«Васваса тождор вирусдан ҳам хавфли ёв»

2020-07-24T14:32:47+05:0024 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Таҳлилларга қараганда, бугун юртимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг мавжуд қувватлари аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ҳамда тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжининг 27 фоизини қоплайди. Қолган дори ва тиббиёт воситалари мамлакатимизга хориждан импорт асосида олиб кирилади.

«Янги Ўзбекистон» газетасида эълон қилинган «Ноқонуний фаолият устидан доимий назорат йўлга қўйилди» сарлавҳали мақола ана шундай таҳлиллар билан бошланган. Материал муаллифи Лутфулла Сувоновнинг таъкидлашича, айни пайтда дорихоналарда сотилаётган дори­-дармонлар захираси ва нархлари тегишли ташкилотлар томонидан қатъий назорат қилинмоқда. Хусусан, касалланиш ҳолатлари ортиб бораётган Тошкент шаҳрида ҳам айни йўналишда бир қатор зарур чора­-тадбирлар амалга оширилмоқда.Шу кунларда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари пойтахтимиздаги мавжуд 1 562 та дорихонада бўлиб, дорилар нархи асоссиз ошишига йўл қўймаслик учун тушунтириш­-тарғибот тадбирларини ўтказмоқда…

…Тан олиб айтиш лозимки, бугун юртимизда СOVID-19 хасталиги туфайли ўрнатилган тартиб-қоидаларга ҳамма ҳам бирдек риоя қилмаяпти. Аксарият фуқароларимиз ҳар қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, коронавирус балосининг ҳақиқий кўлами, унинг аянчли оқибатларини чуқур ҳис этаётгани йўқ. Баъзилар эса карантин қоидаларига беписанд муносабатда бўлмоқда.

«Халқ сўзи» газетасида чоп этилган «Огоҳ ва бирдам бўлсак, кўринмас «ёв» даф бўлади» номли материал айни шу мавзу таҳлилига бағишланган. Мақолада қайд этилишича, бундай одамлар назарида хасталик уларга мутлақо бегона, ўзи ҳамда яқинлари эса коронавирус балосидан бутунлай ҳимоялангандек гўё. Бироқ кўрмоқдамизки, айни шундай фикрда бўлган ва коронавирус хавфини чуқур англаб етмаган қанчадан-қанча инсонлар шифохоналарда ушбу касалликни енгиш учун курашмоқда, яна қанча беморлар эса хасталик қаршисида ожиз қолиб, дунёдан кўз юмаётир. Шу боис бугун кўпга келган бу балога қарши мустаҳкам тура олиш, унинг оқибатларидан ҳимояланиш учун ҳар биримиз, аввало, ўзимизни ислоҳ қилишимиз лозим. Бунинг учун коронавирус хавф-хатарини тўғри баҳолаб, ҳаёт тарзимизни буткул ўзгартиришимиз, энг асосийси, ИНСОН деган юксак номга муносиб бўлмоғимиз зарур…

… Болалигимизда машҳур мултфильмнинг қаҳрамони «Алвастижон, ҳой Алвасти, анави Иванушка-чи, сендан қўрқмас экан», деса, Алвасти «Хўш, қўрқмаса нима қилибди», деб сўрарди. «Қўрқмагани, сени ҳурмат қилмагани,» дерди қаҳрамон. Ёки болани ухлатишдаги анъанавий усуллардан бирини эслаб кўринг: «Ана, олабўжи келди, кўзингни юм тез» каби қўрқитишга асосланган ҳолатлар бугунги кундаги вазиятни англатмаяптими сизга? Тождор вирус ҳақидаги ахборотларнинг ҳаддан зиёд кўплиги ва улардаги бир-биридан қўрқинчли хабарларнинг тафсилотлари, ёнимиздаги баъзи бир руҳияти нимжонроқ ва ҳиссиётларга берилувчан каттаю кичикни ваҳима домига тортиб кетмаяптими?

«Аdolat» газетасида босилган «Васваса тождор вирусдан ҳам хавфли ёв» сарлавҳали мақолада айни шу саволлар жавобини топасиз. Журналист Зарафшон Қаландарова мавзуни таҳлил қилар экан, сохта хабарлар тарқатиб, одамларни васвасага тушираётганларни қоралайди. «Икки-уч кун аввал элга маълуму машҳур Ўзбекистон халқ артистининг тождор вирусдан вафот этгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни ларзага солди, – деб ёзади муаллиф.– Орадан бир неча соат ўтиб актрисанинг қизи ушбу маълумотни инкор қилиб, онасининг соғлиги кундан-кунга яхшиланиб бораётганини маълум қилди. Кўпчилигимиз «Худога шукур, опа саломат экан», деб енгил тин олдик. Куни кеча яна бир Ўзбекистон халқ артистининг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида шов-шувли хабар тарқалди. Шукрки, бу гал актриса опанинг ўзи чиқиб, хабар ёлғонлиги ҳақида баёнот берди. Яна енгил тин олдик…»

… Бугун ҳаётимизда ўта хавфли иллат саналмиш коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Албатта, бу борадa ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан олиб борилаётган ишларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Аммо ишонч билдирган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимининг ўзи коррупцияга оид жиноятга қўл урса-чи?

«Куч – адолатда» газетасида берилган «Нафсига алданган ходим…» сарлавҳали очеркда айни шу жиноят тафсилотини ўқийсиз. Материалда ёзилишича, Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта тезкор вакили ҳам жиноятга муросасиз бўлиш ўрнига вазиятдан «унумли» фойдаланиб қолишга уринди. Яъни шахсий манфаатини ўйлаб, жиноятчини пора беришга ундади. Гап шундаки, 2020 йил 19 апрель куни Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан «Орият» тадбири ўтказилади. Мазкур тадбирда шаҳарнинг Янги аср кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи, муқаддам одам савдоси жинояти учун судланган ва жазо муддатини ўтаётган Шоира Файзиматова ўз уйида қўшмачилик қилаётгани аниқланади. Шу боис, айни ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга юборилади. Натижада Ш.Файзиматовага нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилади…

«O‘zbekiston bunyodkori» газетасида эълон қилинган «Фойдали лойиҳалар амалга ошмоқда» сарлавҳали материлда «Қўқон» ЭИЗ ҳудудида солиқ ва божхона тўловлари учун чегирмалар мавжудлиги хусусида сўз боради. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида имтиёзлар тадбиркорларга 3 йилдан 10 йил муддатга, яъни киритиладиган инвестициялар ҳажмига қараб белгиланади ва унда тадбиркорлар ер, мулк ҳамда даромад солиғидан озод қилинади. 10 миллион ва ундан кўп

АҚШ доллари ҳажмидаги инвестициялар учун солиқ имтиёзлари – кейинги 5 йилда амалдаги ставкалардан 50 фоиз кам ҳажмдаги фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ставкалари қўлланган ҳолда 10 йил муддатга берилиши кўзда тутилган…

* * *

ЎзА