Бахт дарси ёки Ҳиндистон таълим тизимига назар

2020-07-23T05:55:21+05:0023 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Замонавий Ҳиндистон тилга олинганда унинг улкан ҳудуди, кўп аҳолиси ҳамда тез тараққий этаётган иқтисоди кўз олдимизга келади. Ҳиндистоннинг бугунги ривожланиш кўрсаткичи йилига 9 фоизни ташкил этяпти. Бу катта рақам. Унга эришиш ва шу тезликда тутиб туришнинг ўзи бўлмайди. Бунда, албатта, кўплаб омиллар сингари таълим тизимининг ҳам ўрни беқиёс.

Бугун дунёнинг кўпгина етакчи компанияларида Ҳиндистон таълим тизимидан етишиб чиққан мутахассислар ишлайди. Ҳиндистонда ўқиш учун келаётган хорижлик талабалар сони йилдан йилга ошиб боряпти. Бу эса мамлакат таълим тизими мустаҳкам мавқе ва сифат кўрсаткичига эгалигидан далолат.

Мамлакатда 300 мингдан ортиқ мактаб мавжуд. Улардан 177 мингтасида фақат қизлар ўқийди. Бу ерда 17 000 дан зиёд коллеж,
20 та марказий университет ва юзлаб умуммиллий аҳамиятга эга институтлар фаолият кўрсатади. Яқин келажакда бу рақамлар қаторига яна 30 та Марказий университет, 8 та Ахборот технологиялари институти, 7 та Менежмент институти ва 5 та Ҳиндистон илмий институти қўшилади.

Қадим Ҳиндистонда таълимнинг “Гурукул” тизими амалда бўлган. Бунда ўқувчи устозининг уйида яшаб, таълим олган. Улар бу йўл билан нафақат билим олган, балки устоз оиласидан одоб-ахлоқ меъёрларини ҳам ўрганишган. Афсуски, бу турдаги таълимдан фақат юқори табақа вакилларининг фарзандлари фойдаланган. Аёлларга эса илм олишнинг имконияти бўлмаган. Таълимнинг барча учун бирдек заруратга айланиши Англия мустамлакачилиги даврида рўёбга чиқди.

Инглизлар Ҳиндистон озодлигининг бой берилиб, мамлакат иқтисодининг яксон қилинишида бош айбдор саналса-да, лекин замонавий таълим ва янги сиёсий-иқтисодий тизимни олиб келишлари билан бу ўлка келажаги учун катта хизмат қилгандилар. Ҳиндистоннинг бугунги муваффақиятларида айни ўша мустамлакачи халқ ўрнатиб кетган тизим ҳам катта аҳамиятга эга эканлигини эътироф этмасдан иложимиз йўқ.

Ҳиндистонда таълим тизими бошланғич, ўрта, юқори ва олий таълимдан иборат. Бошланғич таълим саккиз йил. Сўнг ҳар бири икки йилдан бўлган ўрта ва юқори таълим босқичларига ўтилади. Умумий мактаб таълими 12 йил давом этади. Мактаб ўқуви тугагач, олий таълим бошланади. Бакалавриат одатда уч йил бўлиб, айрим йўналишларда у беш йилгача давом этади. Магистратура эса икки йилдан иборат, аммо бунда ҳам айрим соҳаларда ўқиш уч йилгача чўзилади.

Ҳиндистон мактабларида фанлар ўқувчилар ёшига қараб қўйилади. Масалан, 4-6 ёшдаги болалар учун машғулотлар “ўқи” ва “ўйна” деган талаб остида ўтказилса, 6-9 ёшдагилар учун Ҳинд тилига кириш, Ҳиндча суҳбат, Bollywod рақслари, тасвирий санъат, ёга, вокал мусиқаси, қайиқда сузиш каби машғулотлар асосий ҳисобланади. Ўқувчилар мусиқа дарслари орқали ватаннинг бой қадимий тарихи ҳамда урф-одатлари ҳақида билимларга эга бўлишади.

Мактабларда болаларнинг мустақил фикрлаши, яхши баҳо олиши асосий вазифадир. Ҳинд тилида ёза олиш саводлилик даражасининг бир томони бўлса, нимани ёзиш ва англаш унинг иккинчи томонидир. Ўқитувчилар фан бўйича бирон бир мавзу бермайди. Мавзуларни кўрсатади холос. Яъни, дарс мавзуси табиат ҳақида бўлса, ўқувчиларни боғга олиб бориб, муҳит билан таништиради.Сўнг кўрган нарсасини ёзиш топшириғи берилади. Ўқувчилар эса кузатувлари асосида иншо ёзадилар. Бу уларда мустақил фикрлаш ҳамда ўз устида ишлаш кўникмаларини ривожланишига туртки бўлади.

Маълумотларга кўра, Ҳиндистон ўсмирларининг тўртдан бир қисми 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган даврда кучли руҳий тушкунликни бошдан кечиради. Шунинг учун мамлакатда бошқа дунё мактабларида учрамайдиган қизиқ бир ҳолат яъни, бахт дарсининг фан сифатида ўқитилиши йўлга қўйилган.

Дарс қоидасига кўра, ўқувчилар ёшига қараб гуруҳларга бўлинади. Уларнинг мавзуни қанчалик ўзлаштиргани баҳоланмайди, чунки бу фанда тест ва уй вазифалари йўқ. Дарснинг мақсади — болаларнинг онгини, ҳушёрлигини ошириш, салбий фикрлардан йироқ бўлишга ёрдам бериш, муомалани ўргатиш, тушкун ҳолатларни бартараф этишдан иборат. Талабаларга эса ҳар қандай вазиятда ўзини қўлга ола билиш, турли ҳолатларда тезкор қарор қабул қилиш ва ботинидаги қувватни ишга солиш ўргатилади.

Дарс ёшларда ўз қадрини ҳис қилишни, фикрини тиниқ ифода этишни ва руҳий тарбияни шакллантиради. “Бахт дарси”нинг самарадорлиги ҳамиша Деҳли ҳукумати қошида ташкил этилган 200 нафар ўқитувчидан иборат комиссия томонидан кузатиб борилади.

Ҳиндистонда ўқитувчилар дарс бошланишидан аввал синфдаги барча ўқувчилар билан суратга тушишади. Мамлакат таълим вазирлиги томонидан болаларнинг дарсга қатнашишини назоратга олиш мақсадида шундай чора қўлланилган. Олинган сурат ўқувчи ҳақиқатан ҳам дарсда бўлганини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, мамлакатда “мактаб селфиси” учун махсус илова ҳам ишлаб чиқилган.

Гарчи Ҳиндистон таълим тизими жадал ривожланиб, малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторидан жой олиб бораётган бўлса-да, лекин ўлканинг умумий саводхонлик даражаси паст. Аёллар саводсизлиги бундан ҳам ёмон аҳволда. Қишлоқ ва шаҳар аҳолиси ўртасида ҳам саводлилик борасидаги фарқ катта. Қишлоқ болаларининг ярми бешинчи синфдан сўнг мактабни ташлайди. Бунинг сабаблари ҳар хил: баъзиларда ўқишга қизиқиш йўқ. Айримлар оиласига ёрдам бериш учун ишлашга мажбур. Бой хонадонлар қизларни дастёрликка олгани учун ҳам камбағал оиладаги қизлар ўқишни жуда эрта йиғиштириб қўяди. Шунинг учун аёллар орасида саводсизлик юқори. Қишлоқ жойлардаги саводсизликнинг яна бир сабаби, ўқитувчилар билим даражасининг пастлигидир. Чунки малакали ва билимли ўқитувчилар қишлоқ жойда дарс беришни истамайди. Ҳиндистон мактабларининг 19 фоизида эса барча фанлардан фақат битта ўқитувчи дарс беради. Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун ҳукумат доимий равишда махсус дастурлар ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этмоқда.

Ислом Асилбеков,

ЎзЖОКУ талабаси

(Мақола “Ҳуррият” газетасининг 2020 йил 22 июль 24-сонидан олинди)