирлагани чалинди қулоққа. Бироқ бу шарпалару қиқирлашлар тақир ер устидаги кўрпачада чордона қуриб ўтирган ёзувчининг фикрини чалғитолмади. Ваҳоланки, гувалак девор оша ўғринча уни кузатаётган қора кўз қизлар ўзлари билганларича қўшни Жулқунбойни ғийбат қилаётган эдилар.

– Хат битвотти! – шивирлади қизлардан бири.

– Нималарни битвотганикин, тавба-а-а! – Ҳаяжондан энтикиб илова қилди бошқаси. – Хадич, қўшнингни феъли санга маълумдир ахир? Айт, билсанг!

Дугоналарнинг учинчиси – Хадича узоқ ўйламай “аниқ-тиниқ” ойдинлик киритди:

– Ёмон одам бўлса керакки, тинмай ёзади!..

– Астағфуриллоҳ, ўзинг асра бундай одамлардан! Яхшиям, ёзишни билмайман!..

– Ўзингга шукр, ман ҳарф ҳам танимайман…”(44-бет).

Фикрлашдан маҳрумлик. Билимсизликдан шукроналик – миллатнинг бўлғуси оналари, демакким, келажак болаларининг ақлий мажруҳлиги, яъниким, фожеа асоси…

Асарда бу тахлит “шукроналик”ни халққа ўргатадиган Исоқ домла образини ҳам Хуршид Дўстмуҳаммад маҳорат билан бера олган. Унинг фик­рига қулоқ тутинг.

“– Улдурким, ман санга айт­сам, ёзғувчилик – асли шайтони лаъинни касми!”

Маҳалла “чапанилари”, домла, қиз-жувонлар аҳволи ойдинлашмоқда. Бундан кўриниб турибдики, асар қаҳрамони ўз маҳалласида ЁЛҒИЗ эди…

Бобоси Абдулла тараф бўлса-да, унинг ҳам ўз ҳақиқати бор – “Ҳақ гап мағзи бами­соли аччиқ бодом, уни қадрига етган одамни ўзи қадр топмайди, болам. Ҳаёт азал ­шундай…”(41-бет).

Ўзи ишлайдиган таҳририятдачи? Унда нега уни сафдош­лари ёлғизлатди? Бугунгача ҳукм сураётган ғалати ҳолат. Дўсти Ғози Юнусдан хафа бўлиб шундай ўй суради Қодирий:

“Кулгини камайтир, ғазабингни жиловла – жиддий оҳангда ёз мақолани, деб ақл сўқигани-сўқиган Ғози. Вой, ақлингдан сани, Ғози! Вой, дўстим, деган тилингга жонимни қоқай! Кулгини, таъна-ўпкани тўкмасанг кимга керак бундай мақоланг?! Меҳрингни бер, диққат ила ўқи, оғайни, маним мақолаларим – маним дардларим ахир! Ёзар сиёҳим – дардларим, шу боисдан ҳам заҳар у, заҳар. Бўлак сиёҳдан қўлимга қалам тутмайман, Ғозивой жўра! …Сен билан қачонгача сўқишамиз, Ғози? Сендек қалами пухта-сўзи ўткир биродарим билан тил топишолмасам, ким қолади ёнимда, ким?!”

Демак, Қодирий ишхонасида, ижод майдонида ҳам ЁЛҒИЗ эди…

Шундай бўлса-да, азият чеккан, ноҳақликка учраган одамлар Жулқунбойни излаб таҳририятга келардиларки, бу ҳажвнинг ўрни жабрдийда жамоатчилик учун нақадар аҳамиятли эканлигини англатади. Жамиятнинг ЁЛҒИЗ малҳами…

Аччиқ гаплар оддий одамларга ёқади, лекин Наполеондай қаттол император ҳам журналистларни “кўча санитарлари” деб, уларнинг зарурлигини тан олган бўлса-да, аксарият ҳукмдорларга уларнинг кинояю кесатиқлари, танқидлари ёқмайди.

“…Абдулла Қодирий “Овсар” тахаллуси остида ёзган “Йиғинди гаплар” мақоласини ўқир эканман мақола мазмунига кўра унинг йўналиши Ўзбекистон ҳукуматининг масъул раҳбарларини обрўсизлантиришга қаратилган, шунингдек, Ўзбекистон компартияси ва совҳукумати томонидан ўтказилган ғоятда муҳим тадбирлар устидан кулган ва уларни танқид остига олганким, мақола очиқдан-очиқ аксилинқилобий мақсадда тайёрланган ҳамда у журналда босиш орқали кенг оммага тарқатилганким, ул эгаллаб турган вазифасига кўра муҳаррир ўринбосари бўлиб хизмат вазифасидан фойдаланган ва уни суиистеъмол қилган ҳолда муҳаррирнинг қатъиян тақиқлаганига қарамай мақолани навбатдаги сонда эълон қилдирган…”

Большавой зобит Агидулин томонидан жиноят иши қўзғатиш учун ёзилган асосномадан парча бу. Қиссада журналист устидан иш очиш жўнлиги, мантиқсизлиги ҳужжатлар асосида очиб берилган.

Бўпти, озодлигимиз душманлари малайлари – Агидулинларнинг МАҚСАДИ аниқ – берилган топшириқни ҳар не қилиб бўлса-да, БАЖАРИШ – ОБРЎ ОЛИШ. Кимни эзиб, янчаяпсан, фарқи йўқ… Асарда “Бўғма” образида берилган жиноятчига-да фарқи бор, лекин улар учун аҳамиятсиз…

Бугунчи? Бугун озодмизку! Раҳбарлардан бирининг саксон ёшни қаршилаган “ғирт газетчи” устидан фуқаролик судига, яъни фуқаро сифатида қилган мурожаати матнидаги қуйидаги кўчирмага эътибор қаратинг: “…мақоланинг чоп этилиши айни пайтда мамлакатимизда олиб борилаётган мажбурий обунага қарши кураш, шу билан биргаликда Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатига қарши нуқтаи назарни ифодаловчи мақола бўлди. …амалга оширилаётган ислоҳатларга нотўғри муносабат шаклланишига олиб келди”(“ХХ1 аср” газетаси). Судга берилган мақола матбуотнинг аҳамияти ҳақида эди. Хуршид Дўстмуҳаммад асари қаҳрамони – Абдулла Қодирий миллат равнақи, ҳурлиги учун “…ягона халос­кор – матбуот”, деб турибди. Агидулин ёзган айбнома билан ҳуррият даврида уюштирилган айбноманинг ўхшашлигини тан олинг… Иккала публицистик асар ҳам жамият равнақи учун ёзилган, иккаласи ҳам муносиб иш қилмаётган мутасаддиларга қаратилган аччиқ сўзлар. Лекин хулоса чиқариш, аҳволни яхшилаш ўрнига улардан халқ ва давлат душмани ясалмоқда.

Демак, Агидулинлар ҳеч қачон йўқолмас экан-да, деган афсус юракка ғашлик солади…

Хуршид Дўстмуҳаммад “Ёлғиз”да “Ўткан кунлар”даги образлар, жумладан, Юсуфбек ҳожи, Отабек, Кумуш, Ҳомидлардан маҳорат билан фойдаланган. Айниқса, муҳаб­бат ёшидаги китобхонларни Юсуфбек ҳожи образига чорлаши жуда муҳим, жуда мароқли.

“Абдулла ич-ичидан пўртанадек отилиб чиққан соғинч эпкинидан қалқиб тушди. Гарчи рўмоннинг бош қаҳрамонлари Отабек ва Кумушбиби эсалар-да, Юсуфбек ҳожига эътимоди ўзгача, унга бағишланган саҳифаларни такрор-батакрор мутолаа қилишдан чарчамас, зерикмасди ҳам. “Ўткан кунлар”га хаёл қочган лаҳзада кўз ўнгида биринчи навбатда Юсуфбек ҳожи гавдаланар, қай воқеага қалам урмасин, ҳар бир сўзи, жумласи, тасвири бичимини ясашда, албатта, мўлжални Юсуфбек ҳожининг назар-нигоҳидан келиб чиққан ҳолда олишга ҳаракат қиларди. Гўё рўмонни Юсуфбек ҳожи учун ёзгандек, Юсуфбек ҳожининг андишаси учун яратгандек, андек сакталикка йўл қўйса, авваламбор, Юсуфбек ҳожининг олдида хижолатли ҳолатга тушадигандек, бу файзиёб ва шукуҳли сиймога бағишланган тасвирлар ёд бўлиб кетганди”(69-бет).

Х.Дўстмуҳаммад ўз асарида Юсуфбек ҳожи образига мурожаат қилар экан юртини ҳур ва адолатли кўришни истаган миллат донишманди сифатида кенгроқ тасвирлайди. Бугунги ўқувчига Абдулла Қодирий қаттол сиёсат сабаб очиқ ёритолмаган, лекин “Ўткан кунлар” мағзига сингдирган, ҳар киши ҳам илғаши қийин бўлган синоатларни очиқлайди.

Худди шу ўринда Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг “Абдулла Қодирий типик жадид эди… Асарларининг мавзулари, идеяларигина эмас, балки уларнинг формал тузилишлари, бадиий хусусиятлари, даражалари ҳам жадид адабиётининг типик намуналарини ташкил этади”, деб уни бежизга танқид қилмаганини хотирлагимиз келди.

Жадидлар ғояси нима эди, деган саволга жавобни такрорлашдан чарчамаймиз – ОЗОДЛИК эди!..

Шу боис Абдулла Қодирийнинг бандиликда “Оми-­оломон ҳаётига янгилик шабадасини олиб кирувчи яккаю ягона куч – матбуот”, деб ўйлаганини эътироф этсак-да, “Абдулла етти ухлаб тушига кирмаганди мана шундай аҳволда қолиши, бор-йўғи матбуотга гап ёзғувчи мухбир-мусанниф бўлса, нимаики ёзса янги жамиятнинг корига яраш, ёмонни камайтириш – яхшини кўпайтириш дардида ёзди…” деган ёзувчи изоҳига бироз бош­қачароқ қарагимиз келди.

Қисса қаҳрамони, Ойбек айт­моқчи, жадидлар ғояси билан тарбия топган Абдулла Қодирийнинг “Йиғинди гаплар”и фақат 1926 йил воқеалари муносабати билан эмас, балки билимсизлик, иттифоқсизлик, сотқинлик сабаб асралмаган озодлик қайғуси, адолатсизлик сабаб “мажақлаб” ташлаган Туркистон мухторияти қонга ботирилганининг саккиз йиллигига бағишланган ва албатта, қалбида йиғилиб қолган дарду аламлар эди.

Очлик эълон қилган Қодирийнинг аҳволини кўрган турма шифокорининг “Шундай рўмон ёзган одамни аянч аҳволга солишибди, инсофсизлар! Уч қайта ўқидим, яна ўқийман! Кумуш нега ўлди, ука? Нега?! Юраклар дош беролмади, ука. Эркак бошимга йиғладим, жон, ука!..” (122-бет) деган дилни эзар сўзлари ёки Қодирийнинг ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча онасига “Кумуш ўлди, бибижон! Кумушбиби ўлиб қолди!..”(123-бет) деб айт­ган гаплари қатидаги ҳаяжонли уч нуқта билан берилган моҳият.

Кумушбиби – ҳуррият мус­табидлар томонидан ўлдирилган эди… Ким қанча йиғламасин у ғаним заҳридан ҳалок бўлган эди.

Хуршид Дўстмуҳаммад Туркистоннинг ана шу аламли тарихида большевиклар сиёсатига қўнишолмай юрган юрт зиёлилари тимсолини, жадид­лар ботинидаги жасоратни, шижоатни, қолаверса, тушкунликни Қодирий образида ишонарли, таъсирли тасвирлаган.

“Ёлғиз” – ҳурлик йўлида бошни кундага қўйиб бўлса-да, тўғри сўз айтган бобо(лари)миз тақдири!..

“Ёлғиз” – шу пайтгача ҳақиқатни ёзиб, оқибатда таҳқирланганлар қисмати!..

“Ёлғиз” – салтанат соҳибларининг келгусида танқидга тўғри муносабатда бўлишга интилиши зарурлиги хусусида ўтинч!..

“Ёлғиз” – ҳақ сўзни айтган инсонни жамият қўллаб-қувватлаши зарурлиги ҳақида чорлов!..

“Ёлғиз” – айтилганлар кў­йида азобланаётган ёлғиз қалб изтироблари…

Китобни ўқиган ҳар бир зиё­ли бундай эътирофлар қаторига ўз ҳақиқатларини қўшиши, шубҳасиздир!

Ҳалим САЙИД

(«Жамият» ижтимоий-сиёсий газетасининг bong.uz сайтидан олинди)