“ВАТАНПАРВАР” ГАЗЕТАСИДАН ИННОВАЦИЯ: энди мақолаларнинг аудио шаклини тинглаш мумкин!

2020-07-24T14:26:13+05:0024 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Азонда эълон қилинган янгилик қуёш қорайгунча аҳамиятини йўқотадиган даврда яшаяпмиз. Бундай паллада ахборот етказиб берувчилар – оммавий ахборот воситалари ходимларига қанчалик қийин эканлигини яхши биласиз. Айниқса, бу матбуот йўналишида меҳнат қилаётган журналистлар учун яхшигина бошқотирма.

Телевидение, радио ва интернет матбуотга нисбатан кўпроқ имкониятларга эга. Зангори экраннинг ҳам сўз, ҳам тасвир, ҳам ҳаракат эвазига ўз аудиторияси бор, радиода бу имконият овоз билан чегараланган. Интернет эса мазкур имкониятларнинг барчасини ўзида мужассам эта олди. Матбуотни энди биласиз: афсуски, матн ва чекланган суратлардан бошқа ахборот бериш хусусияти йўқ.

Сўнгги пайтларда жуда кўп муҳокама қилинди: матбуот яшаб қоладими? Албатта, талаб ва таклифга мослашган, замонавий телекоммуникация имкониятларидан самарали фойдаланган матбуот оммавий ахборот воситаларининг бошқа турлари қаторида яшаб қолади.

Мудофаа вазирлигининг расмий нашри бўлмиш «Ватанпарвар» газетаси мана шу йўлда собитқадам бўляпти. Ахборотнинг мазмуни, шаклидан кўра унинг тақдим этилиш услуби бирламчи касб этаётган бугунги кунда жамоа инновацион янгиликка қўл урди. Саҳифалардан ўрин олган мақолаларни ўқиш учун сизда ҳафсала топилмаяптими? Ҳечқиси йўқ, биз сизга унинг аудио шаклини тақдим этамиз. Бунинг учун мақола ёнидаги QR-кодни интернет тармоғига уланган телефон орқали сканер қилсангиз бас. Мусиқий сайқал берилган аудио мақола сизга мутолаа завқидан кам бўлмаган кайфият улаша олади.

Бунинг афзаллиги нимада? Газета ўқиш ва кўришда нуқсони бўлган кишиларга ёрдамчилар томонидан QR-код сканер қилиб берилса бўлди, қуруқ матн эмас, балки ҳақиқий бадиий асарга тенглаштирилган аудио публицистикадан баҳраманд бўлишлари мумкин.

Бу ўқувчини эринчоқ қилиб қўймайдими, деган савол туғилиши табиий. Йўқ, ахборот истеъмолчисининг таклифи ҳамиша биринчи ўринда. Унга мослашиб бориш – замон талаби. Қолаверса, газета ўқиш асносида унинг аудио шаклини тинглаш кишига ўзгача кайфият беради.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, режалар бисёр. Келгусида газета мутолаа қилиб ўтирган киши нафақат мақолани тинглаши, балки уни томоша қилиши ҳам мумкин бўлади. QR-кодни сканер қилиш орқали қизиқарли ўқув машғулотлари акс этган лавҳаларни тақдим этиш устида ҳам бош қотирилмоқда.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar» газетаси мухбири

ЎзА